Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

 

УМАРАЛИ НОРМАТОВ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТАФАККУР ЁҒДУСИ

(Адабий-танқидий эсселар)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент

«Янги аср авлоди»

2005


 

Масъул муҳаррир:

 

Баҳодир Каримов,

филология фанлари доктори

 

Тақризчилар:

Наим Каримов, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор.

Ҳамидулла Болтабоев, филология фанлари доктори, професор.

 

 

 

 

 

Адабиётшунос–мунаққид Умарали Норматовнинг ушбу китоби сўнгги пайтларда, аниқроғи 2004 йилда яратган адабий-танқидий мақолаларидан ташкил топган. Муаллиф ХХ аср миллий адабиётимиз дарғалари - Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия ҳаёти, ижодининг айрим жиҳатлари, бугунги адабий жараённинг долзарб амалий ва назарий муаммолари устида қизғин баҳс-мунозаралар олиб боради; эссе жанрининг имкониятларидан келиб чиқиб ҳам илмий, ҳам бадиий

талқин усулларига таянган ҳолда эркин ўй-мушоҳадалар юритади. Адабий ҳодисаларга ўзгача нигоҳ, ўзини, тафаккурни бетиним янгилашга иштиёқ - мазкур китобнинг бош пафоси ана шундан иборат. Китобни ўқиб, ундаги тафаккур жилолари билан танишгач, азиз китобхон, ўзингиз бунга ишонч ҳосил қиласиз.

 

 

 

 

 

 

 

 

 


 

ЯНГИЛАНИШ АНЪАНАСИ

(Сўз боши ўрнида)

        

2003 йилдан бошлаб Миллий университет магистратураси ўқув режасига «Илмий ижодиёт методологияси» курси киритилди. Бу курсининг адабиётшуносликка мослаштирилган дастурини тайёрлаш ва уни ўтиш менга топширилди. Интернет орқали мазкур курсга оид хорижий мамлакатлардаги материаллар билан танишиб чиқиб шунга амин бўлдимки, бу соҳанинг табиий фанларга оид йўналиши бениҳоя илгарилаб кетган, мустақил ижодий тафаккур учун кенг йўл очиб берилган экан. Ижтимоий-гуманитар, жумладан, фаласафа, адабиётшунослик соҳасида ҳам муайян силжишлар бор. Нитшедан тортиб Фрейд, Юнг, Вебер, Поппер, Кун, Сартр, Камю, Гассет, Хайдеггер, Гадамер, Хабермас, Пригожин, Хакенга қадар ХХ аср мутафаккирларининг жамиятни, инсонни, санъатни янгича англашга қаратилган таълимотлари жаҳон бадиий тафаккури ва амалиётига кучли таъсир кўрсатди. Инсоният тарихи бир аср давомида санъат, адабиёт ривожида ҳеч қачон бу қадар тезкор ўзгаришлар, янгиланишлар, ғоят хилма-хил оқимлар гувоҳи бўлган эмас. Шоир Фахриёр ибораси билан айтганда, бизнинг замонамизга келиб янгиланиш анъана тусини олди. ХХ аср янги адабиёти ва санъати шахс ҳаёти, феъл-атвори, руҳиятини фавқулодда, кутилмаган томонлардан бадиий кашф этиш бобида ғаройиб кашфиётлар қилди. Бу тажриба янги асрда ҳам давом этаётир. Биргина мисол: 2004 йил аввалида экранларга чиққан, қизғин баҳсларга асос бўлган америка киночиларининг «Исо Масиҳ изтироблари» фильмида «Жазо колониясида», «Жараён», «Улисс», «Чол ва денгиз» каби ўтган асрнинг буюк бадиий кашфиётлари тажрибаси янгича кўринишда фавқулодда бир тарзда намоён бўлди.

         Миллий адабиётимиз узоқ йиллик мустабид тузум, яккаҳоким мафкура кишанларидан халос бўлгач, тараққийпарвар жаҳон адабий-бадиий жараёнига тезкорлик билан қўшила бошлади. Очиғи, бошда бир оз тақлидчилик ҳоллари ҳам содир бўлди. Бироқ тез орада адибларимиз ўз йўлларини топиб ола бошлади. Янгиланиш фақат модерн шоир ва носирларга дахлдор эмас; турли йўналишлардаги чин истеъдодлар ижодига назар ташланг – барчасида ҳам мазмун, ҳам шакл бобида жиддий янгиланишни кўрасиз. Аксинча, модернчи шоирларимиз бисотида миллий замин, исломий қадриятлар, фольклор ва мумтоз адабиётимиз билан туташадиган робиталар бисёр. Айниқса Ф.Афрўз, З.Мирзаева, Х.Рустамова, Гўзал Бегим каби шоираларимиз изланишлари кўзларни, дилларни қувонтиради. Насрда ҳам шу ҳол. Айрим ҳамкасбларимиз назарида анъанавий кўринган Ў.Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Т.Муроднинг «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романларидаги янгиланиш соф модернча битилган насрий асарларникидан қолишмайди. Анъанавийликка мойил адибимиз Э.Аъзам «Шоирнинг тўйи» отлиқ янгича услубда ажойиб қисса яратди.

         Афсуски, адабий танқид ҳозирги адабий жараёндаги мана  шу ниҳоятда муҳим тамойилларни тўла англаб етгани йўқ. Тан олиш керак: шўро даврида шаклланган ақидапарастлик иллатларидан ҳали тўла қутила олмаяпмиз. Адабиёт назарияси ва уни ўқитиш ночор аҳволда. Д.Қуроновнинг «Адабиётшуносликка кириш» китобини мустасно этганда, олий ўқув юртлари учун чиқарилган назария дарсликлари мустабид мафкура билан боғлиқ номлар, тушунчалар ўзгартирилганини ҳисобга олинмаса, шўро даври дарсликларидан деярли фарқ қилмайди. Улар ХХ аср жаҳон адабиёти, фалсафий, адабий-танқидий тафаккури ютуқларини четлаб ўтиб ёзилган. ХХ аср жаҳон адабиёти, танқидий тафаккури шуни тасдиқлайдики, адабиётни, адабий асарни муайян қоида-қолипларга солиб биргина нуқтаи назардан ўрганиш орқали масала моҳиятини очиб бериш асло мумкин эмас. Қолаверса адабиётдаги ҳар бир янги кашфиёт аввалги қолипни бузади, тасаввурларни ўзгартириб юборади. Айниқса бу ҳол ҳозирги кунда жуда яққол кўринмоқда. Сўнгги йилларда фан оламига шиддат билан кириб келган синергетик тафаккур таълимоти айни шу жараён моҳиятини англаш имкониятини беради. Минг афсус, бизнинг аксар «назариячи»ларимиз ҳамон диалектик тафаккур остонасидан нари ўтолмай турибди. Бу нарса танқидчиликда ўз асоратини қолдирмоқда. Қарашлар, талқинлар хилма-хиллиги ҳақиқатга элтувчи энг тўғри йўл эканини чин дилдан эътироф этиш, амалда унга риоя қилиш бизда хила қийинчилик билан кечяпти.

         Биз мислсиз ижодий имкониятлар, янгиланишлар замонида яшаяпмиз. Шукурки, шоир, носирларимиз дадил изланиш, янгиланишлар йўлига тушиб ола бошлади. Бироқ адабий танқид бу борада хали орқада қолаётир. Мазкур китобчадан жой олган эсселар адабий-танқидий тафаккурдаги янгиланишга бўлган ҳавас, эҳтиёж самараларидир.

 

 


 

ҚОДИРИЙ ҲАҚИДА ҚАЙДЛАР

 

«ЎТКАН КУНЛАР» ВА ҚЎРҚУВ САЛТАНАТИ

 

         ХХ аср ўзбек насрининг шоҳ асари «Ўткан кунлар» романи илк бор 1922 йили «Инқилоб» журнали саҳифалари орқали дунё юзини кўра бошлаган бўлса, ўша дақиқалардан эътиборан бу асарнинг деярли ҳар бир миллат зиёлиси, китобхони руҳияти, маънавиятига, қолаверса шахсий ҳаёти, тақдирига қандайдир дахлдорлиги бор.

         1952 йилнинг кеч кузи. Ҳозирги Амир Темур ҳиёбони ёнгинасида жойлашган САГУ (бугунги Миллий университет) биносининг иккинчи қаватидаги катта ўқув залида «Адабиётшуносликка кириш» фанидан маъруза ўқилмоқда. Икки ярим ойлик пахта терими ҳашаридан қайтган, маърузаларни соғиниб қолган биз – филология факультетининг биринчи курс талабалари – 64 та жон бир тан бўлиб бутун вужудимиз қулоққа айланиб доцент Зикриё Мирҳожиев сўзларини тинглаб ўтирибмиз. Шу пайт бирдан бино қасир-қусур, деразалар шақир-шуқур бўлиб залда қий-чув кўтарилди. Мирҳожиевнинг қизиқ одати бўларди. Маъруза ўқиётганида доимо юриб, аудиториянинг у бошидан бу бошига бетиним кезиб юрарди. Ана шу тўс-тўпалон онларида ҳам домла одатини тарк этмай шитоб билан юришда давом этди. Шунда қизлар: «Домла, ер қимирлаяпти, зилзила бўляпти!» деб уввос солдилар. Домла эса парво қилмай юриб туриб: «Окўси, нима қилибди, ер бўлгандан кейин қимирлайди-да!» дедилар. Аудиторияда бирдан гуррос кулги кўтарилди ва шу орада ер силкиниши ҳам тинди.

         Орадан бир ҳафта ўтиб яна «Адабиётшуносликка кириш» дарси, домланинг ўша-ўша шитоб билан юриб туриб маъруза ўқишлари... Бу галги дарс ўзгача тарзда тугади. Орамизда Самарқанднинг қайсидир туманидан келган Саримсоқов деган ниҳоятда кўп ўқиган, китоб жинниси бўларди. Исми хотирамдан кўтарилибди. Яқинда курсдошим Шерали Турдиевдан суриштирсам, у ҳам исмини эслолмади. Ҳар бир дарсда у албатта домлаларга қандайдир савол берар, кўпинча қалтис саволи билан мана мен деган профессорларни ҳам довдиратиб қўярди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Дарс охирида: «Жулқунбой деган ёзувчи ўтган экан, унинг «Ўткан кунлар» номли романи бор экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз» деб қолса бўладими! Шунда нима бўлди денг? Ҳамиша, ҳатто таҳликали зилзила пайтида ҳам бетиним юриб турадиган Мирҳожиев домламиз таққа тўхтаб, савол берган талабага анграйиб-бўзариб қарадилар. Бир неча дақиқалик сукутдан сўнг домла: «Окўси, комсомолмисан?» деб сўрадилар. Тасдиқ жавобини олгач: «Комсомол совет студенти давлат университети аудиториясида бунақа саволни бермайди, коммунист совет доценти бунақа провакацион саволга жавоб қайтармайди» деди қатъий қилиб. Ўқув залида ўтирган талабаларнинг дами ичига тушиб кетди.

         Эртаси куни қалтис савол берган курсдошимиз дарсда кўринмади. Тўрт йил дараксиз кетди. 1956 йил баҳор кунларининг бирида у Чорсудаги ётоқхонамизга эгнида фуфайка, оёғида кирза этик афтодаҳол ҳолда кириб келди. Нима кор-ҳол бўлганини биз ҳам сўрамадик, у ҳам айтмади. Орада қандайдир ҳадик, қўрқув ҳукм сурарди, гап гапга қовушмади. Буни сезди шекилли хушламаган меҳмонимиз «Сафардан қишлоққа қайтишда сизларни бир кўриб ўтай дедим» дея тезгина хайрлашиб йўлга отланди. Ўтган тўрт йил давомида «Ўткан кунлар», «Жулқунбой» сўзларини тилга олиш тугул, ҳатто бу номларни эслашга ҳам қўрқардик. Гарчи тасодифий учрашувда бу номлар тилга олинмаган бўлса-да, бирданига улар хаёлимизни чулғаб олди. Бу пайтга келиб «халқ душманлари» саналмиш адиблар, жумладан, Қодирийга муносабат қисман ўзгара бошлаган, лекин барибир юртда қўрқув салтанати кезиб юрарди.

 

 

«ҚАЛЛИҚ ЎЙИН» СУРУРИ

 

«Дилхирож» фильми, «Қаллиқ ўйин» спектакли томошаси пайти бирдан ўзимнинг нигоҳ тўйим билан боғлиқ воқеалар ёдимга тушди. Тўрт йиллик Конибодом педбилим юрти, беш йиллик САГУ таълимидан сўнг Фарғона вилоятидаги шоир Муқимий «Ким кўрса ҳангу манг экан» деб таърифлаган она қишлоғим Рапқонга, ота-оналарим бағрига бориб мактабда ўқитувчилик қила бошладим. Ота-она орзуси, қолаверса ўз майлим оқибати ўлароқ Бешариқдаги машҳур зиёлилардан Исоқов домланинг тўнғич қизига уйланадиган бўлдим. Ўзимиз «янгича» бўлсак-да, никоҳ тўйимиз «эскича» қишлоқ удумлари бўйича ўтди. Ўша кезлари бизда ҳам «қаллиқ ўйин» бўларди, бироқ «Дилхирож» ва «Қаллиқ ўйин» асарларидагидан бир оз ўзгачароқ ўтарди. Куёвникидаги базмдан сўнг куёв жўралари ҳамроҳлигида келинникига йўл олишар, у ерда ҳам қисқа, лекин жўшқин базм-зиёфат бўлар, ёр-ёрлар, ўланлар айтилар, сўнг куёвжўралар келин-куёв учун палаклар билан безатилган хос хонада куёвни ёлғиз қолдириб жўнаб қолишарди. Никоҳ, сўнг энг ҳаяжонли, «Ўткан кунлар»да тасвирланганидек келин билан куёвнинг илк висол дамлари бошланар, куёв уч кунгача келин хонадонида қолиб кетар, ундан кейин ҳафтасига икки бор то «келин туширар» марсимига қадар ойлаб келинникига қатнар, бу «қаллиқ ўйин» деб аталар, бу кунлар йигит билан қизнинг энг тотли дамлари саналарди. Шахсан мен ўша кунларни умримнинг энг файзли дамлари деб биламан.

         Қарангки, турмуш ўртоғим ҳам ўзимга ўхшаш китоб шайдоси экан, илк суҳбатимиз китобдан бошланиб, нуқул китоб устида давом этди. Билдимки, яқингинада ўрта мактабни битирган 17 ёшли бу қизнинг ўқимаган китоби қолмаган. Фақат русчага, араб ёзувидаги китобларга тиши ўтмас экан. Менинг арабча ёзувдан хабардорлигимни билгач, хона тўрисидаги тахмонга жойлашган сандиқни очиб шоҳи рўмолга ўроғлиқ бир китобни олиб менга тутқазди. Очиб, не кўз билан кўрайки, илк муқовасида Кумушбиби сурати солинган «Ўткан кунлар» - учта алоҳида китобдан иборат ўша ноёб хазина! Венерахон буни ўқиб берасиз, - деб ёпишиб олди, мен жон деб унинг амрига бўйсундим. Бошда бир дақиқа қўрқув салтанати кўнгилга ғулғула солди, бироқ роман қаърига кириб борган сари қўрқувдан асар ҳам қолмади. Уч кеча-кундузлик «қаллиқ ўйини»миз шу тариқа асосан «Ўткан кунлар» мутолааси билан ўтди. Шу кунлардан бошлаб ҳар иккимиз ҳам бир умрга «Ўткан кунлар» шайдоси ва тарғиботчисига айландик. Мен танқидчи-адабиётшунос сифатида «Ўткан кунлар», умуман Қодирий ижоди бўйича иккита китоб, кўплаб мақолалар эълон этдим, Венерахон Миллий университет филология факультетини тугатиб 30 йил мактабда дарс берган бўлса, асосий дарси «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» теварагида борган. Дастур ва дарсликдаги «Она» романи, «В.И.Ленин» поэмаси, «Йўлчи юлдуз» сингари мавзуларни апил-тапил номигагина ўтиб, уларга ажратилган соатларни ҳам Қодирий романларига бағишлагани учун неча бор дакки ҳам эшитган. Энг севимли набираларига Қодирий қаҳрамонларига эҳтиром юзасидан шахсан ўзи Отабек, Раъно исмларини қўйган.

 

 

ҲАҚИҚАТ ТУЙҒУСИ – МУҚАДДАС

 

         «Қодирий боғи» китобининг бир неча ўринларида устоз Иззат Султонов фикрлари билан кескин мунозаралар бор. Менга кўп яхшиликлар қилган, ҳам номзодлик, ҳам докторлик диссертацияларимга расмий оппонент бўлиб мени қўллаб-қувватлаган устоз олдида хижолат тортиб, бу китобни домлага туҳфа этишдан ийманиб юрардим. Шу орада устоз уйимизга телефонда қўнғироқ қилиб қолдилар. Бирдан: «Қодирий боғи»ни ўқидим. Табриклайман!» дедилар. Довдираб қолганимни сездилар шекилли домла сўзида давом эттилар: «Бир «дўстимиз» Умарали Қодирий ҳақидаги китобида Сизни роса дўппослабди, деб ваҳима қилди. Ҳеч қанақа ваҳима қиладиган жойи йўқ. Менинг ишларимдаги Сиз билдирган эътирозли ўринларни ўзим тузатишим керак эди. Аслида менинг мақоламдаги Қодирийдан замонага мос жиҳатларни қидириш ўша кезларда улуғ адибни ҳимоя қилишнинг бир йўли – усули бўлган. У даврлар ўтди, энди Қодирий ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш, ёзиш имкони келди. Шу ишни Сиз қилибсиз, муборак бўлсин. Қодирий ҳақидаги ҳақиқат Сизу бизнинг нафсониятимиздан юқори туриши лозим. Қодирий ва ҳақиқат ҳимояси йўлида мени ҳар қанча танқид қилсалар, бундан заррача хафа бўлмайман...»

         Бу сўзларни эшитиб лол бўлиб қолдим. Буюк одамларнинг қалби нақадар кенг, адолат, ҳақиқат туйғуси улар учун ҳар нарсадан муқаддас! Афсус, биз ҳали улар даражасига етишимизга бир неча қовун пишиғи бор.

 

 

АДИБНИНГ ТУҒИЛГАН ОЙ-КУНИ

 

         Абдулла Қодирий таржимаи ҳолида «яқинларимнинг сўзларига қараганда, мустабид Неколайнинг тахтга ўтирган йилида туғилғонман» деб ёзади. Тарихдан маълумки, Николай II – Россиянинг охирги императори 1894 йили тахтга ўтирган; демак Қодирий айни ўша йили дунёга келган. Адиб туғилган йилнинг ой-куни хусусида ёзувчининг катта ўғли Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида «Қайбир вақт дадамдан: «Қайси ой-кунда туғилгансиз?» деб сўраганимда, у киши кулиб, «Ўрик гулида туғилганман. Тахминан ўнинчи апрелда бўлса керак», деганлари ёдимда...» Ҳабибулла акага шу хусусда эътироз билдириб, ўттиз йилдан бери Тошкентда яшаб бирор марта апрель бошларида ўрик гуллаганини билмайман, одатда ўрик март ойида гуллаб 10 апрель атрофида довучча тугиб бўлади. Бу пайтда эса олма, аниқроғи беҳи қийғос гулга киради. Дадангиз «беҳи гулида» деб айтмаганмиканлар» деганимда, у киши: «Дарвоқе, гапингизда жон бор, эҳтимол, дадамнинг сўзларини янглиш эшитгандирман, шу жумлани тузатиб қўйиш керак экан» дея жавоб қайтарган эдилар.

 

 

«ЎТКАН КУНЛАР»НИНГ ЁЗИБ ТУГАТИЛГАН САНАСИ

 

«Ўткан кунлар» илк бор инқилоб журнали орқали дунё юзини кўра бошлаган бўлса-да, асар олдинроқ - 1920 йили ёзиб тугатилган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор:

         Биринчиси: «Инқилоб» журналининг 1922 йил 9-10-қўшма сонида эълон этилган «Ўткан кунлар»дан боблар аввалида «Ёзғувчидан» деб номланган сўз боши – изоҳнома келтирилади, изоҳнома охирида «Тошканд декабрь, 1920 нчи йил» деган маълумот бор. Кейинчалик «Ўткан кунлар»нинг китоб ҳолидаги нашрида ҳам ўша сўз боши – изоҳнома бир оз таҳрирлар билан берилади, бироқ охиридаги макон ва санага оид маълумот негадир тушириб қолдирилган.

         Адабий тажрибадан биламизки, бу хилдаги сўз боши – изоҳнома одатда асар ёзиб тугатилгандан кейин битилади. «Меҳробдан чаён»да ҳам айни шундай қилинган.

         Иккинчиси: «Ўткан кунлар»нинг 1925 йилги алоҳида китоб ҳолида чиққан биринчи бўлимига сўнгги сўз тариқасида ёзилган «Узр» сарлавҳали изоҳномада «Рўмон, деб сизга тақдим қилинған бу нарса дунёға келиши биланоқ бахтсизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди» дейилади.

         Учинчиси: «Ўткан кунлар» охирида «Ёзғувчидан» деган мухтасаргина сўнги сўз мавжуд. Унда шундай дейилади:

         «Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисини суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўнтўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғулларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ному нишонсиз, ўлук- тириги маълум эмас, дейдилар».

         Бу маълумотлар айни 1920 йил охиридаги вазият, руҳ-кайфиятни ифодалайди, улар айни ўша пайтнинг гапларидир.

         Демак, адибнинг ўзи айтган иқрорлари, маълумотлари руҳи «Ўткан кунлар» романи 1920 йил охирида ёзиб тугатилган деб узил-кесил ҳукм-хулоса чиқариш учун тўла асос беради. Тўғри, асар матни устидаги ишлар кейин ҳам давом этган, лекин роман айни ўша санада ниҳоясига етган.

 

 

«ЎТКАН КУНЛАР»НИНГ АСЛ МАТНИ МУАММОСИ

 

         Абдулла Қодирий олти жилдлик «Тўла асарлар тўплами»нинг I жилди 1995 йили чоп этилди-ю, афсус, бу хайрли иш молиявий сабабларга кўра тўхтаб қолди. Адибнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини ўз ичига олган 1992 йили нашр этилган китоб ҳозирча Қодирий романларининг асл нусхаси сифатида қабул қилинмоқда. Бу хусусда ўйлаб кўрадиган бир қатор жумбоқлар бор. Тўпламда негадир «Ўткан кунлар»нинг ёзувчи ҳаётлик чоғида босилган сўнгги 1933 йилги лотин алифбосига асосланган янги ўзбек ёзувидаги нашри эмас, 1926 йилги нашри асос қилиб олинган. Ҳолбуки, бу нашрдан муаллифнинг мутлақо кўнгли тўлмаган.

         Қодирий юқорида эслатилган, «Узр» сарлавҳали изоҳномасида афсус-надоматлар билан роман «бу кун босилиши муяссар бўлғанида ҳам турлик зарбаларга учради; имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб бир қуроқ ҳолига келди, мусаҳиҳларимизнинг мусоҳалалари(бепарволиги) орқасида техника жиҳати кўз кўриб қулоқ эштимаган бир йўсунда чиқди» деб ёзади. Ёзувчи асарнинг кейинги нашрида имкон қадар йўл қўйилган хатоларни тузатишга уринажагини айтади ва айни пайтда «бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмаслиги»ни ҳам писанда қилиб ўтади.

         «Ўткан кунлар» нашрларини қиёсий ўрганиш, кузатишларнинг дастлабки натижалари шундан далолат бераётирки, романнинг 1926 йилги нашри матни ёзувчи кўнглидагидек амалга ошмаган. Романнинг тўлиқ ва асл нусхаси деб тақдим қилинган 92-йилги нашрини 33-йилги нашри билан солиштириб кўрганимизда ҳар бир саҳифада ўнлаб, ҳатто юзлаб ўзгартириш, тузатишлар борлиги аниқланди. Ўзгартириш-тузатишлар фақат матн имлосигагина оид бўлмай, айрим саҳифаларда матн структураси, композицияси ҳам қайта ишланган. 92-йилги китоб охирида берилган «Ўткан кунлар» рўмонининг 1926 ва 1933 йиллар нашрларидаги тафовутлар» деб аталган изоҳда бундай ўзгартириш-тузатишларнинг юздан бири ҳам қайд этилган эмас. Шуниси муҳимки, 1933 йил нашридаги ўзгартиш-тузатишларнинг аксарияти роман матни бадииятини мукаммаллаштиришга қаратилган. Тўғри, 33-йилги нашри ҳам хато-қусурлардан ҳоли эмас. Бир саҳифанинг ўзида бир сўз (масалан, «билан» сўзи гоҳ «билан», гоҳ «блан» тарзида) турли шаклда берилган. Сиёсатга даҳлдор айрим кескин ибораларни бир оз юмшатиш ҳоллари ҳам учрайди. Чунончи, Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек билан учрашувда айтган ҳаяжонли нутқидаги «тўнғизхона» сўзи «оёқ ости» деб ўзгартирилган...

         Бу гаплар «Меҳробдан чаён» романи нашрларига ҳам тегишли. Хуллас, Қодирий романларининг ишончли асл матнини тиклаш борасида адабиётшунос-матншунослар олдида жиддий вазифалар турибди.

         Афсуски, «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»дан бирор саҳифа ҳам қўлёзма – автограф сақланиб қолмаган, агар у топилса, бу борадаги кўп чалкашликларга ўз-ўзидан аниқлик киритилган бўларди. Умидли дунё дейдилар. Изланишда давом этайлик. Зора, мўъжиза юз бериб, асл матн топилиб қолса...

 

 

МОСКВА ТАЪЛИМИ САМАРАЛАРИ

 

         Қодирий ўзгаларга ҳам, ўзига ҳам ниҳоятда талабчан, ҳамиша янги замон даражасида фикрлашга мойил зот бўлган. Адиб таржимаи ҳолида янги замон ўзгаришлари «баробарида маданий, илмий эҳтиёжлар ҳам ўсгани»ни айтиб, сўнг бундай ёзадилар: «Мен тартиблик мактаб кўрмаган нодон бир йигит эдим. Унча-мунча билган нарсаларим ҳам ўз тиришувим орқасида зомон шароити ва мажбурияти остидағи чала-чулпи гаплар эди. Кейинги кунларда нодонлиғим ўзимга қаттиқ ҳис этила бошлаб, бу ҳол билан узоққа кета олмасимни сездим. Ва 1924 йилда хизматимдан жавоб олиб, Москвага ўқишга кетдим».

         Хўш, Қодирий Москвада қайси ўқув даргоҳида ўқиган. Кейинги 30-40 йил давомида чиққан Қодирий таржимаи ҳолига оид кўп ишларда у Валерий Брюсов номидаги журналистлар институтида ўқигани айтилади. «Ўзбек совет энциклопедияси»даги (1971) «Абулла Қодирий» мақоласида эса Қодирий «Москвада Валерий Брюсов номли Адабиёт институтида ўқиди» дейилади. Бу маълумот ҳақиқатга яқин деб ўйлайман. Тарихдан малумки, В.Брюсов 1921 йили Москвада Олий адабий-бадиий институтни ташкил этган, кейинчалик у В.Я.Брюсов номидаги Бутуниттифоқ адабий-бадиий институт (ВЛХИ) деб аталган. Ўша йиллари бу институт жаҳон адабий-бадиий тафаккури марказларидан бири, замонавий жаҳон адабиёти, санъати, фалсафасига доир қарашлар, жўшқин баҳс-мунозаралар маскани саналган. В.Брюсовнинг ўзи ҳам бу даргоҳда маърузалар ўқиган. Қодирий Брюсовни кўрганми, маърузаларини тинглаганми, бу хусусда бир нарса дейиш қийин, чунки Қодирий институтга кирган ўқув йили бошларида 1924 йил 9 октябрда бу киши оламдан ўтган. Лекин, аниқки, В.Брюсовга хос тафаккур, баҳс-мунозаралар руҳи бу даргоҳда давом этган. М.Горький В.Брюсовни «Россиядаги энг маданиятли ёзувчи» деб атаган. Ўз даврида у «модернистик адабиётнинг лидери», «рус символизмининг доҳийси» саналган. Янги ўзбек шеърияти намояндалари, жумладан, Ойбек В.Брюсовдан таъсирланиб, 20-йиллари мароқли изланишлар олиб борган.

         Бу даргоҳдаги таълим Қодирий қарашларида, ижодий тақдирида чуқур из қолдирган. Ҳ.Қодирий «Отам ҳақида» китобида Қодирийнинг институтда тинглаган лекцияларидан ёзиб олган конспект дафтарларини неча бор қизиқиб ўқиб чиққани ва уларни 1945 йилгача авайлаб сақлагани ҳақида гапириб, сўнг бундай ёзади: «Русча ёзилган конспектда дунё адабиётидаги баъзи оқимлар ҳақида баҳс боради. Масалан, реализм, идеализм, романтизм, футуризм каби оқимлар; уларнинг кузатган ғоялари, қонуниятлари ва бу оқимларга мансуб кўзга кўринган ёзувчилар қисқа-қисқа баён қилиб ўтилади...»

Бундай ўқиш-ўрганиш самараси адиб фаолиятида яққол кўринади. Қодирийнинг 1925 йилдан кейин ёзган адабий-танқидий мақолалари, хусусан, унинг реализм, янгича адабий-бадиий оқимлар ҳақидаги қарашлари ўша давр замонавий адабий-танқидий тафаккури даражасида экани тасодифий эмас.

 

 

ҚОЗОН САФАРИ ВОҚЕАСИ

 

Қодирийнинг 1936 йил ёзида Қозон сафари чоғи Амина исмли татар қизига уйланиб қайтгани ҳақида эшитган, бироқ унинг тафсилотларидан бехабар эдим. 1976 йил июнида бод касалига йўлиқиб Хотинкўприкдаги касалхонада йигирма кунча даволанишимга тўғри келди. Ҳабибулла ака ўша кезлари бу ерда ишлар, ҳафтасига икки кун тунда навбатчи бўлиб қолар, қўли бўшади дегунча хонамга келар, тун бўйи суҳбатлашиб ўтирардик. Кунларнинг бирида Қозон воқеасини сўрадим. У киши хушламайроқ бўлса-да, бўлган воқеани батафсил сўзлаб бердилар. Ш.Турдиев «Маърифат» газетасининг 2004 йил 31 март сонида эълон этилган «Дўстлар қалбида» сарлавҳали мақоласида Қодирий - Амина воқеасига доир 1936 йилги Қозон сафарида Қодирийга ҳамроҳ бўлган Шокир Сулаймоннинг турмуш ўртоғи – татар аёли Зайнаб опадан ёзиб олган хотираларини келтирган. Ҳабибулла ака сўзлаб берган воқеа моҳиятан Ш.Турдиев келтирган хотирани тасдиқласа-да, бу ҳодисанинг талқини, тафсилотлари ўзгачароқ. Ҳабибулла аканинг айтишича, Аминанинг отаси Қозон яқинидаги Арча районига қарашли Качи овулида яшаган, ғоят маърифатли киши бўлган. Бу оила аъзолари Қодирий романларини ўзбек тилида қўлма-қўл ўқишган, айниқса, оиланинг эркатой, романтик табиат қизи Амина «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабекка, роман муаллифига ғойибона ошиқ бўлиб қолган. Ота Қодирийнинг Қозонга келганини эшитиб уни овулга таклиф этган. Амина «Ўткан кунлар» муаллифини кўриб ўзини қўярга жой тополмай қолади... Қисқаси, бу иш никоҳ билан якунланади. Қодирий Качида икки ҳафта меҳмон бўлади. Кейинроқ Качи таассуротлари ҳақида ажойиб бир мақола ёзади. Амина Қодирий билан Тошкентга келгач, тез орада Қодирийлар хонадонининг чин аъзосига айланади. Ниҳоятда ширин сўз, чаққон, озода, саранжом-саришталиги, пазандалиги билан обрў-эътибор топади. Афсус, бу тотли дамлар узоққа бормайди. Қодирий хасталикка учрайди, адиб устида ғийбат, ғалвалар, таъқибу таҳдидлар авжига чиқади. Адиб ҳибсга олиниб бедарак кетгач, Амина Қозондаги қариндош-уруғларини бундан хабардор қилади. Аминанинг акалари Тошкентга келиб, уни юртига олиб кетадилар.

 

 

«НАВО КУЙИ» ГУРУНГЛАРИ

 

         Ўтган асрнинг 60-80-йиллари Ғулом Каримов бошчилигида 8-10 кишидан иборат гап-улфатгарчилигимиз бўларди. С.Долимов, О.Шарафиддинов, Ҳ.Ёқубов, А.Алиев, С.Фузаиловдек устозлардан иборат бу даврага мен ва мен тенгли икки-уч ёш домлалар ҳам таклиф этилган эдик. Ойда бир бор улфатлардан бирининг хонадонида ўтадиган гурунглар ғоят мароқли кечарди. Даврада албатта санъаткор – созанда ва хонандалар иштирок этарди. Машҳур созанда Турғун Алиматов иштирок этган гурунгларни эсласам ҳамон кўнглим чароғон бўлиб кетади. Турғун акадек санъаткор Субутой домлани мумтоз куй, мақом бобида ўзига устоз деб атардилар. Субутой ака дуторда, Турғун ака танбур ёки сатода ижро этган куйлардан сел бўлиб тўлғонардик.

         Турғун ака ҳар гал «Ўткан кунлар»даги «Наво куйи» боби устида сўз очар, бу бобни ёд билар, ёд айтиб мумтоз куйнинг сўз орқали бу қадар нафис, тиниқ, аниқ жонли ифодасидан ҳайратини тўкиб соларди. Субутой ака «Ўткан кунлар»да тасвир этилган дуторда чалинган куйни ёшлигида тинглаганини сўзлар, Турғун акадан уни тиклашни қайта-қайта илтимос қиларди. Турғун ака устоз илтимосини ерда қолдирмай, бу йўлда узоқ изландилар. Ниҳоят, улуғ созанда бир гал: «Устоз, дутор навосини топдим, «Ўткан кунлар»нинг ўзидан олиб тикладим» дедилар. Сўнг дуторни қўлга олиб, одатдагидек уни узоқ созлаб, Қодирий ёзганидек, дуторни созлаш учун реза куйлардангина олиб турган машшоқ биз кутмаган жойда «Наво»дан бошлаб юбордилар. Куйнинг бошланиши биланоқ даврадагиларнинг вужуди зирр этиб кетгандек бўлди. Ниҳоят, эшилиб, тўлғаниб теварак-атрофга илоҳий бир сирли-сеҳрли садолар таратган дутор пардалари тинди. Субутой ака «Айни ўзи, қойил! Балли!» деб юбордилар.

         Суҳбат уланиб замонавий адабиётга келиб тақалди. Турғун ака: «Ҳозирги ёзувчи-шоирлар асарларида мумтоз куйнинг шунақа тасвири борми?» -деб сўраб қолдилар. Мен: «Бор! - дедим, китоб жовонидан Абдулла Орипов тўпламини олиб «Муножот»ни тинглаб» шеърини ўқий бошладим.

 

Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,

Асрлар ғамини сўйлар «Муножот».

Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига

Қандай чидай олган экан одамзод!

 

         Ана шу сўнгги сатрларга келганда улуғ созанда: «Ҳа, бу шеърдаги «Муножот» тасвири «Ўткан кунлар»даги «Наво» куйи тасвиридан қолишмас экан» дедилар ўзларига хос босиқлик билан.

 

 


 

ҚАЛБ ДРАМАСИ ВА НАФОСАТИ

 

Мумтоз шеъриятимизнинг нодир намуналарига хос энг муҳим хусусиятлардан бири шуки, уларда шоир (лирик қаҳрамон) қалбининг ададсиз қийноқлари, оҳу зорлари ўқувчини ларзага солар даражада бутун кескинлиги, драмалари билан изҳор этилади. Айни пайтда шу руҳий қийноқлар ифодаси киши кўнглини асир этадиган, овутадиган нафосат, ғаройиб бир шоирона туйғу билан чулғанган бўлади, яъни дард билан лаззат, мунг билан таскин уйғунликда ёндош келади. Жаҳон адабиётидаги энг ҳазин ва нурли севги қиссаси ҳазрат Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони бунинг ёрқин намунаси. Мана шу мўътабар анъана янги ўзбек адабиётига, жумладан, насрига ҳам кўчиб ўтган, айниқса, тўнғич миллий романимиз «Ўткан кунлар»да бу фазилат янгича кўринишда юксак даражада намоён бўлган.

         Роман муаллифи тўғридан-тўғри Отабек ва Кумушнинг «ҳажр ва фироқли» ишқий мулоқатларида «самимият, яна тўғриси шеърият бор» деб эътироф этади ва бутун асар давомида ана шу нафосат – романтик руҳни бадиий кашф этиш йўлидан боради. Бу ҳол ХХ аср танқидчилигида кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, буни эскича усул, янги замон услубига, шафқатсиз реализмга зид деб китобийликда, ширинзабонлик, ҳатто чучмалликда айблаш ҳоллари ҳам юз берган.

         Бундай қарашларнинг муайян сабаблари бор, албатта. ХХ аср жаҳон адабиётида романтик руҳдан бутунлай ҳоли ҳаётнинг ўта дағал, шафқатсиз, абсурддан иборат ҳақиқатини бутун кескинлиги, даҳшати билан очиб берувчи улкан адабий оқим пайдо бўлди. Бу йўналишда яратилган нодир асарларнинг бадиий кашфиёти ва шуҳратига махлиё бўлган биз каби бандаи ожиз мунаққидлар энди романтиканинг даври ўтди, дея ҳукм чиқара бошладик. Шоирона эҳтирос билан йўғрилган асарларнинг «шарқона шоирона услуби»га нописанд муносабат сўнгги йилларда бизда хийла кенг ёйилди.

         Ана шундай бир шароитда Ғарбда, жаҳоннинг турли минтақаларида нима бўлди денг?! Турмушнинг ўта шафқатсиз, дағал ифодаларидан толиққан, зада бўлган китобхон, томошабин эҳтиёжини ўз вақтида нозик пайқаган сезгир ижодкорлар айни ўша «пуф сассиқ»қа чиқарилган шарқона романтик анъаналарга қайта  бошладилар, ХХ аср поёнида пайдо бўла бошлаган «Титаник», «Ҳайратомуз ақл», «Қиш сонатаси» фильмлари, П.Коэлонинг «Алхимик», «Бешинчи тоғ» романлари худди шу хислати туфайли Ғарб дунёсида шуҳрат қозонгани, катта шов-шувларга сабаб бўлгани ғаройиб ҳол! Гўзалликка, нафосатга шайдолик инсон зотининг боқий фазилатларидан экани, фан-техника, замонавий информатика мўъжизалари ҳам уни бу ноёб туйғудан мосуво этолмаслигининг ёрқин исботи бу!

         Синчиклаб қаралса, Қодирий романларидаги шарқона эҳтиросларга йўғрилган ифодалар янги замон услубига, янги давр одамлари эҳтиёжи, завқига асло зид эмас эди. «Ўткан кунлар» муаллифи жаҳон адабиётидаги янги жараёнлардан, адабий-бадиий оқимлардан, «сўнгги приём»лардан яхши хабардор бўлган, ўзи айтмоқчи, ҳатто «сўнгги приём»ларнинг баъзиларини «Ўткан кунлар»га эртароқ киритган; айни пайтда халқнинг савиясини, завқини, руҳини эътиборга олиб «эски приём»лардан, анъанавий шарқона ифода йўлларидан самарали фойдаланган. Адиб «Модомики, асар савияси ўзимизга маълум шу халқ учун ёзилар экан, яна бир мунча вақт «сўнгги приём»лардан кўз юмиб туриш, оралиқда «сўнгги приём»ни оз-оз қистира бориш лозим»лигини айтади ва қатъий қилиб: «эски приём билан ёзади, биноан алайҳи бу ёзувчига биринчи номерни бермаймиз» деб қилинган танқидлардан ҳуркмаймиз» дейди.

         Қанчалик жасорат билан айтилган доно сўзлар! Бу фикр бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Жаҳон адабиёти ва санъатининг қарийиб бир асрдан кейинги ҳолати адибнинг бу борада нақадар ҳақ эканини тасдиқлаб турибди. Улуғ адибнинг ўз вақтида эски миллий анъаналар билан «сўнгги приём»лар, яъни замонавий адабиёт услубини оқилона қўшиб олиб боришдан иборат ноёб тажрибаси янги аср бошида ҳам асқотмоқда, жаҳон адабиёти ва санъатида янгидан-янги бадиий ихтиролар учун йўл очмоқда. Абдула Қаҳҳор «Абдулла Қодирий, баъзи бир одамлар айтмоқчи, «бир-иккита рисола ёзган» анчайин ёзувчи эмас, балки янги давр адабиёти, Европа адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам тўлақонли асралар ёзган, ўзбек романчилигини бошлаб берган улкан адибдир» деганида тўла ҳақ.

         «Ўткан кунлар»даги Отабекнинг руҳий драмалари ифодаси талқинига оид айрим лавҳаларни шу жиҳатдан кўздан кечирайлик.

         Отабек Зайнабга унаштирилгани ҳақидаги хабарни Кумушга, унинг ота-оналарига етказиш учун Марғилонга отланган; у «кўтариб бўлмайтурган бир қайғу, чидаб бўлмайтурган бир ҳасрат»ни орқалаб борар экан, Кумушбиби шум хабарни эшитганда нималар бўлишини ва қандай ҳолларга тушишини, ота-оналари нима дейишини ўйлаб от устида эзилиб, ўртаниб, ўзининг дунёда бор-йўқлигига ҳам тушунмай кетаётир... Кўклам фасли таровати, табиат, теварак-атроф нафосати, қушлар чуғури ҳам кўнгил дардига таскин беролмайди. Қутидор хонадонига етиб боргач, шум хабарни айтмасликка ва бу даргоҳдан қайтмасликка қарор беради. Аммо барибир сир ошкор бўлади, Бироқ оқибат-натижа ҳам қаҳрамон, ҳам китобхон кутганидан ўзгача бўлиб чиқади: мулоҳазакор, андишали Қутидор қуда томон арз-ҳолларини тушуниб, унга розилик билдиради, нақадар нохуш, мушкул бўлмасин хотини Офтоб ойимни, қизи Кумушни, ниҳоят Отабекни ўз қарорига кўндиради. Мана шу жараён нақадар нафис, санъаткорона ифода этилган. Ўша топдаги ҳар бир қалбнинг титроғи, изтиробларини, уларга осон эмаслигини баралла сезиб, ҳис этиб турасиз. Айни пайтда юксак одоб-ахлоқ соҳиби, ўзбекона андиша бандаси  бўлмиш бу шахслар бундай вазиятда ўзлари учун ҳар қанча мушкул бўлмасин, ўзгача йўл тута олмасликларига амин бўласиз. Айниқса, Отабек Кумушдан итобомиз сўзлар, аччиқ хитоблар кутиб ўтирганида у фариштадек уйга кириб келиб кутилмаган жойда уни оғир ҳолатдан қутқаради: «Мен рози, мен кўндим» дейди дафъатан. Ёзувчи шу заҳоти Кумуш «бу сўзни нимадандир қўрққандек шошиб айтди» дея изоҳ беради. Мана шу шошиб ва нимадандир қўрқиб айтилган сўзда Кумушнинг шу топдаги кўнгил изтироби ва нафосати уфуриб турибди!  Шундан кейинги ифода ўқувчи кўнглига ғаройиб бир таскин ва сурур бахш этади:

« - Кўндингиз...нега, а?

Отабек ҳайрат ва таажжуб ичида эди.

-         Негаки, - деди Кумуш, - мен сизга ишонаман...

-         Шунинг учун...

-         Шунинг учун кўндим...

-         Кўнглингиз фаришталар кўнглидек.

-         Сизнинг ҳам кўнглингиз...

Икки жон, икки юрак гўёки биттадек бир-бирисини онглар, бирисидан бирисига ўтиб юрар эди шу вақт.

         ...Қутидор тарафидан эртага Тошканд жўнаш эълони берилди. Иккисининг ҳамма вақтлари шамъ ёнида сўзлашиб кечди...»

         Шуниси ҳам борки, вазият тақозоси билан мушкул ҳолатнинг бу хилдаги гўзал ечими асло персонажлар қисматидаги драмаларнинг бутунлай бартараф этилиши эмас. Балким, бу ечим олдиндаги янгидан-янги мушкул жумбоқлар, кўргиликларнинг дебочаси эканлиги тасвирдаги ширин ва хазин бир оҳангдан англашиниб туради. Бу ҳаёт, тақдир шафқатсизлигини нафосатга йўғрилган ҳолда ифода этишнинг, нафис туйғулар тили билан сўзлашнинг беназир намунаси!

         Адиб қаҳрамоннинг фақат интим, ишқий-оилавий кечинмалари эмас, ижтимоий фаолияти, манфаатлари ифодасида ҳам айни шу йўлдан боради. Романнинг «Қипчоққа қирғин» бобини эслайлик.

Шаҳарда қипчоққа қирғин уюштирилган куни эрталаб Отабек дўсти билан шаҳар ташқарисига Минг ўрикка сайрга чиққан. Табиатнинг кўркам, латиф қучоғида ором олиб, турмуш ташвишларини бир дам унутиб кечга яқин шаҳарга қайтиб, шаҳар дарвозасига қадам қўйиши биланоқ даҳшатли манзараларга – боши танидан олинган кишилар гавдасига дуч келади. Суриштириб биладики, шаҳарда қирғин бошланган, кун бўйи қипчоқ зоти бўлса молдай сўйилган. Отабек йўлида давом этади, одим сайин боши кесилган мурдаларни кўради.. Ниҳоят, даҳшату ваҳшат ичида Ҳасаналига йўлиқади. Ҳасанали мислсиз раҳмсизлик тўғрисидаги ҳикоясини бшлайди: «Ҳудда қиёмат бўлди! Бечоралар нима гуноҳ қилдиларикин?.. Йигитлар тутиб келтуриб турадир, жаллод бош кесиб борадир... Чидаб бўлмади, дўконни ёпиб қочдим...»

Отабек «Бас» дея Ҳасанали ҳикоясини тўхтатади, унда бу ёғини эшитишга тоқат қолмайди, бекнинг юраги эзилиб оқиш даражасига етади. Бу ҳодисалардан ўзини йўқотар ҳолга келади. Кечки ошни ҳам емай, отаси билан ҳам учрашмай «гўё шу йиртқичлар дунёсидан яширингандек оқ кундаёқ тўшагига ётиб, кўрпасига бурканиб» олади.

Нега ўша дамларда Отабек отасига дуч келишни лозим кўрмади? У бир оз ўзини тутиб олгач, эртаси отасига рўпара келади. Отасига дуч келганида илк бор фарзандлик одобини бузиб унга салом бермайди. Чунки ўз отасини қипчоқ қирғинига алоқадор деб ўйлайди. Кеча кўрган, эшитган даҳшатлар ҳам биру ўз отасининг бу ишларга «алоқадор»лиги дард устига чипқон. Шу ўй-хаёл уни эзади. Лекин Отабек, барибир Шарқ ўғлони, кечаги ҳолатда отасига рўпара келганида «қуюшқон»дан чиқиб кетишига кўзи етган. Шунга қарамай кечаги дард асорати бугун ҳам унга тинчлик бермайди. Қалб титроғи тўла босилган эмас... Отага саломсиз рўпара бўлган ўғлон ҳолатини кўриб бу ёғи нима бўларкин дея  энтикиб турасиз. Инсон руҳиятининг моҳир билимдони ўша топда оқил ота билан яхши тарбия топган фаразанд орасидаги ўта кескин ва нозик муносабатлар, улар кўнглида кечган тиғиз ва нафис туйғу, ўй-хаёлларни мислсиз маҳорат ва назокат билан қоғозга туширади. Ҳар қанча қаҳр-ғазаб ўтида ёнмасин Отабек, барибир, биринчи бўлиб сўз очолмайди, одоб юзасидан ота юзига тик қараб «гуноҳи»ни юзига солишга ботинолмайди. Орада бир мунча муддат жимлик ҳукм суради. Ниҳоят, биринчи бўлиб ота гап бошлайди. Сўнг Отабек тилга кириб кечаги қонли воқеалар, бу ишларда отасининг иштироки хусусида нозик қочириқлар ила имо-ишоралар, таъналар қилади. Фаросатли ота дарҳол буни тушуниб рўй берган воқеаларнинг тафсилоти, бу ишларга ўзининг алоқаси йўқлиги, имкон қадар бу хатарнинг олдини олишга урингани, бироқ иложсиз қолгани ҳақида батафсил гапириб беради.

Хўш, бу қирғинлардан мақсад нима? Яна шу савол қўзғолади. Жавоб аён: Бу қирғинни уюштирганлардан биттаси мингбоши бўлмоқчи, иккинчиси Нормуҳаммаднинг ўрнига минмоқчи, учинчиси яна бир шаҳарни ўзига қарам қилмоқчи. Хон эса Мусулмонқулга бўлган адоватини қипчоқни қириб аламдан чиқмоқчи... Уларда бундан бошқа мақсад йўқ. Ота-бола суҳбати асносида Юсуфбек ҳожи дилидаги асосий дардини тўкиб солади. «Мен кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб» деб бошланувчи кўплар учун ёд бўлиб кетган машҳур нутқ бу одам ҳаёти маъноси, умри, фаолиятининг муайян якуни, умри давомида тўплаган тажрибаларидан чиқадиган бош хулосасидир; авлодлар олдидаги армони, узридир; келгуси авлодларга қолдирган васияти, аччиқ сабоғидир. Титраб, тўлқинланиб айтилган бу оташин сўзлар, Ҳожи қалби тубидан вулқондай отилиб чиқан бу дард-алам тўла фарёд бутун бир мамлакатни, миллатни ларзага солишга, хушёр торттиришга қодирдир! Бу сўзларда заррача бўлсин ясамалик, сунъийлик йўқ, бошдан-оёқ самимий, бинбарин шеърий, ҳа юксак шеърий асар каби баланд пардаларда янграйди. Отабек ота сўзларини тинглар экан, ўзининг ўринсиз шубҳа, таъналаридан уялиб ерга қарайди. Ўша топда ўзининг эл-юрт ғамида куйиб-ёнишлари отасининг дарду фарёдлари олдида арзимасдек туюлади унга.

Маълум бўляптики, Отабекнинг ижтимоий йўналишдаги кўнгил дардлари ишқий-оилавий ташвишлари залворидан асло кам эмас. Шу билан баробар, улар орасида, бадиий талқинида фарқли жиҳатлар ҳам мавжуд. Ишқ изтироблари пайтида қаҳрамон сенитиментал ҳолатларга тушади, йиғидан, кўз ёшлари тўкишдан ўзини тия олмайди. Мисолларга мурожаат этайлик. Отабек «тутуруқсиз совғани кўтариб» гулларга, кўкатларга бурканган қирлар оралаб отда борар экан, узоқда қўш ҳайдаб юрган йигитнинг ашуласи қулоғига чалинади, теваракни зир титратган «Икки ёрни ажратувчи бу фалаканинг гардиши!» мисралари Отабекнинг истиқболидан ҳикоя қилгандек кўнглини ларзага солади, шу топда ўзини тутолмай йиғлаша тушади, кўз ёшлари юзи оралиқ эгарнинг қошига ва отнинг ёлига тома бошлайди... Отабекнинг «Наво» куйини тинглаш онларидаги ҳолати бундан-да мунгли, таъсирчан: «Дуторнинг нозик торларидан, тилсимлик юракларидан чиққан «Наво» куйи ўз ноласига тушунгучи... бу йигитка борган сайин дардини очиб сўзлар, йиғлаб ва инграб сўзлар эди... Эшиткучи эса дунёсини унутиб йиғлар, кучини йиғиштириб йиғлар ва ҳасрату аламини кўз ёшиси билан тўкиб йиғлар эди...» деб ёзади муаллифнинг ўзи ҳам тўлқинланиб.

Одатдагидек, бу ўринда ҳам Қодирийнинг қаҳрамонни тоқат қилиш мумкин бўлмаган оғир вазиятдан, тиғиз руҳий ҳолатдан олиб чиқиш санъати кишини лол қолдиради. Бу шунчаки адабий приём бўлмай, энг муҳими, унда адибнинг асл  ҳаёт фалсафаси ёрқин намоён бўлган: «Наво» куйи унинг бутун танидаги сувларини кўзи орқалиқ тўкдирди-да, фалакнинг тескари ҳаракатидан шикоят этиб қўйди ва дунёда ёлғиз ҳасратгина бўлмаганлигини билдиргандек ўзининг «савт» куйини ер юзига шодлик ва сўйинч ёғдириб арз эта бошлади. «Наво»нинг сиҳирлик «савт»и Отабекнинг кўз ёшларини қуритди-да, бир енгиллик бағишлади. «Наво» билан ювилиб кеткан унинг умид гулзорида янги чечаклар униб чиқди...»

Ниҳоят, Кумуш ўлимидан бир йил ўтгач, Отабекнинг қабристонда Кумуш қабри ёнидаги ҳолати, сўнгги кўз ёшлари тасвирини ўқиймиз. Аввалги лавҳалардаги кўз ёшлар гўзал табиат, гўзал куй жўрлигида тўкилган бўлса, бу галгиси фано интиҳоси ва бақо бўсағасида илоҳий калом садолари оғушида оқади:

«Қуръон оятлари қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёнига тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам Қуръон оятларига қўшилишиб оқар эди». Эътибор берсангиз Қуръон оятлари оқимида фақат ҳазинлик эмас, илоҳий бир таскин ҳам бор.

Бугун баралла айтиш мумкинки, Отабекнинг ишқи ҳар қанча ҳаётий, табиий бўлмасин,  айни пайтда у сирли-сеҳрли илоҳий руҳ билан йўғрилган. Айниқса бу ҳол охирги лавҳада аниқ кўринади. Моддиюнчи мунаққидлар бу ҳолатни ўта нохуш қабул қилганлар. Чунончи, Сотти Ҳусайн роман муаллифи Отабекнинг ишқ, муҳаббатини илоҳийлаштирган, «А.Қодирий «илоҳий муҳаббат»га аниқ ишониб, шуни тарғиб қиладир. Яъни ғайри табиий кучнинг борлиғини исбот қилмоқчи бўладир» дея муаллифга ғоявий айб қўяди ва қатъий қилиб: «Ишқ, муҳаббат илоҳий бўлмай, табиий, моддий бўладир, илоҳий деб қилина турған ҳар қандай таъбир ёлғон, кўз бўявчиликдир» деб ёзади. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ким кўз бўёвчи эканини ҳаётнинг, адабиёт, санат ривожининг ўзи кўрсатди, кўрсатаётир. Юқорида эслатилган ҳар уч лавҳада ҳам кўз ёшлари билан йўғрилган ўта маъюс, мунгли драматик ҳолатнинг бунақа нафис, рангин чиройли тасвири сўз санъатида сийрак учрайдиган ноёб бадиий топилма! Менингча, бунақа сентиментал ҳолатларни ҳамиша ҳам инсоний заифлик аломати деб аташ тўғри бўлмас. Аксинча у юксак инсонийлик, самимийлик белгиси. Дард-аламларни чин дилдан ҳис эта билиш, ўртаниш, кўз ёши тўка олиш ҳам буюк башарий фазилат.

Ишқий, интим кечинмалар онларида мискин, ожиз кўринган Отабек эл-юрт қайғуси йўлида ҳар қанча ўртанмасин, куйиб-ёнмасин мардона, шижоаткордир. Эл-юрт йўлидаги шижоат, ҳатто фожиа – ўлим хабарида ёзувчининг қалами ҳам шафқатсиз, мардона тус олади: «Қаноатшо Авлиё отадан ёзар эди: «Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқунушмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим...» Ота ва она эса ўз навбатида жасур ўғлоннинг қаҳрамонона шаҳид бўлиш хабарини мардона қарши оладилар, бу ўринда нолалар, фарёдлар, кўз ёши тўкишлар йўқ: «Юсуфбек ҳожи хатми Қуръон қилиб юртка ош берди. Ўзбек ойим қора кийиб таъзия очди».

Мана шу мардона хабар ҳам ўзгача оҳангдаги шеърий руҳ билан йўғрилган. «Ўткан кунлар»да ёрқин намоён бўлган  шахс ҳаёти, қалби драмаси ва нафосатини бадиий кашф этишдек ноёб фазилатнинг бугунги кунда юқорида эслатилган жаҳон адабиёти, санъатининг энг яхши намуналари билан муштарак эканлиги кишида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. «Ҳайратомуз ақл» фильмининг ўзбекча таржимаси томошаси пайтида ҳамкасб дўстим ғурур билан фильм сценарийси муаллифи Зулфия Назар ота қонидан ўтган шарқона севги таронаси руҳини америка кино санъатига олиб кирибди, деди. Бу гапда жон бор. Шу ўринда кичик бир изоҳ: фильм ўзбекчага русча «Игрў разума»дан сўзма-сўз «Тафаккур ўйинлари» деб ўгирилган. Инглизча асл номи «Beautifull mind» «Гўзал тафаккур» ёки «Ҳайратомуз ақл» деган маънони англатади. Шу ном унга ярашади. Зотан Зулфия Назарнинг фильмга асос бўлган жаҳонга машҳур китоби «Ажойиб ақл» деб аталади. «Ҳайратомуз ақл»даги севги, вафо, садоқатнинг сеҳрли кучи, «Қиш сонатаси»даги икки ёшнинг нозик ибо, самимият, нафосатга чулғанган ишқий мулоқотлари, «Алхимик» романидаги ёш испан йигити Сантяго  билан араб қизи Фотима, «Бешинчи тоғ»даги Илёс пайғамбар билан бева аёл ораларидаги пинҳона оташин муҳаббат тароналари – гўзаллик, нафосат, ибо туйғуси санъат, адабиётнинг мангу учар қаноти эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Ғаройиб бир ҳол: айни жаҳон адабиёти, санъатида бўлгани каби миллий адабиётимиз ҳам муайян муддат ҳаётнинг яланғоч, шафқатсиз ҳодисаларининг яланғоч тасвирига ўта маҳлиё бўлишдан чекиниб, асл миллий  қадриятларимизга қайта бошлади. Воқеликнинг ўта шафқатсиз, мунгли, фожеий ҳақиқатлари қаламга олинган «Офтоб ойим», «Қоракўз мажнун» ҳикоялари (С.Аҳмад), «Тушда кечган умрлар» романи (Ў.Ҳошимов) бошдан-оёқ Қодирийга хос латофат ва нафосат туйғуси билан йўғрилган; «Тепаликдаги хароба» романидаги (О.Мухтор) Маликул калом Мавлоно Лутфийнинг латиф севги достони тасвири асарга ўзгача руҳ бахш этган, «Бозор»да (Х.Дўстмуҳаммад) эса Фозилбек ва Қадриянинг Отабек билан Кумуш ишқ достонини ёдга туширувчи севги қиссаси миллий носирларимиз модернизмнинг  ўзгача йўлларини қидираётганидан бир далолатдир.

Абдулла Қодирий тажрибаси ва ҳозирги жаҳон адабиёти, санъатидаги, қолаверса, бугунги ўзбек адабиётидаги муштаракликлар хусусидаги кузатиш, ўй-мулоҳазалардан чиқадиган энг муҳим сабоқ шуки, санъат, адабиётдаги «эскича» ва «янгича» ифода йўллари устида шошма-шошарлик билан ҳукм-хулосалар чиқаришдан тийилайлик, азизлар. Биз эскига чиқарган ифода йўллари бугун ёки эртага бирдан янгиланиб буюк бадиий ихтиро, кашфиётлар учун замин, асос бўлавериши мумкин экан.

 

        


 

ЎЗБЕК ОЙИМ ВА УНИНГ АДАБИЁТДАГИ ИЗДОШЛАРИ ДОВРУҒИ

 

         Жаҳон адабиёти, санъати тарихида миллат менталитети, табиати, руҳияти, шаънини намоён этадиган, миллат тимсолига айланган ёрқин образлар кўп. Янги ўзбек адабиётида ҳам бу хил образлар талайгина, Қодирий, Ойбек, Ғ.Ғулом даҳоси кашфи бўлган Отабек, Кумуш, Ўзбек ойим, Навоий, Шум болалар, Чўлпон, Ғ.Ғулом шеърияти лирик қаҳрамонлари ўзбекнинг ўзлигини олис-олисларга танитганлиги кўпчиликка аён.

         Миллий адабиётимизнинг кейинги авлодлари ижодида ҳам бу табаррук анъана давом этиб келмоқда. Чингиз Айтматов «Улуғбек хазинаси» романи муаллифи О.Ёқубовга йўллаган мактубида «романни ўқирканман, кўнглимда туркий халқларимиз тарихи учун ифтихор туйғуси жўш урди... Улуғбек шундай даҳоки, у бизни асрлар оша тарихимизга, заминда тутган мавқеимизга гувоҳ. Улуғбек – бизнинг дилдаги оҳимиз, армонимиз, у буюк башарий тажрибалар ҳақида, дунё ҳақида юксак мезонларда туриб мулоҳаза юритиш, ҳукм-сабоқлар чиқариш учун асос берадиган шахс», деб ёзган эди. Машҳур француз тарихчиси Э.Ренан буюк темурий тождорлар – Бобур, Ҳумоюн ва Акбар орасидаги оқилона ворисийликни тарихда фақат бир бор содир бўлган нодир ҳодиса, дея баҳолаган. П.Қодиров «Юлдузли тунлар» («Бобур»), «Авлодлар довони» («Ҳумоюн ва Акбар») романларида айни ўша башарият тарихидаги нодир ҳодисани қаламга олган. Ғ.Ғулом, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Ориповлар миллат шаъни-ғурури, дарду дунёси ҳақида оламга нималар берганлигини ҳали биз етарли чамалаб кўролганимизча йўқ...

         Сўз санъатининг сирли-сеҳрли, мўъжизакор қудрати шундаки, у фақат гўзал шахслар, буюк, даҳо сиймолар тимсоли эмас, оддий одамлар, афанди табиат, довдир, зиддиятли кимсалар образи орқали ҳам миллат шаъни, довруғини оламга кўз-кўз қилавериши мумкин. Зотан, Пушкин айтмоқчи, даҳолик довдирлик кўринишида ҳам намоён бўлаверади. «Дон Кихот» - жаҳон адабиётида бунинг ёрқин мисоли. ХХ аср жаҳон адабиёти ва кино санъати яратган Чарли Чаплин, Шукар бобо (М.Шолохов), Василий Теркин (А. Твардовский), француз, итальян, рус, грузин кинокомедияларининг ажабтовур афандитабиат қаҳрамонлари дунё бўйлаб қанчалар шуҳрат қозонганлигига гувоҳмиз. Ўзимизда «Майсаранинг иши», «Шум бола», «Шоҳи сўзана», «Келинлар қўзғалони» асарлари, «Ўткан кунлар» билан «Меҳробдан чаён»даги Ўзбек ойим, Солиҳ Махдум образлари ана шундай ноёб тимсоллар сирасидан.

         Ойбек Абдулла Қодирий ҳақидаги рисоласида Ўзбек ойим образига юксак баҳо бериб, уни романдаги «энг жонли, реалистик чизиқлар билан кўрсатилган шахс» деб атайди. Бу аёл, бир қарасангиз чала-думбул, ўжар, басир, «ўз хоҳишига тескари келган ҳақиқатни кўрмайдиган қизиқ табиатга молик» кимса. Қизиғи шундаки, мана шундай ўжар, басир, чала-думбул аёлни - мулоҳазасиз хатти-ҳаракатлари билан Ҳожини ноқулай аҳволга солиб қўйган, яккаю ягона ўғлининг бахтига зомин бўлган, аломат келини Кумуш, бу ёқда Зайнаб турмушининг ҳазон бўлишига йўл очган Ўзбек ойимни асло «қаҳр-ғазаб» билан фош этиш, қоралаш йўлини тутмайди, аксинча, уни ғаройиб жумбоқ сифатида тушунишга интилиб алоҳида меҳр, аниқроғи, ғаройиб юмор, илиқ бир табассум  билан қалам тебратади. Эътибор беринг-а, ғоят жиддий, салобатли сиймо Ҳожи Ўзбек ойим билан мулоқотда ҳар доим ўзгача ҳолатда кўринади, кулги, ҳазил-мутойиба, қисман қувлик йўлини тутади, айни шу усул орқали унинг ўжар қалбига йўл топишга уринади. Нима бўлганда ҳам Ўзбек ойим – барибир она; табиатидаги барча зиддиятлари, ожиз томонларига қарамай, у ўзбекнинг мағрур, танти онаси! Ҳар қанча гуноҳкор бўлмасин, ўта андишали адиб уни қоралашга тили бормайди. Айни пайтда ростгўй, реалист ёзувчи бу ўжар, «чала-думбул табиаътли» аёлнинг ножўя қилиқлари, хатти-ҳаракатларини батафсил қаламга олиш билан баробар, унинг қалби тубидаги ажиб меҳр, мурувват туйғусини, тантилик каби фазилатларини ҳам фавқулодда маҳорат, теран ва нозик руҳшунос сифатида бадиий инкишоф этади. Марғилонлик қудаларни кутиб олиш жараёни тасвири бу жиҳатдан ноёб бадиий ихтиро! Куни кеча марғилонлик келинини ҳам, қудаларини ҳам кўрарга кўзи йўқ аёл бугун уларни алоҳида эҳтиром билан муносиб кутиб олишга ҳозирланади, уйининг энг тўрисини уларга раво кўради. Яқин-яқинларгача «анди» деб ҳақоратлаб юрган марғилонлик келинига илк бор дуч келганида унинг қадди-бастига, вужудидан ёғилиб турган ибо-латофатга маҳлиё бўлиб, меҳри жўшиб уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олади, юзидан шап-шап ўпиб айланиб ўргилади, Кумушга тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлайди... Мана шу «ноаниқ» йиғида ғаройиб сеҳр бор, шу хатти-ҳаракатда Ўзбек ойимнинг асл бисоти, ўзи қилиб қўйган гуноҳини савқи табиий тарзда ҳис этиш, англаши ярқ этиб кўзга ташланади, гўё мана шу кўз ёши бу аёлнинг Кумуш олдидаги  жамики гуноҳларини ювиб кетгандай бўлади. Шу дақиқадан эътиборан Ўзбек ойим беихтиёр Зайнаб қолиб, Кумуш томонга ўтади. Кумуш ўлимидан кейин Отабек дилини тушуниб, унинг ҳоҳиш-иродасига мутлақо қаршилик кўрсатмайди.

         Бу образ тасвири бошдан-оёқ ажиб сержило – ҳам киноя-кесатиқларга, ҳам ардоқ, меҳр-мурувватга тўла юмор билан йўғрилган. Шу сержило комик тасвир орқали Ўзбек ойимнинг фазилатларини ҳам, ожиз томонларини ҳам, фожиасини ҳам – барча-барчасини кўриб, ҳис этиб турамиз. Улуғ адиб қалами сеҳри туфайли мана шу «чала-думбул табиъат» аёл миллатнинг тимсоли даражасига кўтарилади.

         Танқидчилик ибораси билан айтганда, романдаги эпизодик бир персонаж саналмиш Ўзбек ойим асардаги шунчаки «энг жонли, реалистик чизиқлар билан кўрсатилган шахс» бўлиб қолмай, ХХ аср миллий адабиёти тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди, ҳатто «Ўткан кунлар» қатағон қилинган йилларда ҳам бу персонаж таъсирида асарлар яратиш давом этди. Жумладан, «Шоҳи сўзана», «Келинлар қўзғалони» комедиялари айни шу жиҳати билан эътиборни тортади. Бу икки асарнинг жаҳоншумул довруғи сири-сабаблари, очиғи, ҳали танқидчиликда илмий кашф этилган эмас.

         Ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам ўта талабчан, мақтанишни хуш кўрмайдиган Аблулла Қаҳҳор таржимаи ҳолида «Шоҳи сўзана» ва унинг довруғи хусусида шундай маълумотларни келтиради: «Янги ер» («Шоҳи сўзана»)га аввал Республика мукофоти, кейин Давлат мукофоти берилди. Пьеса Иттифоқнинг етмиш учта йирик, шу жумладан, Москва, Ленинград ва деярли ҳамма миллий республикалар саҳнаcида, Хитой Халқ Республикасида, Халқ демократияси мамалакатларида қўйилди».

         Абдулла Қаҳҳорнинг бошқа комедиялари – «Оғриқ тишлар», «Тобутдан товуш», «Аяжонларим» комик маҳорат бобида «Шоҳи сўзана»дан асло қолишмайди. Ижтимоий-танқидий пафоси, «жамиятнинг қитиғига тегадиган» жиҳатлари билан ҳатто бу асардан устун туради. Нега энди улар қолиб айни «Шоҳи сўзана» бу қадар шуҳрат қозонди?

         Танқидчиликда «Шоҳи сўзана»нинг фазилатлари, новаторона хусусиятлари тўғрисида кўп гапирилган, ёзилган. «Шоҳи сўзана» том маънодаги новаторона асар эди, - деб ёзади О.Шарафиддинов. – У жанр хусусиятларига кўра... комедия жанрига мансуб, бироқ традицион комедиялардан анча фарқ қилади. Абдулла Қаҳҳор бу асари билан комедиянинг янги хилини яратди дейиш мумкин. Гап шундаки, комедияда ҳаётдаги муайян қусурлар, одамларнинг ўзаро муносабатларидаги кемтиклар, уларнинг характеридаги нуқсонлар кулги орқали танқид қилинади... Абдулла Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана»сида эса салбий ҳодиса ҳам йўқ, салбий қаҳрамонлар ҳам. Автор асарда тасвирлаган одамларнинг ҳаммасига хайрихоҳлик билан қалам тебратади... Шундай қилиб, «Шоҳи сўзана» комедиясида кулги янгича функцияга эга – у ортиқ фош қилиш қуроли эмас, танқид воситаси эмас, балки ижобий кучларнинг фазилатларини тўлароқ очишга, замонамиз қаҳрамонларининг аҳлоқий-маънавий фазилатларини тасдиқлашга хизмат қилди».·

         Адабиётшуносликда «Шоҳи сўзана» «қаҳрамонлик комедияси» деган қараш ҳам мавжуд. Шу хил қарашлар билан баробар комедия моҳиятини ўзгача талқин этишлар ҳам учрайди.

         «Ўзбек совет адабиёти тарихи»нинг «Абдулла Қаҳҳор» бобида «Шоҳи сўзана»нинг новаторона жиҳатлари таъкидланган ҳолда, асар конфликти, персонажлараро зиддиятлар талқинида анъанавий йўл тутилади: «ижобий» ва «салбий» қаҳрамонлар кураши масаласига алоҳида урғу берилади. «Тарих»да, жумладан, шундай дейилади: «Деҳқонбой, Ҳафиза ва Қўзиев каби ёшларнинг обод жойлардан қақроқ чўлга келиб янги ер очишлари – совет кишиларига хос бир қаҳрамонлик. Холнисо, Ҳамробуви ва Мавлон шу қаҳрамонликни ўзларининг майда-чуйда манфаатларига бўйсундирмоқчи бўладилар. Кичик ниятлар ва аянч нуқсонларнинг катта мақсад ва юксак фазилатлар устидан ҳукмронлик қилишга уриниши қаттиқ кулгига сабаб бўлади»··. Бугина эмас, «Тарих»да комедияда ижобий қаҳрамонлар марказий ўринда туриши, салбий қаҳрамонлар - Холнисо билан Ҳамробуви тимсолида эскилик сарқитлари кулги остига олинганлиги бот-бот таъкидланади. Пьеса қаҳрамонлари ўтмиш сарқитларидан кулаётганида, бу сарқитлардан кулиб қутилаётгани айтилади. «Тарих»да яна шуларни ўқиймиз: «Фақат улар эмас, пьесани саҳнада кўрган минг-минглаб томошабинлар ҳам эскилик сарқитларини ўзига номуносиб билиб кулади, ўтмишдаги урф-одатлар, таассублар билан кулиб ора очиқ қилади. Комедиядаги кулгининг ғоявий мазмуни ва тарбиявий аҳамияти ҳам шунда» (88-бет).

         Очиғи, мен ҳам бир вақтлар «Шоҳи сўзана»даги кулгининг моҳиятини, ғоявий мазмуни ва тарбиявий аҳамиятини айни шундай – эскилик сарқитларини ўзида ташувчи Ҳамробуви ва Холнисолар сингари «ҳаётдан орқада қолган», «қолоқ» кампирлар устидан кулиш ва улар билан «ора очиқ қилиш»да деб билганман. Лекин мени асардаги бир ҳолат ҳамиша таажжубга солар ва бу сирнинг тагига етолмай ҳайрон бўлардим.

         50-йилларнинг бошларида Конибобдом педбилим юртида ўқиб юрган кезларим адабиёт ўқитувчимиз – аломат, талабчан, фидойи инсон Жўнайдилла Сангинов ташаббуси билан «Шоҳи сўзана»ни талабалар ижросида саҳналаштирадиган бўлдик. Тажриба ўрганиш мақсадида Қўқон театрига ҳам бориб келдик. Менга – Одилов, тенгдош курсдош дўстим – кейинчалик яхшигина  болалар шоири бўлиб етишган Олтмишбой Ўсаровга Деҳқонбой ролини ижро этиш насиб этди. Пьеса шаҳар клубида бир неча бор намойиш этилиб катта шов-шувларга сабаб бўлди. Қизиқ бир ҳол, олқишларга сазовор бўлган пьесада мен ҳам, Олтмишбой ҳам негадир ўз ролимиздан қаноат ҳосил қилмадик. «Қаранг, - дерди Олтмишбой таажжубланиб, - энг зўр кишилар ролини – партком Одиловни Сиз, комсомол, фронтовик Деҳқонбойни мен ўйнасаму улоқни қаёқдаги қаланғи-қасанғи, қолоқ кампирлар – Холнисо билан Ҳамробувилар олиб кетса-я!..»

         Эҳтимол, мен ҳам, Олтмишбой ҳам ўз ролимизни эплаб ўйнолмагандирмиз, бироқ Холнисо билан Ҳамробувиларни ўйнаганлар ҳам «актёрлик маҳорати» бобида биздан унча ортиқ эмас эдилар.

         Орадан ярим асрдан мўлроқ вақт ўтиб, унча-мунча оқ-қорани таниб, адабий-танқидий тафаккурдаги эврилишлар силсиласини сарҳисоб қилиб «Шоҳи сўзана» довруғи сирлари унинг илғор замондошлар, комсомол, партия раҳбар ходими образини яратганлигида, одамларнинг чўлни ўзлаштиришдаги шижоатида, асарнинг «қаҳрамонлик комедия»си эканлигида, ҳаётдан орқада қолган, «қолоқ» кимсалар устидан кулиб, ўз ўтмиши билан хайрлашаётганида эмас, балки айни ўша «қолоқ» кимсалар сиймосида тажассум топган миллатнинг менталитетида, унинг табиати – бор бисоти, улуғлиги ва ожиз томонлари, ўйлаш, фикрлаш тарзи, самимияти фавқулодда бир маҳорат билан кўрсатилганида экан. 

         Кампирларнинг барча кулгили хатти-ҳаракатларини «қолоқлик», «ҳаётдан орқада қолиш» деб талқин этиш ўринли эмас. Чунончи, комедияда шундай эпизод бор: Ҳафиза билан Деҳқонбой мажлисга бирга кетаётганларида Ҳамробуви Деҳқонбойни «бир оғиз гапим бор» деб тўхтатади, «Тўйсиз, нигоҳсиз, бир эшикдан чиқсаларинг эл-юрт нима дейди?» дея ёшларни шарм-ҳаёга ундайди. Бу ҳолат «Тарих»да шундай талқин этилади: «Томошабин ҳам Ҳамробувининг эл-юрт нима дейди?» қабилидаги эски тушунчалари устидан маза қилиб кулади»(85-бет). Хўш, бу ўринда Ҳамробувининг ёшларни шарм-ҳаёга чорлаши нега энди кулгили «эски тушунча» саналаркан?! Бу ердаги кулгининг асл боиси шундаки, соддадил Ҳамробуви ёшларнинг «тўйсиз, нигоҳсиз бир эшикдан чиқиши»ни одобсизлик деб билади-ю, улар кўча-кўйда, турли тадбирларда ҳамиша бирга эканлиги билан иши бўлмайди. Онажонларнинг «қолоқлик», «эскича тушунча» бўлиб туюлган аксар гап-сўзлари, хатти-ҳаракатлари, қирқ йиллик турмуш, қўшничилик, «номоз ўқимаса ҳам жаннати одамлар» бўлган эрлари ҳақидаги хотиралари ажиб самимият, теран инсонийлик туйғуси билан йўғрилган. Жамики ожиз, кулгили жиҳатлари билан улар ўз қадри, шаънини баланд тутадиган асл ўзбек аёлларидир. «Ўткан кунлар»дан, Ўзбек ойимдек ноёб кишисидан маҳрум этилган ўзбек томошабини гўё Холнисо ва Ҳамробувилар тимсолида йўқотган бисотини топгандай, маънавий ташналигини қондиргандай бўлди. Айни ўша онажонлар тимсолида ХХ асрнинг талотумлари гирдобида ўзлигини, шаънини, қалбини сақлаб қолган ҳақиқий ўзбекни кўрди ва уларга қойил қолди.

         «Шоҳи сўзана»да Қодирийнинг тажрибаси янгича кўринишда давом эттирилди. Холнисо ва Ҳамробуви, улар орасидаги баҳслар, ўзаро ўткинчи низолар, уларнинг ўзгаларга, фарзандларига муносабати, билиб-билмай ёшлар майлига, йўлига тўғаноқ бўлишлари – булар худди «Ўткан кунлар»дагидек ҳам ажиб бир ардоқ- меҳр, ҳам киноя-кесатиқларга тўла  қаҳҳорона юмор билан йўғрилган. Адабиёт замондошларнинг қуруқ савлат, рекламадан иборат сўхтаси совуқ «ижобий қаҳрамонлар» билан тўлиб-тошиб кетган бир даврда – ХХ асрнинг 40-50-йиллари миёнасида Холнисо ва Ҳамробуви сингари «ижобийлик» ва «салбийлик» қолипларига сиғмайдиган, мусбат ва манфий, улуғвор ва ожиз жиҳатлари билан гавдалантирилган бундай ўта ҳаётий-миллий образлар билан учрашиш томошабин-китобхон учун ўзига хос бир байрам бўлди. Қаҳҳор умрининг охирларида яратган «Аяжонларим» комедиясида ҳам айни шу тажрибани давом эттирди, асардаги Бўстон она образи адибнинг сўнгги бадиий ютуғи бўлди.

         «Ўткан кунлар»даги Ўзбек ойимдан бошланган ажойиб бир адабий анъана Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана», «Аяжонларим» комедияларидаги Холнисо, Ҳамробуви, Бўстон образлари оша 70-йиллари Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғалони»га ўтиб Фармон биби тимсолида яна жаҳоншумул обрў-эътибор топди. Шу тариқа Қодирий ва унинг ижодий мероси қатағонга учраган замонларда Қаҳҳор унинг мўътабар анъанасини давом эттириш, қутлуғ тажрибасини кейинги адабий авлод қўлига топширишдек савоб ишни адо этди.

         Шуниси ҳам борки, «Ўткан кунлар»даги Ўзбек ойим, «Шоҳи сўзана»даги Холнисо, Ҳамробувилар ҳар қанча довруғли образлар саналмасин, улар эпизодик персонажлар эди. Уларнинг галдаги издоши Фармон биби комик саҳна асарининг бош қаҳрамони даражасига кўтарилди. Яна бир қизиқ ҳолат: Ўзбек ойим «Ўткан кунлар»нинг тўлиқ нашри орқали 1926 йили, Холнисо билан Ҳамробувилар «Шоҳи сўзана» орқали 1950 йили, ниҳоят Фармонибиби «Келинлар қўзғалони» комедяси орқали 1976 йили дунё юзини кўрганлар. Бинобарин, улар орасидаги масофа чорак асрни, умумий муддат эса ярим асрни ташкил этади. Улар тимсолида ярим асрлик миллий адабий тафакурдаги муайян силсилалар жараёнини кузатиш мумкин.

         Ойбек «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» рисоласида «Ўткан кунлар»га ғоявий-мафкуравий жиҳатдан ёндашиб, қатор персонажларни танқид остига олган ҳолда Ўзбек ойимни бутунлай ижобий баҳолайди. Озод Шарафиддинов ҳақли равишда таъкидлаганидек, «Шоҳи сўзана» комедиясини Абдулла Қаҳҳорнинг ўша пайтгача ва ундан кейин ёзилган ҳамма йирик асарлари ичида энг омадлиси деса бўлади. Чунки бу комедия адолатсиз, тўқмоқли танқид ҳуружларига деярлик йўлиқмади, аксинча, у дунёга келиши биланоқ, жамоатчиликинг илиқ муносабатини кўрди, кейинроқ эса асарни жаҳонга танилган санъаткорлар ва адабиётчилар қўллаб-қувватлагач, унга тош отишни мўлжаллаганлар ҳам анча ўйлашиб қолди.·

         «Келинлар қўзғалони»нинг тақдири эса мураккаброқ кечди. Комедия муаллифи Саид Аҳмад «Ҳурият» газетасининг 2001 йил 15-21 август сонида эълон этилган, кейинроқ «Киприкда қолган тонг» китобидан жой олган «Фармон биби қалъасига штурм. Большевиклар ололмаган қўрғон» бадиасида «Келинлар қўзғалони»нинг машаққатли ва шарафли йўли ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берган, бош қаҳрамон Фармон бибини, умуман, бу комедия моҳиятини англаш бошда ниҳоятда мушкул кечганлиги, асарни саҳнага олиб чиқиш жараёни қанақа кескин курашлар орқали боргани айни шу бадиа орқали кенг жамоатчиликка маълум бўлди. Қаҳрамон адибимиз бу ҳақдаги бор ҳақиқатни – комедия йўлига кимлар тўсиқ бўлганлигини ўзгаларга, ҳатто «Келинлар»нинг рақибларига ҳам малол келмайдиган бир тарзда ҳазил-мутоиба йўли билан дангал айтди.

         «Келинлар қўзғалони»га, аввало, унда жиддий гап йўқ деган айб қўйилди, «тутуруқсиз, ғоясиз, ҳатто зарарли» асар деб баҳоланди. Марказком ходими авторга қарата сурбетларча «Пьесани ёзишдан мақсадингиз нима? Мен тушунмадим» дея дағадаға қилади. Унга жўровоз бўлиб гумроҳ кимсалар комедия муаллифи «Кекса онахонларимизни масхара қилиб кўрсатган», «Ҳукумат нега кампирларни масхара қиладиган театрга рухсат бериб қўйибди?», «Ҳамза театрининг куни майнавозчиликка қолган» дея таъна-дашномлар ёғдирадилар. Бунақа гаплар секин-аста матбуот саҳифаларига ҳам чиқа бошлайди. Танқидчи Норбой Худойберганов «Литературная газета»даги комедия баҳсида «Келинлар қўзғалони» хусусида тўхталиб: «Комедия билан танишгач, биз драматург нега, қандай мақсадда, нима учун қўлига қалам олган экан, дея бош қотирамиз» дея ҳайрон бўлади. Мунаққид комедиянинг мақсади «маршал кампир» - Фармон бибини енгилгина танқид қилишдан иборат, деб билади, бу ҳол комик асар учун камлик қилишини айтади. Айрим ҳамкасблар Фармон биби образини бутунлай бошқача талқин этадилар, уни «Бой ила хизматчи»даги Ҳожи онага тақлид деб баҳолайдилар... Лекин ўша кезлари бирор кимса бу аломат образнинг миллий адабиётимиздаги сарчашмалари – «Ўткан кунлар»даги Ўзбек ойим, «Шоҳи сўзана»даги Холнисо, Ҳамробувилар билан муштарак жиҳатлари хусусида ўйлаб ҳам кўрмадилар. У ёғини суриштирсангиз, на А.Қаҳҳор, на Саид Аҳмад ҳам бу хусусда ҳеч нарса деган эмаслар. Эҳтимол, А.Қаҳҳор ҳам, Саид Аҳмад ҳам ўз комик қаҳармонлари устида ишлаётганларида бу борадаги Қодирий тажрибасини хаёлга ҳам келтирмаган бўлишлари мумкин. Адабиётдаги ворислик ҳар доим ҳам онгли равишда эмас, беихтиёр тарзда содир бўлавериши мумкин. Худди Ойбек каби Қаҳор билан Саид Аҳмадга ҳам Ўзбек ойим маъқул тушган, уларда яхши таассурот қолдирган бўлиши табиий; айниқса юморга-ҳазилга, кулгига мойил ана шу икки ёрқин истеъдод ижодида Ўзбек ойим типидаги бетакрор ёрқин характерларнинг пайдо бўлиши тасодифий эмас.

         Фармон биби образи асл моҳиятини Ҳожи она типидаги тимсоллар эмас, айни Ўзбек ойим, Холнисо, Ҳамробуви, Бўстон бибилар силсиласи орқали англаш, очиш мумкин. Фармон биби шу силсиланинг сўнгги энг юксак чўққиси бўлди. «Келинлар қўзғалони» дан сўнг шу типдаги онахонлар, «супер қайнана»лар образини яратишга уринишлар бўлди. Бироқ, ҳозирча, уларнинг бирортаси муваффақият қозонолмади.

         Фармон биби хонадони ўзича «бир ҳукумат, ҳа, бир мамлакат», унинг «ўз пошшоси» бор; бу «хотин пошшо»нинг юрти». «Бу пошшоликнинг ўз қонуни, ўз урф-одатлари бор. Пошшо хотиннинг етти ўғил, етти келини, қирқ бир невараси бор. Жами бўлиб бу уйда эллик олти киши туради». Эллик олти жоннинг барчаси пошшо хотин – Фармон бибининг амри билан иш тутади.

         Бу улкан оиланинг ҳаёт тарзи билан танишар экансиз, ғаройиб ҳолатга тушасиз. Фармон бибининг оиладаги ҳукмронлиги Ҳожи она салтанатидан тубдан фарқ қилади. Ҳожи она вужудидан қабоҳат, мутаассиблик, шафқатсизлик ёғилиб туради. Унинг хатти-ҳолати, гап-сўзларида самимиятдан асар ҳам йўқ. Бу хонадон қабоҳат ва инсоний фожиалар уяси. Фармон биби оилада қаттиқўллик билан мустаҳкам интизом ўрнатишга интилар экан, ўзаро ишонч, иноқлик бўлиши, ҳар бир оила аъзосининг ҳалол яшаши ва ишлаши учун қайғуради. Фармон биби оиласи бамисоли ҳалоллик ва тартиб-интизом қалъаси, Фармон биби эса шу қалъанинг посбони. Бу қалъага гоҳо ғирромлик, нопоклик, тартиббузарлик, ичкиликбозлик иллатлари ҳуруж қилади. Фармон биби эса бунай ҳуружларни қатъий туриб даф этишга эришади.

         Фармон бибининг «ўз пошшолиги» доирасида олиб борган сиёсати ҳаммага бирдек маъқул тушиши мумкин эмас, албатта. Хусусан, оилага янги келган кичик келин – ўта замонавийлашган қиз Нигорага бу хонадон оддий «уй эмас, турма» бўлиб туюлади. Кичик келиннинг овсинларига қарата айтган мана бу сўзлари уларни ўйлантириб қўяди: «Ахир, ўзинглар ўйлаб кўринглар. Меҳмонга боролмасак, меҳмон чақиролмасак, ҳоҳлаган кийимимзни кия олмасак, кўнглимиз тусаган овқатни пишириб ея олмасак. Кино-театрларга бориш у ёқда турсин, уйимиздаги телевизорни фақат «Оталар сўзи, ақлнинг кўзи» бўлганидагина кўрсак...»

         Бунақа баҳс-мунозаралар томошабинлар даврасига ҳам кўчиши турган гап. Боя эслатилганидек, Фармон бибининг хатти-ҳаракатлари баъзи бировларга Ҳожи онани эслатса, бошқаларда бутунлай ўзгача таассурот қолдиради. Муаллиф бадиасида эслатганидек, пьесани томоша қилган қайноналар «Нимаси ёмон, ҳаммаси тўғри! Оила бир қўлда бўлса, нимаси ёмон?!» комедия муаллифи «доно ўзбек онасини улуғлаган!» дейишган. Келинлар эса: «Менинг ҳам шунақа қайнонам бўлса жон-жон дердим! Ишдан келсам овқатим тайёр бўлса, болаларимдан кўнглим тўқ бўлса, ҳатто шиппагимни ҳам яматиб қўйса, бозорга бормасам. Пайпоқдан тортиб ич кўйлаккача ўзи опкелиб берса! Бунақа қайнонани қаёқдан топасан?!» дея Фармон бибининг ёнини олишган.

         Қисқаси, Фармон биби «кескин танқид», «қоралаш», «фош этиш» принципи асосида яратилган Ҳожи она типидаги персонажлардан фарқли ўлароқ, табиатидаги кам-кўстлари, зиддиятлари, манфий ва мусбат, ожиз ва улуғвор жиҳатлари билан намоён бўлган чин ҳаёт одамидир. У оилада ҳар қанча ҳукмбардор, ҳокиму мутлоқ тарзида кўринмасин, унинг табиатида Ўзбек ойимда бўлгани каби қандайдир ғаройиб жозиба – самимият, адолат туйғуси мавжуд. Худди Ўзбек ойим каби у ҳам бир вақтлар эрига ўткир бўлган. Юрса, ер титрайдиган, йўталса, дарахтдаги қушлар пор этиб учиб кетадиган, акс урса, осмонда момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақнайдиган одам – раҳматли эри Азим шер бўла туриб Фармон бибининг бир гапини икки қилган эмас. Ҳар куни эрталаб унга эгилиб салом берарди. Етти ўғлон, олти келини, набиралари унинг измидан чиқмайди. Мана энди кичик келин Нигора исёни туфайли оилада ўрнатилган барқарор тартибот издан чиқаётган, бошқа келинлар ва ўғлонлар ҳам кенжа келин томонига ўтаётган экан, бошда Фармон биби буни ҳазм қилолмай тўлғонади, лекин бора-бора онги-қарашларида жиддий ўзгаришлар рўй беради. Гарчи ўз жигарлари бўлса-да, уларнинг ҳар бири инсон, алоҳида шахс эканини, ўз майли, хоҳиш-истак, орзу-мақсадлари борлигини, ўз хоҳишича оила тутишга, яшашга ҳақли эканини англай бошлайди. Пировардида мардларча бу ҳақиқатни тан олади. У қанчалар ўжар бўлмасин, айни пайтда беназир танти бир инсон. Биргина мисол: Фармон биби дастлаб кенжа келиннинг беҳаё қилиқларини кўрганда ўз ўтмишини ёдга олиб: «Отанг раҳматлик шундоқ Азим шер бўла туриб бир марта ҳам кундузи ўпмаганди. Болалар ухлагандан кейин, чироқни ўчириб кейин ўпардилар... Менинг уйимда бунақаси кетмайди. Кўрстиб қўяман» дея ҳайқиради. Охир-оқибат мана шу «беҳаё» келин шўхликлари замирида ҳам самимият борлигига, у ҳам ўзича ҳақ эканига иқрор бўлади. Нигорага қарата: «Кенжатойим Тўхтавойдан кўнглим нотинч эди. Ўлиб кетсам бу бўшашганнинг ҳоли нима кечади, дердим. Бахтимга сен учрадинг. Энди кўнлим тинч» дейди. Қисқаси, инсон зоти шунақа ношукур банда. Шоир айтмоқчи, чархи кажрафторнинг шевасини, замона зайлини қарангки, «пошшо хотин»нинг эзгу мақсадлар йўлида қатъият билан олиб борган жонбозликлари туққанларига ҳам ёқмайди, шу пайтгача бу аломат аёл ўғлон ва келинларини ўз чилдирмасига ўйнатиб келган бўлса, энди уларнинг чилдирмасига ўйнашга, улар қаршисида таслим, кулги-масхара бўлишга мажбур. Худди Дон Кихот каби жангда танҳо бу «пошшо хотин» охир-оқибат мағлуб. Бу умумбашарий трагикомедиянинг ўзгинаси.

         Асарга ажиб файз, ўзгача руҳ бахш этган сеҳрли омил – айни шу: ҳам ўта миллий, ҳам умумбашарий кулгидир. Бу одамга одамнинг меҳрини товлантирадиган, одамдаги ҳамдардлик, меҳр-мурувват туйғусини оширадиган, теран инсонпарварлик туйғуси билан йўғрилган ҳаётбахш кулгидир. Айни пайтда одамни ўйга толдирадиган шўх ва ҳазин бир кулгидир. Биз саҳнада Фармон биби, унинг ўғиллари, келинлари хатти-ҳаракатини кўриб-кузатиб кўздан ёш чиқар ҳолатда хандон отиб куламиз ва театр залидан шу одамлар билан дўст, қадрдон тутиниб чиқамиз. Шу билан баробар танти, мағрур, «пошшо хотин»нинг мағлуб ҳолатидан қисман ўкинамиз. Бугина эмас, агар синчиклаб қаралса, асар фақат шу хилдаги шўх ва ҳазин ҳазил-мутоибалардангина иборат эмас. Ўша ҳазил-мутоибалар замирида авваллари биз пайқамаган жиддий маъно мавжудлигини – комедиядаги қувноқ ҳазил ва кулги билан йўғрилган ҳодисалар ифодасида асар ёзилган, саҳнага чиққан кезлардаги жиддий бир ҳодисага – барчани тенглаштиришга, одамларни бир қолипга солишга йўналтирилган сиёсатга – «совет ҳаёт тарзи» ва унинг инқирозига ишоралар борлигини ҳам кўриш қийин эмас.

         «Келинлар қўзғалони»нинг шу каби биз билган ва билмаган фазилатлари беҳисоб. Комик тил, ифода бобида эса бу асар ХХ аср ўзбек адабиётида ноёб ҳодиса. Йигирма чоғли персонажнинг ҳар бири бошқасиникига ўхшамайдиган ўзигагина хос сўзлаш, фикрлаш тарзига эга. Танқидчилик хали бу асарнинг жаҳоншумул довруғи сабаблари, сир-синоатини асар матни таҳлили асосида илмий кашф эта олгани йўқ. Лекин бир нарса аниқ: Қодирий бошлаб берган ўзбекнинг ўзлигини, миллий менталитетини, ғурури, шаънини улуғлаш анъанаси комедиянинг бош қаҳрамони Фармон биби тимсолида ғоят ёрқин, жозибадор, бетакрор тарзда намоён бўлган. Бу ғаройиб адабий тимсол ўзбек миллий адабиётига ҳам, муаллифга ҳам катта обрў, шон-шуҳрат келтирди.

         Комедия муаллифи бадиасида ёзганидек, Фармон биби қалъасига қилинган штурмларга қарамай, ғанимлар уни забт этолмадилар, илоҳий адолат, холис ниятли асл одамларнинг аралашуви, ҳимояси туфайли асар юзага чиқди, кенг жамоатчиликнинг олқишига сазовор бўлди, сал фурсат ўтмай худди «Шоҳи сўзана» каби кўплаб ҳамдўстлик мамалакатлари саҳналарида қўйилди; Москвадаги кўрикда «мафкуравий-сиёсий юксак», «доҳий» образи яратилган жиддий асарлар қолиб «ножиддий» бу комедия катта совринга сазовор бўлди, «Правда» газетаси уни юксак баҳолади. «Ишончсиз кимса», «халқ душмани» сифатида қоралангани учун умр бўйи хорижга чиқмаган адиб айни шу асар туфайли Хитойни, Американи кўриш шарафига муяссар бўлди. Умри машаққатлар ичида ўтган адиб ҳаётининг энг қувончли кунлари шу комедия довруғи билан боғлиқ. Бадиада муаллиф мануният билан шуларни ёзади:

         «Тошкентда бир янгилик кутиб турганди. Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида Уйғур автоном вилоятининг театри «Келинлар қўзғалони»нинг премьерасига чақирибди. Эртасигаёқ йўлга чиқдим. Шу баҳонада Қашқар, Ўримчи, Ғулжа шаҳарларини кўрдим. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Қорахонийлар давлатининг асосчиси Сўтуқ Буғрохон ҳамда шайх Убайдуллоҳ Офоқ Хўжам мақбараларини зиёрат қилдим.

Уйғур санъаткорлари асарни жуда яхши саҳналаштирган эканлар. Хурсанд бўлиб қайтдим.

Ана шундан кейин турли мамлакат ва қардош республикалардан премьерага таклифлар кела бошлади. Лаос, Мўғулистон театрлари ҳам асарни ўз томошабинларига кўрсатишди. Грознийда Нуриддинов номидаги Чечен-Ингуш театри билан Жанубий Осетия театрларидан ҳам таклифномалар келди...

Айниқса, олис Американинг Нью-Йорк шаҳридаги «Возрождение» театрида пьесанинг намойиш қилиниши мен учун етти ухлаб тушимга кирмаган, ҳатто орзу қилишим ҳам мумкин бўлмаган бир бахтли ҳодиса эди. Нью-Йорк телевидениесида кўрсатилган рекламада «Бунт невесток» сўзларининг жаҳонга машҳур Озодлик ҳайкали атрофида айланиши ва унда менинг ҳам номим ёзилганини кўриб ҳаяжонланиб кетдим»·.

Асл илдизлари миллий қадриятимизнинг нодир сарчашмаларига бориб туташадиган, миллат ўзлигини, ғурурини, кучли ва заиф жиҳатларини, миллатнинг ўзига ҳам, жаҳонга ҳам кўз-кўз қила оладиган довруғли асарлар, адабий қаҳрамонлар адиб учун ҳам, миллий адабиёт учун ҳам катта бахт, омад. Қодирий фақат шундай нодир қаҳрамонлар образини яратиш билан баробар бу борада издошларига омад, янги бадиий кашфиётлар эшигини очиб берган беқиёс саҳоватли сиймодир

 

 

 

ЖАҲОН ЯНГИ ШЕЪРИЯТИГА ҲАМОҲАНГ ТАРОНАЛАР

 

Биламизки, ўтган асрнинг 90-йилларига қадар шўро даври шеърияти, биринчи навбатда, ижтимоий-сиёсий, мафкуравий жиҳатдан тадқиқ этилар, улкан шоирларнинг хизмати асосан ижтимоий-сиёсий, мафкуравий масалаларни қандай ифода этганлигига қараб баҳоланарди; сиёсатдан, мафкурадан ҳоли «соф лирика» ҳаётдан, ҳаёт ҳақиқатидан чекиниш, шоирнинг ўз қалби қобиғига ўралиб қолиши оқибати дея баҳоланар, кескин қораланар эди; зўр келганида инсофли, билимдон тадқиқотчи-адабиётшунослар бундай «соф лирика» намуналари ҳақида индамай ўтишни лозим кўрарди. Ҳолбуки, бу хил «соф лирика» ХХ аср жаҳон адабиётшунослигида шеъриятнинг энг нодир намуналари, шоир қалби гавҳарининг жилолари сифатида қадрланган. Биздаги энг машҳур дидли шеършунослар ҳам шеъриятни, лирикани Белинскийчасига мафкуранинг тарғибот қуроли деб қарашдан нари ўтолмаган.  Қарангки, мустабид адабий сиёсат авжига чиққан, адабиёт, жумладан шеърият коммунистик мафкуранинг жарчисига айлантирилган, сўз санъати ҳаддан ташқари сиёсатлаштирилган, мафкуралаштирилган, Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, адабиётнинг атомдан кучлироқ қудрати «ўтин ёришга» сарфланган ўтган асрнинг 20-30-йилларида ўзбек адабиётида ҳам ХХ аср жаҳон шеъриятига ҳамоҳанг «соф лирика» яратилган. Истиқлол шарофати туфайли ана шу ғоят муҳим адабий ҳодисани тадқиқ этиш, ҳаққоний баҳолаш имконияти туғилди. Ёш истеъдодли шоир, носир, мунаққид Улуғбек Ҳамдам ўзбек адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб буюк ва хассос шоир Ойбек ижоди, шеърияти мисолида айнан шу «соф лирика» муаммосини махсус илмий тадқиқ этди.

         Бундай савоб ишни бизда «рус революцион демократ» мунаққидлари эстетикаси асосида шаклланган шеършунослик анъаналари мезонлари бўйича амалга ошириш асло мумкин эмас эди. Бунинг учун башарият маънавий-адабий тафаккурида алоҳида босқич саналган ХХ аср жаҳон янги фалсафаси, руҳшунослиги, эстетикаси, адабиётшунослиги, табиийки, санъат ва адабиёти ривожи ютуқлари билан ошно бўлиш даркор эди. Ўзимизда ва хорижда яхши таълим олган Улуғбек бу соҳага дахлдор мавжуд адабий-илмий манбаларни чуқур ўрганиб, улардаги хулосалардан ўз тадқиқотида ижодий фойдаланган ҳолда Ойбек шеъриятидаги «соф лирика» муаммосини ўзига хос тарзда илмий ҳал этишга муваффақ бўлди; нозик ва теран таҳлиллар асосида ХХ аср жаҳон шеъриятига хос «соф санъат» акс-садоси Ойбек лирикасида бетакрор тарзда намоён бўлганлигини исботлаб берди.

         Очиғини айтай, Улуғбекнинг илмий ишига раҳбарлик қилиш асносида менинг янги ўзбек шеърияти, Ойбекнинг поэтик мероси ҳақидаги тасаввурларим бутунлай ўзгариб кетди. Мустабид тузумнинг мафкуравий-сиёсий тазйиқлари остида ижод этган ёрқин истеъдодли сафдошлари қатори Ойбек ижодида ҳам бу мудҳиш сиёсат таъсири ўз асоратларини қолдирган. Муайян муддат Маркс таълимотига ихлос қўйиб «Капитал»дан таржималар қилган, университетда сиёсий иқтисод, марксизм-ленинизм асослари курсидан маърузалар ўқиган, шеърларидан бирида «Буюк Маркс «Капитал»и ёш юрагимда, Янги ҳаёт, эрк диёри ишқи кўксимда» деб ёзган шоир тарихий ҳақиқатни бадиий ёритишда «синфийлик-партиявийлик» принципларига таяниб иш кўрган ҳоллари ҳам бўлган. Бу ҳол айниқса достонларида, хусусан, «Темирчи Жўра», «Ҳамза», «Бобом» поэмаларида яққол кўринади. «Темирчи Жўра» достонидаги инқилобий руҳ, қаҳрамоннинг инқилоб душманларига қарши жангларда қаҳрамонларча ҳалокати мадҳи, «Ҳамза» достонида шоирнинг Шоҳимардондаги ҳаёти, фаолияти, фожеий қисмати тасвири, «Бобом» достонидаги эски мактаб, домлаларнинг шўроча бирёқлама қора бўёқлардаги талқини мавжудлиги сир эмас.

         Бу хусусда гап кетганда шахсан мен бунақа ҳолатлар учун устоз адибларга, жумладан, Ойбекдек улуғ сўз устасига маломатлар ёғдиришдан йироқман. Улуғ адиблар ҳеч қачон, ҳатто мустабид қатағон сиёсати қутуриб турган пайтларда ҳам унинг «темир исканжаси»да қолиб кетган эмаслар. Улуғлар шунинг учун ҳам улуғки, улар бир мафкура – эътиқод, адабий оқим, метод доирасига сиғмайди. Улуғ Ойбек муҳитнинг «темир исканжаси»ни ёриб чиқиб ўлмас насрий, илмий, жумладан замонавий жаҳон шеъриятига ҳамоҳанг ноёб тароналар - «соф лирика»нинг беназир намуналарини қолдирганлиги учун ҳам улуғдир.

Бошқа бир ёш тадқиқотчи Акбар Сабирдиновнинг «Ойбекнинг поэтик маҳорати» мавзуидаги докторлик диссертациясига расмий оппонентлик қилиш чоғида бу хулосанинг ҳаққонийлигига яна бир бор иқрор бўлдим.

         Ойбек шеърий ижодининг шаклланишида янги турк поэзияси асарлари таъсири катта бўлгани, бу асарлар ёш шоирни илк марта лирик соддалик йўлида изланишга ўргатгани тўғрисидаги ўз эътирофлари ҳам шўро даври адабиётшунослигида ўта эҳтиёткорлик билан шунчаки тилга олиб ўтилар ва ундан нарига ўтилмас эди. А. Сабирдинов «Буюк турк классиклари» ва бошқа манбаларга таянган ҳолда Ойбек шеъриятини янги турк поэзияси намуналари билан қиёсий ўрганиб Ўрхон Сайфий, Холид Фахрий каби шоирларнинг лирик соддалик йўлидаги тажрибалари, Яҳё Камолнинг маснавиёна қофиялаш санъати, рамзий ифода ва образларнинг лиризм билан уйғунликда ифодалаш маҳорати, Тавфиқ Фикрат ва Зиё Кўкалп шеърларидаги туркий улуснинг гоҳ қайғули, гоҳ шонли тарихи, бирлиги ғояларининг ўзига хос талқини ёш шоирни илҳомлантирганини ишончли далил ва нозик таҳлиллар орқали очиб беради. Айниқса, Абдулҳақ Ҳамиднинг самимий кўнгил розлари билан Ойбекнинг «Онамнинг мозори» шеъридаги ҳамоҳанг мисралар, Зиё Кўкалпнинг «Ватан» шеъридаги «Бир ўлкаки, жамеъсида туркча азон айтилур, қишлоқли ҳам англар бунда маъносини дуонинг. Бир ўлкаки, мактабида туркча Қуръон ўқилур. Катта-кичик ҳар кун билур буйруғини худонинг. Эй турк ўғли, шу ердадир демак сенинг ватанинг!» сатрларига татаббуъ тарзида битилган Ойбекнинг «Ўзбекистон» шеъридаги она юрт шаънига айтилган машҳур:

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,

Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.

Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар...

Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.

Бахт тошини чақиб, бунда куч ғувиллайди.

мисралари моҳияти, уларнинг ўзгача маъно, йўналиши, оригиналлиги нозик дид билан очилган.

         Тадқиқотнинг Ойбек ва замонавий рус шеърияти намояндалари – А.Блок, В.Брюсов, Белгиянинг атоқли модернист шоири Эмиль Верхарн ижоди муносабатлари таҳлилига бағишланган саҳифаси ҳам юксак илмий савияда хассослик билан ёзилган.

         Ойбекнинг замонавий турк, рус, белгия шеърияти билан алоқаларига оид кузатиш, таҳлиллардан чиқадиган муҳим хулоса шуки, янги ўзбек миллий шеърияти 20-йилларнинг бошиданоқ замонавий жаҳон модерн шеърияти билан ҳамкорликда ривожланган, ўша кезлардаёқ замонавий жаҳон шеъриятининг, хусусан, символизмнинг етук намуналари билан беллаша оладиган асарлар (масалан, «Наъматак») яратишга эришган.

         Шу ўринда яна бир муҳим фактга эътиборни тортмоқчиман: Таниқли носир ва адабиётшунос олим Хуршид Дўстмуҳаммад «Озод изтироб қувончлари» китобида Ойбекнинг «соф лирика» - дилбар рубобий шеърларини япон адиби Акутагаванинг бир асари билан қиёсий таҳлил этиб, улар орасида фавқулодда муштаракликлар борлигини аниқлайди. Деярли бир даврда яшаб ижод қилган икки Шарқ адабиёти намояндасининг бир-бирларидан мутлақо бехабар ҳолда яратган асарларида бир-бирига яқин  янгича  модернча лирик талқинларнинг мавжудлиги ҳайратомуз ҳодиса! Бу ҳол янгича  модернистик тафаккур ХХ асрнинг муҳим глобал ҳодисаси эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу ғаройиб ҳодисани махсус ўрганиш адабиётшунослигимизнинг ҳозирги кундаги жиддий вазифаларидан бири деб ўйлайман!

 


 

ÙÀҚ ÑÛÇÍÈÍà ÊÓ×È

 

         Áóíäàí ðîïïà-ðîñà 36 éèë ìóқàääàì 30 ìèíã íóñõàäà ÷îï ýòèëãàí «Ёшлар билан суҳбат» деб аталган жажжигина  êèòîá÷à ùàì ûøà êåçëàðè êûïëàá ùàққîíèé àñàðëàð ñèíãàðè òîòàëèòàð ðåæèìíèíã қàùðèãà ó÷ðàãàí, êèòîá äûêîíëàðèãà ÷èқèøè áèëàíîқ éèғèøòèðèá îëèá ìàâù ýòèëãàí, êèòîá÷àãà ìóùàððèðëèê қèëãàí Îçîä Øàðàôèääèíîâ, óíãà ñûç áîøè ¸çãàí Ìàò¸қóá Қûøæîíîâäåê атоқли ìóíàққèäëàð, íàøðè¸ò ðåäàêòîðè  ёш истеъдодли ёзувчи Ø.Õîëìèðçàåâ “қîðà ðûéõàò”ãà òèðêàëãàí ýäè. Øóíãà қàðàìàé êèòîá÷àíèíã ùàқ ñûçãà ÷àíқîқ êèòîáõîíëàð қûëèãà òåêêàí îçãèíà қèñìè ðåñïóáëèêà áûéëàá ÿøèí òåçëèãèäà òàðқàëãàí, ÿøèðèí ùîëäà қûëìà-қûë ûқèëãàí ýäè.

         Бугунги китобхон óøáó êèòîá÷àíè қûëãà îëèá, ìóòîëàà қèëèá íèìà ñàáàáäàí ó òàúқèá îñòèãà îëèíãàíèíè áèëîëìàé ùàéðîí áûëèøè, “Óíäà áóãóíãè êèòîáõîí ó÷óí ôàâқóëîääà ùîëëàð, “ðàìêàäàí òàøқàðè” ãàï-ñûçëàð éûқ-êó! ¨çèëãàí, àéòèëãàíëàðíèíã áàð÷àñè ùàқèқàò, áîð ãàïëàð-êó” äåÿ àæàáëàíèøи ìóìêèí.

         Ùà, áóòóí ôîæèà øóíäàêè, ûøà êåçëàðè îääèé ãàïëàðíè, áîð ùàқèқàòíè àéòèø, ¸çèø íèùîÿòäà ìóøêóë áûëãàí, ùàқ ñûçíè àéòèø áàìèñîëè æàëëîä êóíäàñèãà áîøíè қûéèá áåðèø áèëàí áàðîáàð ýäè. Àíà øóíäàé ìàøúóì çàìîíäà êèòîá÷à ìóàëëèôè довюрак адиб Абдулла Қаҳҳор “êóëüò äàâðè”, ÿúíè ìóñòàáèä òóçóì àäàáèé ñè¸ñàòè, ûøà éèëëàðäàãè àäàáèé ìóùèò ùàқèäà ìàðäîíà òóðèá áîð ãàïíè äàíãàë àéòà îëäè. Óíèíã÷à, êóëüò äàâðèäà áóòóí ïðîïàãàíäà қóðîëè, æóìëàäàí, àäàáè¸òíèíã ùàì ùàð áèð ñûçè äîùèé âà äîùèé÷àëàðíèíã ùàììà қèëìèøè, ùàð áèð ñûçè  òûғðè âà îқèëîíà ýêàíèíè òàñäèқ âà èñáîò қèëèøè òàëàá қèëèíàð ýäè; øó қîëèïäà ¸çèëãàí àñàðëàð íàқàäàð ғàðèá âà íîòàâîí áûëìàñèí, áàúçàí ðàñìèé äîèðà âà äîèðà÷àëàðíèíã òàùñèíèãà ñàçîâîð áûëàð, àäàáè¸òãà ìàøúàë қèëèá êûòàðèëàð ýäè. Øóíèíã ó÷óí ¸çóâ÷è ùà¸ò ùàқèқàòèãà þçìà-þç êåëèøèäàí ìóìêèí қàäàð қî÷èøãà, áó ùàқèқàòãà ëîàқàë ¸íáîøäàí қàðàøãà, ûøàíäà ùàì êûçè òóøãàíèíè ûç ùîëè÷à ýìàñ, áûÿá êûðñàòèøãà ìàæáóð áûëàð ýäè. Êóëüò äàâðèäà ùà¸òèìèçäàãè èëëàòëàð ùàқèäà ìèíã ìóëîùàçà áèëàí àéòèëãàí ÿðèì, ùàòòî ÷îðàê ùàқèқàò ùàì “òèïèê ýìàñ”, “ñè¸ñèé õàòî”, “äóøìаí òåãðèìîíèãà ñóâ қóéèø”, “ïàñêâèëü” âà ùîêàçî ùèñîáëàíàð ýäè.

         Áó ãàïëàð Ñòàëèí âàôîòèäàí ñûíã 60-éèëëàðíèíã áîøëàðèäà, ìóñòàáèä òóçóì ñè¸ñàòèäà íèñáàòàí þìøàø þç áåðãàí áèð äàâðäà àéòèëãàí. Ìóàëëèô ûøà ìàøúóì ñè¸ñàò ùàìîí äàâîì ýòà¸òãàíèíè òàúêèäëàá ìàíà áóíäàé äåéäè: “Êóëüò äàâðèäàãè âàùèìà÷èëèêäàí ùàíóç қóòèëìàãàí øóáùà áàíäàëàðè òóõóìäàí òóê қèäèðàäè, ìàéäîíãà êåëãàí ùàð áèð àñàðíè òèðíîқëàá, ùèäëàá, èëîæè áûëñà ¸çóâ÷èíèíã áîøèãà ÷åðòèá êûðèøíè, áóëàðäàí àëáàòòà íóқñîí òîïèøíè, ëîàқàë àñàðíè øóáùà îñòèãà қîëäèðàäèãàí ùàð õèë èìî-èøîðàëàð қèëèøíè, ÷àëà-ÿðèì ãàïëàð àéòèá, ìèø-ìèøëàðãà îçèқ áåðèøíè ûçèíèíã êàñáè ùèñîáëàéäè. Áó õèëäàãè øóáùà áàíäàëàðè ó÷óí ¸çóâ÷è óëàðíèíã ùóêìëàðèíè êóòèá қîðà êóðñèäà ûòèðãàí ãóíîùêîð, êèòîáõîí, òîìîøàáèí ýñà áîғ÷à ¸øèäàãè áîëàëàð...”

         Êèòîá÷àäà ìóñòàáèä òóçóì àäàáèé ñè¸ñàòèíèíã àâðà-àñòàðèíè î÷èá òàøëàéäèãàí, áó õèëäàãè òîïèá àéòèëãàí, àéíè íèøîíãà áîðèá òåãàäèãàí îáðàçëè, òàãäîð, çàëâàðëè ãàïëàð, ëàâùàëàð òûëèá-òîøèá ¸òèáäè. ßíà àéðèì ìèñîëëàð. ¨çóâ÷è øóíäàé ëàâùàíè ¸äãà îëàäè:

         “Áîëàëèãèìäà áèð êàðòèíà êûðãàí ýäèì, Áîø ðîëíè ×àðëè ×àïëèí ûéíàãàí ýäè, øåêèëëè. Қàùðàìîí íîøóä-íîòàâîí - ùå÷ èøãà ÿðàìàéäè. Íèùîÿò, áèð қàðèíäîøè óíè ûò û÷èðèø êîìàíäàñèãà èøãà îëàäè.

- Áó åðäà íèìà èø қèëаман? - äåá ñûðàéäè қàùðàìîí.

- Ìàíà áó øëàíã, - äåéèøàäè óíãà, - қàåðäà ûò ¸ òóòóíни êûðèá қîëñàíã, äîä ñîëèá, ñóâ ñåïàâåðàñàí.

         Қàùðàìîí øó èøãà ÿðàéäè, ëåêèí óíèíã îëäèäà íà ÷èðîқ ¸қèá áûëàäè, нà ïàïèðîñ ÷åêèá - äîä ñîëèá ñóâ ñåïàâåðàäè”.

         Ýíäè ìàíà øó êóëãèëè, èñòåùçîëè ëàâùàäàí ÷èқàðèëãàí õóëîñàãà қàðàíã:

         “Ôàðîñàòäà øóíãà òåíã êåëàäèãàí áàқèðîқ íîòèқ, áàқèðîқ òàíқèä÷èäàí õóäî ñàқëàñèí!” Êèíîÿ-êåñàòèқëàð áèëàí éûғðèëãàí áó ñûçëàðíè ûқèá ûøà äàâð àäàáèé ùà¸òèíèíã êóëãèëè âà àÿí÷ëè ìàíçàðàñè øóíäîққèíà êûç îëäèíãèçäà íàìî¸í áûëàäè.

         ¨êè àäèáíèíã “Åâòóøåíêî сингари øîèðëàð, ¸çóâ÷èëàð êûíãëèäà áîðèíè àéòà¸òèáäè, õîëîñ, øóíãà ìóí÷à øîâқèí? Àõèð áóëàð êåñàê ýìàñ-êó, ûò ÷èқñà íèìà қèïòè!” äåãàí ñûçëàðè ìóñòàáèä àäàáèé ñè¸ñàò дарғаëàðèíè áàìèñîëè ÿøèí ÷àòíàøè, ìîìàқàëäèðîқ ãóëäóðîñè êàáè òèòðàòãàíè, âàùèìàãà ñîëãàíè òóðãàí ãàï!

         Íèùîÿò, ¸çóâ÷è àäàáè¸ò ùàқèäàãè ýíã àñîñèé, áîø ãàïèíè àéòаäè: “Àäàáè¸ò àòîìäàí êó÷ëè, ëåêèí óíèíã êó÷èíè ûòèí ¸ðèøãà ñàðô қèëèø êåðàê ýìàñ”. Áó àéíè ûç äàâðèäà àéòèëãàí ãàï! Øûðî çàìîíèäà àêñàð ùîëëàðäà ñûç ñàíúàòèíèíã àòîìäàí қóäðàòëèðîқ êó÷è ûòèí ¸ðèøãà, àðçèìàñ ìàéäà-÷óéäà þìóøëàðãà ñàðô ýòèëäè. Êèòîá÷àäà áóíèíã ûíëàá, áàëêèì þçëàá äàëèë-èñáîòëàðè êåëòèðèëãàí.

         Êåéèíãè éèëëàðäà øûðî äàâðè àäàáè¸òè, àäèáëàðè èæîäèé ìåðîñè, óëàðíèнг ìèëëèé àäàáè¸òèìèç ðèâîæèäàãè õèçìàòëàðè òåâàðàãèäà қèçғèí áàùñëàð áûëäè, áó õèë áàùñ-ìóíîçàðàëàð ùàìîí äàâîì ýòÿïòè. Áóòóíëàé èíêîð ðóùèäàãè қàðàøëàð áèëàí áàðîáàð, ûøàíäàé òàúқèá, òàçéèқ, қàòàғîíëàð çàìоíèäà ùàì àäàáèé æàðа¸í äàâîì ýòãàíè, êûï àñðëèê ìèëëèé àäàáè¸òèìèç ÿíãè áèð áîñқè÷ãà êûòàðèëãàíè ýúòèðîô ýòèëìîқäà, áèðîқ êûï ùîëëàðäà áó ùàқèқàò àëëàқà÷îí êàøô ýòèëãàíëèãè, қирқ йиллар áóðóí ìàçêóð êèòîá÷à ìóàëëèôè òîìîíèäàí áó ôèêð àéòèëãàíëèãè óíóòèëÿïòè. Àäàáèé æàìîàò÷èëèê òîìîíèäàí якдиллик билан ñûç ñàíúàòêîðè, ÿíãè ûçáåê àäàáè¸òèíèíã êëàññèêëàðèäàí áèðè, îқñîқîë óñòîç àäèá ñèôàòèäà ýúòèðîô ýòèëãàí Àáäóëëà Қàùùîðíèíã ûçè âà òåíãäîø-ñàôäîøëàðè ùàқèäàãè ìàíà áó ìàðäîíà ñûçëàðíè ýøèòèíã-à:”...ìåí îқñîқñîë ¸çóâ÷èëàðäàí áûëãàíèì áèëàí ùîçèðãè ¸øëàðãà ûðíàê-таълим áûëàäèãàí çûð àñàð ÿðàòãàíèìча йûқ. Øó ãàïíè ҳамма îқñîқñîë ¸çóâ÷èëàð òûғðèñèäà ùàì àéòñàì áûëàð, ùå÷ êèì: “Ìåíè ìóñòàñíî қèëèø êåðàê”, äåìàñ”.

         Äàðùàқèқàò, áóíäàé ìàðäëàð÷à ýúòèðîôëàðíè ùå÷ êèì èíêîð ýòолìàéäè, øûðî çàìîíèäà ÿðàòèëãàí, äàâð ñèíîâëàðèäàí îìîí-ýñîí ûòãàí äåÿðëè áàð÷à “åòóê àñàðëàð”äà ùàì қàíäàéäèð äàðàæàäà äàâð çóғóìè àñîðàòëàðè áîð. Øóíãà қàðàìàé, àäèáíèíã òàúêèäëàøè÷à, îқñîқñîë ¸çóâ÷èëàðèìèç êàòòà èø қèëèøäè: ðóñ âà ûçáåê êëàññèê àäàáè¸òè, õàëқ àäàáè¸òèäàí áàùðà îëèá, óìóìèíñîíèé ғîÿ áèëàí қóðîëëàíèá ùîçèðãè ÿíãè àäàáè¸òíè ÿðàòäè. ßõøè, êàòòà àäàáè¸òèìèç áоðëèãèíè, ðèâîæëàíà¸òãàíëèãèíè äûñòëàðèìèçãèíà ýìàñ, êàñá-êîðè áèçни ¸ìîíëàá íîí òîïàäèãàí äóøìàíëàðèìèç ùàì òàí îëäè... Ëåêèí ùîçèðãè àäàáè¸òèìèç íàқàäàð ÿõøè, íàқàäàð êàòòà áûëìàñèí, êåëàæàêäà ÿðàòèëàäèãàí áóþê ûçáåê àäàáè¸òèíèíã ïîéäåâîðè, ôàқàò ïîéäåâîðè áûëèá қîëàäè...

         Ìèëëèé àäàáè¸òèìèçíèíã ÿқèí ûòìèøè, ùîçèðè, êåëàæàãè õóñóñèäà ùîçèð÷à ùå÷ êèì áóíäàí îøèðèá àéòîëãàíè éûқ.

         Êèòîá÷àäàí æîé îëãàí íóòқ, ìàқîëà, ñóùáàò, òàқðèç âà ¸çèøìàëàðíèíã áîøқà æèùàòëàðè, қàòîð ôàçèëàòëàðè, õóñóñàí àäèáíèíã ¸ø èæîäêîðëàðãà æîíêóÿðëèãè, áåíèùîÿ óëêàí қàëá ñàùîâàòè, óñòîç äåãàí óíâîíãà ëîéèқ äîíèøìàíäëèãè, èáðàòè àêàäåìèê Ìàò¸қóá Қûøæîíîâíèíã êèðèø ñûçèäà áàòàôñèë ¸ðèòèëãàí. Óëàðíè òàêðîðëàøãà ùîæàò éûқ. Ìåí áó ûðèíäà àäàáèé æàìîàò÷èëèê ýúòèáîðèíè äîëçàðá áèð ìóàììîãà òîðòèøíè èñòàðäèì.

         Àáäóëëà Қàùùîðíèíã ùà¸ò âà àäàáè¸ò ùàқèäàãè қîғîçãà òóøìàãàí ғîÿò íî¸á ãàïëàðèíè ýøèòãàíëàð áîð. Қàùùîð âàôîòèäàí ñûíã, ìàíà, ñàëêàì қèðқ éèëäèðêè, ùàð éèë àäèá òóғèëãàí 17 ñåíòÿáðь куни ó ÿøàá ûòãàí õîíàäîíäà ÿқèí äûñòëàðè, øîãèðäëàðè, èæîäè ìóõëèñëàðè òûïëàíèá, óíèíã ¸ðқèí õîòèðàñè ¸äãà îëèíàäè, áèðè-áèðèäàí қèçèқ èáðàòëè âîқåàëàð, àäèá àéòãàí ôèêð-ìóëîùàçàëàð, òåøà òåãìàãàí, áóòóí áîøëè àñàðãà òåíã îáðàçëè èáîðàëàðè òèëãà îëèíàäè. Àôñóñ, óëàðíèíã àêñàðèÿòè ûøà äàâðà - ãóðóíãëàð äîèðàñèäà қîëèá êåòìîқäà. Óëàðíè ñèç àäèá ùàқèäà ¸çèëãàí õîòèðà, ìàқîëà, êèòîáëàðäàн, “Àáäóëëà Қàùùîð çàìîíдîøëàðè õîòðàñèäà” òûïëàìèäàí òîïîëìàéñèç. Áèëàìèçêè, Ùàäèñ êèòîáëàðèäàí òîðòèá, æàùîííèíã êûïëàá äîíèøìàíäëàðè ûãèòëàðè áèçãà Ïàéғàìáàðèìèç âà óëêàí ñèéìîëàðíèíã ñóùáàòдошëàðè хотиралари îðқàëè åòèá êåëãàí. Áàõòèìèçãà, Àáäóëëà Қàùùîð “ñàùîáаëàðè”íèíã àêàñàðèÿòè áàðùà¸ò. Óëàð õîòèðàñèäà ÿøàá êåëà¸òãàí àäèá ûãèòëàðèíè, àôîðèçì äàðàæàñèäàãè îáðàçëè èáîðàëàðíè ¸çèá îëèá, òûïëàá íàøð ýòèøäåê ñàâîá èøãà қûë óðàäèãàí áèð àçàìàò қàùùîðøóíîñ ìàéäîíãà ÷èқèøèíè æóäà-æóäà èñòàð ýäèì. Àáäóëëà Қàùùîð òóғèëãàí êóíèíèíã 100 éèëëèãè ùàì ÿқèíëàøèá êåëìîқäà. Áóíäàé êèòîá àäèáíèíã қóòëóғ òûéèãà ýíã ìóíîñèá ñîâғà áûëàð ýäè.

 


 

ШОИРА ҲАЁТИДАН УЧ ЛАВҲА

 

         Урушнинг охирги йили эди. Адабиёт ўқитувчимиз дарсни режадаги мавзу қолиб, «Баҳор келди сени сўроқлаб» шеърини ўқишдан бошлади. Синф сув қуйгандек жим, ўтирганларнинг кўнглида ҳаяжон, айримларнинг кўзида ёш. Сўнг домла асар муаллифи шоира Зулфия шеърининг ёзилиш тарихи, шоиранинг турмуш ўртоғи шоир Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафоти ҳақида сўзлаб берди. Ўша кундан бошлаб мен шоира Зулфия шеъриятининг шайдосига айландим, айниқса, ўз қалби гавҳари изҳори – ҳижрон ва вафо изтироблари қаламга олинган галдаги ҳар бир шеъри билан танишиш шоиранинг кўплаб мухлисралари қатори мен учун байрам бўларди. Мунаққидлик ҳунарини озми-кўпми эгаллагач, кўнглимдаги ўша туғёнларни қоғозга туширишга шайланар эдиму Зулфия опанинг салобатлари босиб, бунга журъат этолмас эдим. Ниҳоят, шоира қалб гавҳари розларининг сўнгги ва энг авжи – «Хотирам синиқлари» достони пайдо бўлди. Энди у ҳақда ёзмасликнинг иложи йўқ эди. Мақола ёзилди, афсус, шоира ҳаётлигида эмас, вафотидан сўнг «Бақо бўсағасидаги нидо» сарлавҳаси остида матбуотда эълон этилди.

         Зулфия опа ҳақидаги хотираларимдан айримларини, аниқроғи, учта лавҳани сўзлаб ўтсам.

         Биринчи лавҳа: 1965 йили Зулфия туғилган куннинг 50 йиллиги олдидан шоира таълим олган хотин-қизлар билим юртида у билан адабий учрашув ўтказиладиган бўлди. Опанинг таклифига кўра, устоз Озод Шарафиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар қаторида мен ҳам тантанада иштирок этадиган бўлдим. Ўша кезлари номи Бутуниттифоқ, балким жаҳонда машҳур шоиранинг билим юртида ўзини тутишини – бу қадар камтарлик, хокисорликни кўриб лол бўлиб қолдим. Опа билим юртига қадам қўйишлари билан тантана ўтказиладиган залга эмас, ўзи ўқиган аудиторияга олиб киришларини илтимос қилдилар. Собиқ курсдошлари, муаллимлари қуршовида аудиторияга кириб, бир вақтлар ўзи ўтирган партани бехато топдилар ва у ерда туриб устозларига «келин салом» - таъзим бажо келтирдилар. Тантана залига кирганда эса устозларининг барчаси зал тўрига ўтмагунча, у ерга чиқмайман деб туриб олдилар. Шоира айтгандай бўлди, унинг устозлари даврасида яйраб, эркатой бўлиб ўтириши маросимга ажиб файз, завқ-шавқ бахш этди. Бунақасини  биринчи кўришим эди.

         Иккинчи лавҳа:  Орадан бир йил ўтиб нашриётда «Тирик сатрлар» мажмуаси қўлёзмаси муҳокамасига тўпландик. Директор хонаси ноширлар, ижодкорлар билан тўла. Таниқли адиблар қатори Зулфия опа ҳам муҳокамада иштирок этдилар. Чўлпон теварагидаги ҳадик ҳали авжида бўлган ўша кезлари  «Тирик сатрлар» муносабати билан опанинг у ҳақда айтган сўзлари бамисоли момақалдироқ каби ўтирганларни ларзага солди. «Чўлпон «Тирик сатрлар»дан жой олган шоирларнинг  барчасидан баланд туради, - дея мардона сўзини бошлади опа ва давом этди. – Чўлпон ўз номи билан тонг юлдузи, у чинданам янги ўзбек шеъриятининг юлдузи. Уни «Тирик сатрлар»даги шоирлар қаторига қўйиш  тонг юлдузини кўкдан ерга тушириш бўлмасмикин... Мен Чўлпон шеърларини алоҳида китоб ҳолида чиқиши тарафдориман».

         Бу ўша пайтда чиндан ҳам буюк жасорат эди!

         Учинчи лавҳа: 1995 йил авжи баҳорида Тошкент Аграр университетида шоира туғилган куннинг 80 йиллигига бағишланган байрамона адабий анжуман уюштирилди. Университетнинг улкан мажлислар залини тўлдириб ўтирган талабалар, профессор-ўқитувчилар қаршисида давлат, жамоат арбоблари, олимлар, талабалар, машҳур актёрлар бирма-бир минбарга кўтарилиб дил сўзларини айтишмоқда, саксон ёшлик пири бадавлат онахон шоирамиз ўзбекона одоб-тавозе билан ўз шаънига айтилган дил сўзларини тинглаб мамнун ҳолда ўтирибдилар. Ниҳоят, каминага сўз берилди. Мен асосан шоиранинг яқиндагина «Халқ сўзи»да эълон этилган «Хотирам синиқлари» достони хусусида гапирдим, аср сўнгида яратилган бу достон шеъриятмизнинг жиддий ютуғи эканини айтиб, уни ўқув дастурига киритишга розилик беришларини илтимос қилдим. Опа қўлларини кўксига қўйиб рози эканликларини изҳор этдилар. Шундан сўнг достон олий ўқув юртлари адабиёт дастури ва дарслигидан муқим ўрин олди.

        

 


 

СОКИН КЎНГИЛ РОЗЛАРИ

 

Ўтган аср 60-йилларининг охирлари, зилзиладан сўнг талабалар шаҳарчаси биқинида университет домлалари учун қурилган бинодан оиламизга ажратилган хонага яқиндагина кўчиб борганмиз. Шу орада қадрдоним Маҳмуд Саъдий тўладан келган ўртабўй бир йигитни бошлаб келди. «Танисангиз керак, талабангиз Тоғаймурод Менгноров, журналистика бўлимида ўқийди, ҳикоялар ёзади», - дея таништирди ҳамроҳини. Дарҳол танидим, у ўқийдиган гуруҳга «Эстетика ва адабиётшунслик асослари»дан дарс берганман. Эсладим: бу йигит дарсларда доимо хаёл суриб, ниманидир шивирлагандай ўзи билан ўзи овора жимгина ўтирар, дарсда бирор марта ҳам савол берганини, баҳс-мунозараларга аралашганини билмайман. Ниҳоят, синов вақти келди, билетда қўйилган саволлар бўйича шунақа булбулигўё бўлиб  гапира кетдики, лол бўлиб қолдим, ҳатто мен кўрмаган, тавсия этмаган асарларни ҳам ўқигани малум бўлди. «Ука, шунча нарса билар экансиз, нега семинар дарсларида бирор калима ҳам сўз айтмадингиз?» десам «Характерим шунақа» деб қўя қолган эди.

         Меҳмонларни ичкарига таклиф қилдим. Стол теварагида чойхўрлик, қизғин гурунг бошланди. Маҳмуджоннинг таклифи билан Тоғай Мурод «Заранг таёқ» деб аталган янги ҳикоясини ўқиди. Ҳикояда кексайиб қолган чўпон ва унинг ўғли ҳақида гап борар, ота қўлидаги заранг таёқни кимга топширишни билмай хуноб, замона ёшлари, жумладан, ўғли  «подачи» бўлишдан ор қилади, бу ҳол қарияни изтиробга солади. Талаба ёшидаги ҳаваскор ёзувчидан бундоқ «тайёр» асар камдан-кам ҳолларда чиқади. Ҳикоядаги ўта ҳаётий, табиий, таъсирчан лавҳалар Маҳмуджонни ҳам, мени ҳам ўйлатиб қўйди, ҳар  иккимиз ҳам у ҳақда илиқ гаплар айтдик. Тоғай Мурод эса мақтов сўзларимизга парво ҳам қилмай, шундай бўлишини билгандай индамай ўтирарди. Орадан кўп ўтмай ҳикоя қайсидир журналда чиқди. Асар матни кейинчалик ёзувчининг «Момо ер қўшиғи» қиссасига бир оз ўзгартиришлар билан киритилди.

         Одатдагидек, гурунг охирида дастурхонга ош тортилди. Девзира гуручдан манқалда тайёрланган қип-қизил фарғонача паловдан татиб кўргач, «Палов пиширишни асли фарғоналикларга чиқарган» деб қолди. Мен ҳам ўз навбатида «Тандир кабобни эса сурхондарёликларга чиқарган» деб жавоб  қилдим. Кулишдик. «Сурхондарёдан бўлсам ҳам чойхона паловни хуш кўраман, асли аждодларимиз фарғоналик-да» дея илова қилди. Бу гап чинми ёки шунчаки кўнгил учун ҳазил тариқасида айтилдими – билолмай қолдим. Орадан чорак аср ўтиб ёзилган «Отамдан қолган далалар» романидаги энг нурли сиймо «Фарғоначи Жамолиддин»ни муаллиф дилига яқин олиб чин самимий эҳтиром билан тасвир этади. Бу персонаж Тоғайнинг аждодларидан бўлса ажаб эмас.

         Шу-шу Тоғай Муроднинг матбуотда чиққан ҳар бир асарини кузатиб, ўқиб борадиган бўлдим. У адабиётга шошилмай секингина кириб келди, илк машқларидан то эл оғзига тушган «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси чиққунга қадар ўн йилча вақт ўтди. Ҳар гал унга дуч келганимда «Нега матбуотда кам кўринасиз?» деб сўраганимда ҳамиша «Ўқияпман, ўрганаяпман, жиддийроқ нарса ёзишга тайёрланаяпман» деган жавобни олардим. Бундай жиддий тайёргарлик изсиз кетмади. Бирин-кетин «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» эълон этилди, бу асарларнинг ҳар бири адабий ҳаётимизда жиддий воқеа бўлди. Ҳамкасб мунаққидлар қатори мен ҳам бу қиссалар ҳақида кўнглимдаги гапларни айтганман, ёзганман.

         Тоғай ниҳоятда босиқ, вазмин кўринса-да  таби ўта нозик, куюнчак одам эди. Сал нарсага бирдан ловиллаб кетарди. Ёзувчилар уюшмасидаги мажлислардан бирида «Она ер қўшиғи» хусусида илиқ гаплар билан баробар қисса бир оз тарафкашлик билан ёзилгани, муаллиф ўзи суймаган қаҳрамонига жамики салбий иллатларни ёпиштираверганини айтувдим, залда ўтирган  Тоғай шартта ўрнидан туриб бундай эътирозга қўшилмаслигини билдирди. Шундан кейин анчагача кўча-кўйда унга дуч келганимда ҳатто саломимга алик ҳам олмай юрди.

         90-йиллар бошлари бўлса керак, янги ҳовлимизга кутилмаганда Тоғайнинг ўзи танҳо ҳолда кириб келди. Ўша кезлари шаҳарда тарқалган гриппдан азият чекиб эндигина ўзимга кела бошлаган, дилимга яқин суҳбатдошни қўмсаб ётган эдим. Боз устига орадаги гинахонликни унутиб Тоғайнинг хонадонимизга кириб келиши кўнглимни тоғдай кўтариб юборди. Одатдагидай нон-чой, Тоғай хуш кўрадиган девзира гуручидан ўчоқда тайёрланган фарғонача палов... Энг муҳими, тун ярмигача давом этган ҳам мароқли, ҳам дарду ҳасратларга тўла ҳазин суҳбат. Тоғай мени ўзига яқин олиб дилидаги жамики дарду дунёсини  тўкиб солди. Ўша куни мен Тоғайни янгидан кашф этгандай бўлдим. У ҳақдаги аввалги тасаввурларим гўё ост-уст бўлиб кетди. «Домла, Маъсумага уйланганимдан хабарингиз бор, - дея энг азиз, нозик дил розини оча бошлади. – У аломат аёл, яхши ёзувчи. Дунёда онамдан кейин мени тушунадиган, қадримга етадиган зот шу! Турмушимиз жойида. Фақат биргина армонимиз – тирноққа зормиз. Шифокорларга қаратдик. Иккимиз ҳам соппа-соғ. Аллоҳнинг ўзи бермаса иложи йўқ экан...»

         Дарҳол «Ойдинда юрган одамлар» хаёлимдан ўтди. Қоплон тимсолида Тоғай ўз дарду дунёсини тасвирлаган экан-да деган ўйга бордим. Шу ҳақда сўз  очган эдим, Тоғай «Э,  домла, «Ойдинда юрган одамлар»ни тўйимиздан беш йил  бурун ёзганман. Олдиндан қилинган башоратми, интиуция кароматими ёки пешонага битилганими, қаранг,  ўзим яратган Қоплоннинг куни ўзимнинг бошимга тушиб ўтирибди...»

         Тоғайнинг қайта қуриш, ошкоралик даври алғов-далғовлари, маънавий ҳаётдаги эврилишлар, зиёли ижодкорлар давраларидаги беҳуда даҳанаки жанглар хусусидаги ҳасратларидан чанг чиқарди. Икки-уч ёзувчи-шоирдан бошқаси – барча-барчаси унга бегона, у менга гўё ғанимлар қуршовида қолгандай туюлди ўша топда. «Қайси даврага кирсам ижод ўрнига ғийбат, мен бунақа давралардан ўзимни четга олиб юрадиган бўлиб қолдим» дея ҳасратларига якун ясагандай бўлди.

         Бир оз сукутдан кейин яна қизишиб сўзида давом этди: «Ғанимларимнинг даъвосича, гўё мен этнограф, шунчаки бахши қаламкаш эмишман. «Деновдан нарига чиқолмайсан, нарёқда нималар бўлаётганини кўрмайсан, жаҳон адабиётидан бехабарсан, модернизм нима, абсурд, онг оқими нима   - билмайсан, Нитше, Фрейд, Кафка, Жойс, Камюга тишинг ўтмайди» дея ташлансалар бўладими менга бу «билағон» нодонлар. Ишонинг, Умарали ака, мен Нитшени, Фрейдни, Кафка, Жойс, Камюларни, модернизм адабиётини улардан кам эмас, ортиқроқ биламан. Нитше «Зардушт»ини, Кафка «Жарён»ини, Камю «Бегона»си билан «Вабо»сини бир эмас, бир неча бор ўқиб чиққанман, Жойснинг «Уллис»ини ҳам «Иностранная литература»да русча таржимаси чиқмасдан бурун қўлёзмасини топиб ўқиганман, ҳатто уни ўзбекчага таржима қилишни кўнглимга тугиб қўйганман. Бу олифталарнинг модернча машқлари тақлиддан нарига ўтмайди, ёзганлари таржимага ўхшайди. Мен уларга ҳақиқий «ўзбекона модерн», «ўзбекона абсурд», «ўзбекона онг оқими» қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман...»

         Сиртдан ўта босиқ, табиатан сокин кўринган бу одамнинг қалбида шунчалар дард, изтироблар борлигидан огоҳ    бўлиб ҳайратда қолдим.

         Замонавий жаҳон фалсафаси, адабиёти, уларнинг улкан намояндалари, мен эшитган, эшитмаган, ўқиган, ўқимаган асарлар ҳақида шу қадар тўлиб-тошиб гапирдики, кўплар назарида «этнограф, бахши қаламкаш» бўлиб кўринган бу ўғлонни теран фикрлайдиган замонавий етук бир файласуф,  забардаст замонавий мутафаккир адиб қиёфасида кўриб ич-ичимдан қувондим. Бу беором қалб соҳиби, мутафаккир  ижодкор яқин келажакда миллий адабиётимизда албатта жиддий бадиий кашфиётлар яратажагига ишонч ҳосил  қилдим. Адибнинг галдаги «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асарлари мендаги мана шу ишончни тўла оқлади, деб дадил айта оламан.

         Ҳар икки асарда ёзувчининг ўз асри,  замонаси, замондошлари ҳақидаги ўй-мушоҳадалари, қалб изтироблари тўла-тўкис ифодасини топган. Тоғай Мурод танқидчиликда кўпроқ анъанавий бахшиёна йўналишдаги ёзувчи сифатида талқин қилинади. Бунинг учун муайян асос бор, албатта. Тил, ифода, оҳанг тарзи қадим достонларни ёдга солади. У фольклор тажрибаларига таянган ҳолда миллий насримизда янгича бетакрор услуб ихтиро этди. Бироқ унинг адабиётимиздаги энг жиддий бадиий кашфиёти, менингча Шахс талқинидаги янгиликдадир. Бу борада ўзи севиб ўқиган, ўрганган Кафка, Жойс, Камю бисотларидан ўтган нималардир бор.  Шахс табиати, бахти, бахтсизлиги, қисмати талқинида Тоғай ХХ аср жаҳон модерн адабиётининг энг муҳим тамойилларига ҳамоҳанг йўллардан борди. Шахсни ижтимоий мавжудот сифатида англашдан бутунлай чекинмаган ҳолда унинг қисматидаги сирли-сеҳрли, илоҳий, тушуниш, тушунтириш мушкул бўлган сир-синоатлар, туғма  табиий омилларнинг ролини -ўрнини фавқулодда бир маҳорат билан очиб беради, инсон руҳиятининг ғаройиб нағмаларини,    қон-қонига сингиб кетган ақидалар уни не-не кўйларга солишини, мана шундай кимсаларнинг фикрлаш йўсинидаги – тафаккур оқимидаги  жараёнларни синчковлик билан кузатади, чуқур бадиий таҳлил этади.

Мен ушбу хотираларни қоғозга туширишга ҳозирлик кўраётган кезларим жаҳон адабий ҳаётида ғаройиб бир воқеа содир бўлди. Биз шу пайтга қадар улкан ёзувчи-адибларнинг туғилган, буюк асарларининг дунёга келган саналарини юбилей сифатида нишонлашга одатланганмиз. Бу галгиси ўзгача бўлди: ирландияликлар 2004 йил 16 июн куни «Улисс» романида тасвир этилган воқеларнинг 100 йиллигини улкан байрам сифатида нишонлади. Телевидениенинг Би-би-си канали айни романда акс этганидек, ўша куни эрталаб соат 8 дан тунги 3 га қадар Дублин кўчаларидан, асар воқеалари юз берган манзиллардан, қаҳрамонлари юрган сўқмоқлардан репортажлар бериб борди. Бу ноёб асар, унинг муаллифи қисматига оид  маълумотлар билан таништирилди. Роман ўз Ватанида   ҳам ўтган асрнинг 60-йилларига қадар қадрланмагани, таҳдиду таъқибларга дучор бўлгани, романни англаш ниҳоятда қийин кечгани ва ниҳоят янги замон оқиллари «Улисс» кейинги юз йилликда инглиз тилида яратилган энг яхши асар деган хулосага келганлиги таъкидланди. Жойснинг жаҳон адабиёти тарихидаги энг муҳим кашфиёти шундан иборатки, у «Улисс»га қадар мавжуд адабий қолипларни бузиб инсоннинг асл фикрлаш тарзи суратини чизиб берди. Академик Д. Лихачев сўзари билан айтганда, «Улисс» даҳо инсоннинг фикрлаш тарзи, тафаккур мевасидир. Инсон заковатини ўрганиш сари қўйилган жиддий қадам, инсон ва ҳаётнинг янгича мадҳиясидир. 

Мен телеэкран қаршисида шу репортаж, мароқли суҳбатларни томоша қилар эканман, 80-йиллар шароитида «Улисс» романи ҳатто рус тилида чоп этилмаган кезлари Тоғай Москвада таълим олиб юрган чоғлари бу асарни қўлёзма ҳолда топиб ўқиб-ўргангани, уни она тилисига таржима этишга аҳд қилгани, матбуотдаги бир интервьюсида китобхонларга бу ҳақда ваъда берганини эсладим. Билмадим, Тоғай Муродга қадар яна қайси ўзбек зиёлиси, адиби «Улисс»ни ўқиган, астойдил ўрганган экан... Ўша куни Тоғай хонадонига – унинг вафодор турмуш ўртоғи Маъсума Аҳмедовага телефон қилиб «Улисс» таржимаси тақдирини суриштирдим. Маъсуманинг айтишича, Тоғай ҳақиқатан ҳам «Улисс» романидан каттагина қисмини– юз саҳифасини таржима қилган экан. Афсус, қўлёзманинг тақдири номаълум: ё таржима таржимонга ёқмай йўқ қилинган, ёки қаергадир ташлаб қўйилган.

Жойс, шунингдек, Кафка, Камю сингари ХХ асрнинг буюк сиймолари ижоди, шоҳ асарларига астойдил қизиқиш адибнинг ижодий тақдирида чуқур из қолдиргани аён. Қаранг, «Жараён», «Улисс» воқеалари тор бир  макон – Прага, Дублин шаҳарлари ҳудудида юз бергани сингари «Отамдан қолган далалар»да, асосан, бир жамоа хўжалиги, «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида эса кичик бир шаҳарча доирасидаги ҳодисалар қаламга олинади. Кафка, Жойсдаги каби Тоғай Мурод романларида ҳам асосан бош қаҳрамоннинг руҳий саргузаштлари, қалб  изтироблари таҳлили асарлар асосини ташкил этади. «Жараён»даги каби тоталитар режимнинг бегуноҳ одамларни жиноятчига чиқариш механизми зўр маҳорат билан акс эттирилади. Боз устига Тоғай ўз асарларида Камю тасвирлаган Сизифнинг тош думалатишдан иборат азобли, беҳуда-бесамар фаолиятини эслатадиган қаҳрамоннинг маънисиз ўтган ҳаёт йўлини теран таҳлил этиш йўлидан боради. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи эса бошдан-оёқ Жойс тажрибасини эсга соладиган, персонажнинг ички монологи – асов тафаккур оқими ифодасига қурилган. Бироқ бирор ўринда ҳам на «Жараён»га, на «Улисс»га ошкора тақлид йўқ. Муаллифнинг ўз сўзлари билан айтганда соф «ўзбекона модерн», «ўзбекона абсурд», «ўзбекона онг оқими»...

Қисқаси, Тоғай Муроднинг кейинги йирик асарларида ХХ аср жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан шу хил муштарак жиҳатлар бисёр. Дадил айтиш мумкин: Тоғай Мурод шунчаки «маҳаллий» қаламкаш эмас, янги жаҳон адабиёти мезонлари билан ёндашганда ҳам тўлақонли романлар яратган етук замонавий  санъаткордир.

Тоғай Мурод ўз шаънини, қадрини, даражасини билган, ҳар қандай камситишларга муросасиз, аммо мақтовларга асло учмайдиган ғурури баланд сўз санъаткори эди. Ҳеч қачон унинг ўзгалардан ўзи ҳақида мақтов, ширин сўз кутиб ялтоқланганини кўрган эмасман.  Аксинча, мақтовлардан қочиб юрарди. «Отамдан қолган далалар» романининг Ёзувчилар уюшмасидаги муҳокамасига мақтов сўзлар айтилишини билиб атай келмаган эди. Роман ҳақида «Халқ сўзи»да мақолам чиққанда, менинг қаламимга мансуб унинг ижодий портерига оид мўъжазгина ишим «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи»  дарслигига киритилганида, ниҳоят, «Ўзбекистон  адабиёти ва санъати»даги «Энг муҳим муаммо» сарлавҳали суҳбатимда «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи хусусида кўпчиликка маъқул тушган янгича кузатишларимни айтганимда - бирор марта ҳам ўзга адиблар сингари менга телефон қоқиб миннатдорчилик билдиргани йўқ. Сўнгги китоби «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романини ҳам автографсиз жияни орқали менга бериб юборган эди. Менинг у ҳақда ёзганларим унга маълуммикан, маълум бўлса, маъқул тушганмикан деган ўй-хаёлда юрардим. Тоғай вафотидан кейин Маъсумахон менинг ҳар бир чиқишимдан у хабардор эканини, «Умарали ака мени олий ўқув юрти дарслигига раво кўрибди» дея бениҳоя миннатдор бўлганини, ҳатто «Отамдан қолган далалар» ҳақидаги мақолам чиққан «Халқ сўзи»нинг бир дўкондаги ҳамма сонларини сотиб олиб авайлаб сақлагани ҳақида гапириб берди. Биламанки, кўнглидаги миннатдорчилик туйғуларини менга ошкор этишга ғурури йўл бермаган.

Шу кунларгача Тоғай Мурод тўғрисида ёзган нарсаларим савия-даражаси ўзимга аён, улар ҳар жиҳатдан Тоғай Мурод бадиий кашфиётлари даражасида эмаслигини сезиб тураман. Лекин Тоғай Муроддек ғаройиб сиймо, ноёб истеъдод эгаси ёзганларимдан мамнун бўлгани, бу дунёдан менинг камтарона ишларим учун миннатдор ҳолда кетганлигидан кечикиброқ бўлса-да хабардор бўлиш мен учун катта бахт!

 

 


 

ИЖОД ВА ШИЖОАТ

        

         Дунёда мукофоту унвонларнинг тури кўп. Аммо бутун бошли мустақил мамлакатнинг, озод халқнинг қаҳрамони деган номга сазовор бўлиш буюк шараф. Озод Шарафиддинов адабиётшунос-танқидчилар, умуман, олим зиёлилар орасида биринчи бўлиб Республикамизнинг энг олий мукофоти - Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Президентимизнинг бу ҳақдаги фармони эълон этилганда бутун илмий-адабий жамоатчилик Озод акани бу қутлуғ мукофот билан чин дилдан қутладилар, якдиллик билан у Қаҳрамон деган унвонга ҳар жиҳатдан муносиб деган гапни айтдилар.

         1999 йили “Университет” нашриёти Озод Шарафиддинов ҳақидаги замондошларининг дил сўзларидан иборат тўплам чоп этган эди. Китоб “Матонат ва муҳаббат” деб номланган. Мана шу икки сўзда устоз Озод Шарафиддиновнинг асосий хислатлари мужассам бўлган. Дарҳақиқат, Аллоҳ берган беназир истеъдод соҳиби бўлмиш бу одам Қодирий ибораси билан айтганда, “шахси бутун“ зот, матонатли, шижоатли, мард, довюрак инсондир. Қалби ҳаётга, одамларга, эл-юртга, дўсту биродарларига, шогирдларига, китобга, сўз санъатига бу қадар меҳр билан ёнган саховатли инсон кам топилади. Унинг онгли умр йўли, ярим асрдан ошиқ ижтимоий, ижодий фаолияти улкан муҳаббат билан йўғрилган матонат ва шижоатлар силсиласидан иборат.

         Озод Шарафиддинов адабиёт, адабий танқид майдонига ўтган аср 50-йилларининг ўрталарида, мамлакатда мустабид тузум адабий сиёсати қисман юмшаган, эркинлик шабадалари эса бошлаган бир пайтда кириб келди. Ўша кезлари адабий ҳаётда, танқидчилик ривожида янги бир тўлқин бошланди. Озод ака ана шу тўлқиннинг олдинги сафида борди, сўз санъатидаги соғлом кучлар, умидбахш тамойилларнинг, навқирон истеъдодларнинг ихтирочиси ва ҳимоячиси сифатида танилди. Унинг “Лирика ҳақида мулоҳазалар”, “Замон - қалб - поэзия”, “Ниҳоллар” мақолалари шеъриятни, умуман, адабий жараённи янгича англаш, идрок ва талқин этишнинг ёрқин намуналари эди. Мунаққид адабиётимиз осмонида митти юлдузлар - Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар пайдо бўлганида - бу истиқболи порлоқ чин истеъдодларни танқидчиликда илк бор кашф этди, уларни янги ижодий парвозларга руҳлантирди. Устоз ва сафдошлари - Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби даврнинг пешқадам адиблари қалами остидан чиққан деярли ҳар бир янги асар Озод ака нигоҳидан ўтиб, сўнг дунё юзини кўрар, матбуотда бу синчков мунаққиднинг одилона баҳосини олар эди. Айни пайтда мунаққид устози Абдулла Қаҳҳордан руҳланиб адабиётдаги халтурага, ўртамиёначиликка қарши мардона кураш олиб борди. 40-50-йилларда кенг тарқалган ўта сиёсатлашган, нуқул мустабид тузум мафкураси тарғиботига қаратилган, қуруқ риторика, ваъзхонликдан иборат “шеърият”нинг авра-астарини очиб ташлади, улардан кўплаб намуналар келтириб, “Шеърми шу асарлар, поэзия борми уларда?” деган кескин саволни қўяди ва теран илмий таҳлил, рад этиш мумкин бўлмаган далил ва мантиқ асосида “йўқ!” дея жавоб бера олди. 50-йиллар шароитида бундай фикрни айтиш мислсиз жасорат эди. Чунки кескин танқид остига олинган “шеърлар” муаллифлари унча-мунча ҳаваскор қаламкаш эмас, даврнинг донгдор шоирлари эдилар, бунинг устига уларниниг танқид остига олинган шеърлари “ғоявий” жиҳатдан сиёсатга тўла мос эди.

Озод Шарафиддиновнинг ХХ аср янги ўзбек адабиётининг мустабид адабий сиёсат тазйиқи ва таҳдидлари туфайли топталган тарихини тиклаш, қатағон қилинган адиблар меросини халққа қайтариш йўлидаги жонбозликлари айни илмий-ижодий жасоратнинг чин намунасидир. Мустабид тузум шароитида бундай кураш ва шижоатлар қанчалар қимматга тушганлигини, эҳтимол, ҳозирги ёш авлод яхши билмас. Мунаққид «Тобутдан товуш» комедияси ҳақидаги илҳом ва эҳтирос билан ёзилган мақоласи, мафкуравий-сиёсий жиҳатдан «номақбул» шеърлар муаллифлари Э.Воҳидов, А.Ориповларга устозлик қилгани учун таъна-дошномларга учради, у муҳаррирлик қилган «Тирик сатрлар» тўплами, А.Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат“ китоби қатағонга учради; Чўлпон шеърияти, замонавий адабий жараён, қатор назарий масалаларга оид илмий мулоҳазалари, адабий анжуманлардаги дадил чиқишлари жиддий «сиёсий хато»ликда айбланиб, мунаққиднинг қутлуғ номи бадном этилди... Мен шу каби сон-саноқсиз нохуш воқеа-ҳодисаларнинг, таъқибу таҳдидларнинг барчасига бевосита шоҳидман. Бу хил кетма-кет зарбалар унинг дилини қанчалар вайрон қилганлигини кўриб ўзим ҳам эзилганман. Агар мундоқроқ одам бўлганида бир-икки зарбадан сўнг аллақачон адабиёт, фан майдонидан этак силтаб кетган бўлар эди. Бироқ устоз танидаги, руҳидаги мислсиз матонат, чексиз ҳаётсеварлик туфайли бу хўрликларни енга олди, аҳдидан, танлаган йўлидан қайтмай шижоат билан илмий-ижодий, педагогик фаолиятини давом эттирди.

         Ниҳоят, истиқлол кунлари келди. Озод Шарафиддинов сингари заҳматкашлар елкасига ҳам офтоб тегди. Унинг янги босқичдаги илк машғулоти – ўттиз йиллик орзу-армони Чўлпонни юзага чиқаришдан бошланди. «Кеча ва кундуз» романи мунаққид сўз бошиси билан қайта дунё юзини кўрди. Унинг раҳбарлигида Чўлпоннинг аввал бир жилдлик, сўнг уч жидлик асарлари нашрга тайёрланди, «Адабиёт надир» тўплами чоп этилди. Чўлпон ижоди тадқиқига бағишланган илк диссертацияларга раҳбарлик қилди; Чўлпон адабий меросига оид кўплаб мақолалар, иккита рисола яратди. Айниқса, «Чўлпонни англаш» асари маънавий-маданий ҳаётимизда муҳим ҳодиса бўлди. Бу эссе мустабид тузум шароитида қадр топмаган беназир истеъдод, ХХ аср шеъриятининг ёрқин юлдузи тўғрисидаги аср ижодий зиёлиларининг ўзига хос қалб нидоси, армон, афсус-надоматлари ифодасидир. Устоз иштирокида яратилган «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи» дарслиги (1999) янги миллий адабиётмизнинг истиқлол руҳи билан йўғрилган илк илмий тарихи сифатида қадрлидир.

         Озод Шарафиддинов жисмонан ва руҳан ҳар қанча соғлом, матонатли бўлмасин, узоқ йиллик мунтазам тазйиқ, таҳдид, камситишлар барибир ўз асоратини кўрсатди: 90-йиллар ўрталарига келиб у оғир дардга чалинди, икки бор жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди, оёғидан ажралди, бунинг устига бошқа хасталиклар қўшилди. Ўша оғир дамларда юртбошимиз унинг ҳолидан хабар олиб, унга ҳар жиҳатдан далда бериб турди, «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлади. Мунаққиднинг 70 ёшлик юбилейи муносиб бир тарзда ўтди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан «Жаҳон адабиёти» журналининг ташкил этилиши ва журналга О.Шарафиддиновнинг бош муҳаррир этиб тайинланиши бу аллома фаолиятида янги саҳифа очди.

         Улкан эҳтиром, ишонч-эътибордан руҳ олиб, кексалиги ва хасталигага қарамай мислсиз ғайрат-шижот билан ижодий ишга киришди. Аввало, журнал бош муҳаррири сифатида моҳир ташкилотчи эканини намойиш этди. Қаранг, 1997 йилдан буён у бошқараётган қалин журнал йилига 12 марта мунтазам чиқиб турибди, журнал миллат фарзандларини жаҳон билан, жаҳон адабиёти дурдоналари билан таништириш бобида қанчалар савоб ишлар қилаётгани адабий жамоатчиликка аён. Шуниси муҳимки, журналнинг деярли ҳар бир сонида Озод аканинг ё роман, ё қисса, ё драма, ё публицистик, адабий-танқидий мақолалар таржимаси билан танишасиз. Мутаржим шу йиллар давомида бир улкан таржимон умр бўйи адо этиши мумкин бўлган ишни аъло даражада бажариб қўйди. Бугина эмас, шу давр мобайнида устознинг жамоатчи, публицист сифатида истеъдодининг янги қирралари очилди. Бу алломанинг турли анжуманлардаги, радио ва телевидениедаги мунтазам чиқишларида, газета ва журналлардаги публицистик мақолаларида замоннинг ўткир долзарб муаммолари нақадар дадил, ҳалол ва билимдонлик билан ўртага қўйилаётганлигига ҳаммамиз бевосита гувоҳмиз. Бундай чиқишлар неча бор муносиб тақдирланди ҳам.

         Устознинг янги босқичдаги ижтимоий, ижодий фаолияти нақадар хилма-хил бўлмасин, биринчи галда, у мунаққид, адабиётшунос адиб сифатида ўзининг янги сўзини айтди, айтмоқда. Мунаққиднинг кейинги ўн йил давомида чоп этилган рисола, мақола, эссе ва адабий суҳбатлари янгиланаётган замонавий миллий адабий тафакккурнинг ёрқин намуналаридир. Уларнинг аксарияти сарҳисоб, хасби ҳол характерига эга. Мустабид тузум адабий сиёсатининг тафаккурдаги асоратларидан дадил воз кечиб ХХ аср янги ўзбек адабиёти тарихини янгича қайта идрок этиш, таҳлил ва талқин қилиш, қолаверса, умуман, бадиий ижодни, ижодкор шахсини, инсон зотини шўро даврида шаклланган андозалардан ҳоли умумбашарий мезонларда туриб чин инсоний, илмий англаш – О. Шарафиддиновнинг янги босқичдаги адабий-танқидий ишларига хос энг муҳим хислатлардир. Босиб ўтилган йўлни, адабиётимиз тарихи ва адибларимиз ижодини тубдан қайта баҳолаш, янгича талқин этишга чоғланар экан, мунаққид нуқул кимларнидир қоралаш, ўзгаларга маломат тошларини ёғдириш йўлидан бормайди; табиийки, мутаассиб, жоҳил кимсаларнинг қатағонлар замонидаги қора ишларини, кечириб бўлмас гуноҳларини асло унутмайди; айни пайтда, мунаққид бизни чин истеъдодлар қисмати, ижодидаги машъум замона асоратлари билан боғлиқ ҳолатларни тушунишга, уларни чин дилдан тўғри англашга ундайди.

Адабиётшунос олимнинг қирқ йиллик фаолияти шўро замонида кечди. Гарчи ўша йиллари ҳам мунаққид, боя айтилганидек, ҳақиқат ва адолат йўлида мардона кураш олиб борган бўлса-да, барибир чархи кажрафторининг турфа ўйинларида озми-кўпми иштирок этган. Ижодкор одам учун ўз айбини тан олиш, ўзининг умр ва ижод йўлини мардона туриб тафтиш ва таҳлил этиш, ундан ибратли сабоқлар чиқариш ҳам савоб иш. Аслида ўзликни англаш ҳам улкан бахт! Ўзини англамай туриб ўзгаларни англаш мумкин эмас. Бу борада ҳам О.Шарафиддинов ҳамкасб тенгдошларига ибрат бўларли жасорат кўрсата олди.

 Устоз асарларига хос яна бир муҳим фазилат шуки, у бирор адибнинг ижодий тақдири ёки алоҳида асари ҳақида баҳс юритар экан, муаллифнинг фикр-мулоҳазалари фақат шу адиб, шу асарларгагина оид бўлиб қолмасдан, давр адабий жараёнига дахлдор бўлиб чиқади, миллий адабиёт ривожидаги муҳим, жиддий ҳодиса-тамойиллар моҳиятини очишга қаратилади. Чунончи, «Чўлпонни англаш» рисоласидаги бу беназир истеъдод, у қолдирган ноёб адабий мероснинг етмиш йиллик машаққатли қисмати, шоир шаънининг топталиши бутун бир даврнинг, тузумнинг иллати, фожиаси, миллатнинг кўргилиги тарзида талқин этилади. Ҳамза ҳақидаги тадқиқотда эса, бу улкан адибнинг сохта усуллар билан улуғланиши – бир хилдаги қизил ранглар билан чулғаб бирёқлама талқин этилиши аслида унга нисбатан ҳурмат эмас, ҳақорат, бўҳтон эканлиги очиб берилади. Мустабид адабий сиёсатнинг қабиҳлиги шундаки, у чин истеъдодларни қоралаш, шаънини топташ бобида эмас, «улуғлаш» ишида ҳам жиноят йўлидан борган. Тадқиқотда мана шу шафқатсиз ҳақиқат бутун даҳшати билан кўрсатилади. Фитратга оид мақолада бу улуғ мутафаккирнинг биргина асари «Ҳинд саёҳи» таҳлили орқали адибнинг миллат, тарих олдидаги буюк хизмати устида гап боради; мазкур асар ўз даврида жадидчилик ҳаракатининг дастури – манифести бўлганлиги таъкидланади.

         Мунаққиднинг замонавий адабий жараён, мустақиллик даври адабиётига бағишланган адабий ўй, суҳбатларида ўткир баҳсли муаммолар кўтарилади, одатдагидек, бу масалалар хусусида ҳам фақат устоз айтиши мумкин бўлган дадил гаплар айтилади. Бугунги адабиётнинг қаҳрамони давр авзойига қараб тадбиркор бўлиши керак деган даъволар ўртага қўйилаётган бир пайтда, олим сўз санъати учун қаҳрамоннинг ҳаётдаги мавқеи, касб-кори эмас, биринчи навбатда, шахс жумбоғи, моҳияти, бадиий талқини, бу борадаги ижодкорнинг янги гапи муҳимлигини таъкидлайди. Шўро ҳокимияти йилларида ягона соцреализмдан бошқа ижодий оқимлар, жумладан, модернизм кескин рад этилган эди. Истиқлол туфайли бизда ҳам хилма-хил адабий мактаблар ривожи учун шароит ҳозирланди, модернистик тамойиллар адабий ҳодиса тусини ола бошлади. Адабий танқидчиликда бу ҳодисага ўта маҳлиё бўлиб кетиш, ўринли-ўринсиз уни ҳимоя этиш, ёки аксинча, ақидапарастларча уни миллий заминга ёт, зарарли ҳодиса сифатида кескин рад этиш ҳолларига дуч келдик. Адабиётшунос олим модернизм ХХ аср миллий адабиётимиз учун бегона эмаслигини, бугунга келиб унинг етакчи тамойилларидан бирига айланиши замон тақозоси, табиий ҳол эканини таъкидлаш билан баробар, уни жўн талқин этишдан бизни огоҳлантиради, бу жараённи бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари билан бор ҳолича холисона таҳлил ва талқин этишга ундайди.

         Озод Шарафиддинов сўнгги йилларда хотира-эссенавис сифатида танилди. Сўз санъати дарғалари, устоз адиблар, қаламкаш дўстлари, шогирдлари, шунингдек, илм-фан, маърифат аҳли, жамоат арбоблари ҳақида бири биридан гўзал бадиалар яратди. Уларни бемалол бу жанрнинг замонавий жаҳон адабиётидаги энг яхши намуналари қаторига қўйиш мумкин. Эсселар қаҳрамони муаллифга шахсан таниш, дилига яқин одамлар бўлгани, айни ўша шахсий дахлдорлик, ёрқин хотиралар асарларга ажиб самимият бахш этади, бу асрлар саҳифаларидан замондош алломаларнинг сиймоси бор бисоти, бутун жозибаси билан кўз олдингизда гавдаланади, улар худди бадиий асар каби шавқ билан ўқилади. Дарвоқе, уларда устоздаги илмий танқидий тафаккур билан бадиий истеъдод ўзига хос тарзда туташиб кетган. Муаллиф эссе қаҳрамонлари ижодини, асарларини батафсил талқин ва таҳлил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Улар илмийликка, «адабий портрет»ликка даъво қилмайди. Биринчи навбатда, муаллифни асар қаҳрамонларининг шахсияти, қанақа одамлиги қизиқтиради, Ойбек ибораси билан айтганда, «гапи қанақа», «юриши қанақа», «қилиғи қанақа» - шуларни қаламга олади. Айни пайтда, улар ижодига, асарларига хос нозик, бетакрор кузатишларни ҳам йўл-йўлакай изҳор этади. Чунончи, «Ғафур Ғуломнинг кулгиси» бадиасида буюк шоир табиатига хос ҳазилкашлик, қувноқлик, сўз ўйинлари, топқирлик каби хислатларини таърифлар экан, шу билан баробар ҳазил-мутойиба - юмор аллома адиб учун ўша тоталитар режим замонида қалтис вазиятлардан эсон-омон чиқиб кетиш воситаси бўлганлигини эслатади. Абдулла Қаҳҳорга бағишланган эсселарида эса адиб табиатига хос юксак маданият, жиддийлик, қатъият, оилада, тор давраларда ҳам, минбарда, кенг жамоатчилик олдида ҳам фақат ҳақиқатни айтиш одатига урғу беради. Зулфияга бағишланган асарда шоира табиатидаги зукколик, нафосат туйғуси, умумжаҳон миқёсида фикр-мулоҳаза юритиш хислатлари очилади. Кибриё опа табиатида Шарқ, хусусан, форс мумтоз адабиётининг улкан билимдони, жамоатчи бўлган бу аёлнинг оилада чинакам бека, Абдулла Қаҳҳордек адибнинг садоқатли умр йўлдоши, «эр изнидан чиқмайдиган» малика, тенги йўқ пазандалиги кўплаб ҳаётий далиллар орқали кўрсатилади. «Муашшаҳ»да олим Абдулла Орипов билан илк танишувдан тортиб ҳозирги кунга қадар қирқ йиллик мулоқотларини, сафардаги кузатишларини бирма-бир ҳикоя қилади. Айниқса, шоирнинг Япония сафари таассуротлари, Ориф бобо ва Турди момо ҳақидаги дил сўзлари, оддий китобхон Мансурхўжа ҳикояси эссега ўзгача файз бахш этади.

         Эсселардаги ижодкор шахсига, умуман, инсон зотига ёндашув усули, тарзи замонавий адабиёт учун принципиал аҳамиятга эга. Шахсга ижтимоий ёндашув устивор бўлган кезларда асарда персонажнинг ижтимоий мавқеи, ҳодисларнинг социал моҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этар эди. Жаҳон тараққийпарвар адабиёти тажрибаси шахс социал ҳодиса бўлиши билан баробар сирли, сеҳрли хилқат, унинг табиати, ҳаёти ҳеч қанақа қолипларга сиғмайдиган ажиб бир жумбоқ эканини бот-бот исбот қилмоқда. Устоз бадиаларида қаламга олинган ижодкорларнинг ҳар бири шахс сифатида жумбоқ; муаллиф мана шу жумбоқни ўзича англаш, тушуниш, ўзгаларга тушунтириш йўлидан боради. Биргина мисол. Кибриё опанинг ота-оналари, улар оиласининг ғаройиб тарихи ҳақидаги ҳикояни эсланг. Улар оила қуришганда куёв 52, келин эса 16 ёшда бўлган. Шўро даври тасаввури бўйича, шу фактнинг ўзиёқ кескин қораланишга лойиқ: бу феодал одат, тенгсиз нигоҳ, оилавий фожианинг айни ўзгинаси. Қизиқ, мана шу «феодалларча тенгсиз нигоҳ» асосига қурилган оилада узоқ йиллар тотув ҳаёт давом этган, ажойиб маданий-маърифий руҳ барқақарор бўлган, бири-биридан гўзал, етук фарзандлар, жумладан, Кибриё опадек Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзида мужассамлаштирган баркамол аёл етишиб чиққан.

Устознинг «Нутқ» эссеси бу жанрнинг биздаги энг жиддий ютуғи дейиш мумкин. Ҳар қандай танқидчи-эссенавис бутун ижодий фаолияти давомида лоақал битта шундай асар яратишни орзу қилиши табиий. Эссе Одил Ёқубовнинг собиқ шўролар даврида Халқ депутутлари қурилтойида сўзлаган машҳур нутқи, улкан жасорати таҳлилига бағишланган. Гап шундаки, бадиада бор-йўғи 8-10 минутлик нутқнинг моҳияти, ХХ аср миллий-ижтимоий тафаккур тарихидаги ўрни, маъно-миқёси, таъсир кучи теран таҳлил этиб берилган. Эссени ўқиб унда келтирилган ёзувчининг «Мен бутун ижодимни тарозининг бир палласига қўйсам, иккинчи палласига ана шу нутқимни қўйган бўлардим» деган сўзлари асло муболаға эмаслигига амин бўласиз. Ёзувчи бу нутқида халқ дардини ёниб изҳор этган Чўлпон, Қодирий, А.Қаҳҳор, Ҳ.Абдуллаев сингари халқимизнинг жасур ўғлонлари анъаналарини давом эттириб, янги босқичга - юксак минбарга олиб чиқди, ўзбек ижодий зиёлилари ичида ҳам жасур, ҳақгўй, адолатпарвар, юксак даражада тафаккур қила оладиган сиймолар борлигини кенг жамоатчилик олдида намойиш этди. Энг муҳими, бу нутқ ёзувчининг ҳаётда оқ-қорани танигандан буён кўксида тош бўлиб чўкиб ётган, қалбини ўртаган, неча ўнлаб асарлари бағрига кўчиб ўтган эл-юрт, миллат ғами ҳақидаги ўй-мушоҳадаларининг ўзига хос мужассами, минбарда кўксидан отилиб чиққан ёлқини эди. Бу нутққа у гўё бутун умри давомида тайёргарлик кўрган эди.

         Маълумки, эссе - эркин, субъектив, андозаларни тан олмайдиган публицистик жанр. Руҳ эркинлиги, фикр эркинлиги, ижод эркинлиги мавжуд бўлгандагина у ўзлигини тўла намоён эта олади. Озод ака табиатан ижодкор сифатида гўё эссе учун туғилган. Унинг сўнгги йиллардаги жўшқин ижоди, ноёб истеъоди айни шу жанрда ёрқинроқ ва тўлароқ намоён бўлаётгани тасодифий эмас. Айниқса, асар учун олинган мавзу - асос билан ижодкор шахсияти, дили, кўнгил рози, орзу-армонлари бир-бирига мос тушган ўринларда бадиадаги публицистик талқин бамисоли қўшиқдай янграйди, асар санъат даражасига кўтарилади. «Нутқ» - бунинг ёрқин бир исботи.

         Юқоридаги айрим кузатиш, мулоҳазалар Озод Шарафиддиновнинг сўнгги йилларда яратган адабий-танқидий асарлари, суҳбат ва бадиалари мустақиллик даври миллий адабиётимизда, маънавий ҳаётимизда жиддий ҳодиса бўлди, дейиш учун тўла асос беради. Улар истиқлол бахш этган жўшқин илҳом, эркин ижод имкониятлари самарасидир.

 

 


 

«БУ БЎСТОН САҲНИДА ГУЛ КЎП, ЧАМАН КЎП...»

        

Яккаҳоким социалистик реализм методининг инқирози, эстетик плюрализм, адабий-ижодий мактаблар, оқимлар хилма-хиллиги учун йўл очилиши туфайли истиқлол йилларида ўтган асрнинг 20-йилларидаёқ шакллана бошлаган, бироқ  шўро адабий сиёсати туфайли таъқибга учраган, халққа ёт, мазмунсиз буржуача реакцион оқим дея бадном этилган модернизм оқланди, қайтадан қад ростлаб қисқа фурсатда муайян адабий-бадиий ҳодиса тусини ола бошлади. Айни пайтда, замонавий информатика воситаларининг шиддат билан ҳаётимизга кириб келиши, глобаллашув ҳодисаси самараси ўлароқ адабий тафаккурнинг модернлашув жараёни ғоят тезлашди, миллий адабиётимизнинг барча тур, жанрларида «ХХ асрнинг етакчи услуби» саналган йўналишга мансуб модерн асарлар пайдо бўлди.

         «Ўзбек модерн шеърияти»· номи остида чоп этилган мажмуа истиқлол очиб берган ижодий имкониятлар маҳсулидир; дадил айтиш мумкинки, маданий-маънавий ҳаётимизда ўзига хос ҳодисадир. Бундай китобни ўн йиллар бурун чиқишини тасаввур этиш ҳам мумкин эмас эди. Мазкур мажмуа бугунги кунда модерн йўналишда қалам тебратаётган 24 ёш шоирнинг сара шеърларидан ташкил топган. Улар орасида Шамшод Абдуллаев, Лариса Дабижадек рус тилида ижод этувчилар ҳам учрайди. Муаллифларнинг олди қирчиллама қирқ атрофида бўлса, энг кенжаси эндигина йигирмага қадам қўйган. Демак, уларнинг барчаси шеъриятимизнинг навқирон авлоди намояндаларидир. Менинг шахсий кузатишларимга кўра бу мажмуага кирмаган, модерн йўлида машқ қилаётган яна ўнлаб навқирон истеъдод эгалари бор. Китобга илова қилинган  «Муаллифлар ҳақида маълумот»га кўра ҳозирнинг ўзидаёқ модерн шоирларнинг ўттиздан зиёд шеърий китоблари чоп этилибди. Агар улар ёнига насримиздаги модерн йўналишга мансуб  йигирма чоғли роман, ўнлаб қисса, юзлаб ҳикоялар қўшиладиган бўлса, модерн ижод миллий адабиётимизда чиндан ҳам муайян адабий ҳодисага айланганлигига тўла иқрор бўламиз.

         Бу ҳодисага бизда бошда хайриҳоҳлик билан табиий ҳол сифатида қаралди. Чунончи, О.Мухторнинг «Минг бир қиёфа»сидан тортиб «Майдон»игача ўнга яқин «янги роман»лари, Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшонқул, Саломат Вафо қисса ва ҳикоялари, А.Қутбиддин, Фахриёр, Б.Рўзимуҳаммад, Гўзал Бегимнинг модерн шеърлари асосан ижобий баҳоланди. Кейинги йилларга келиб вазият ўзгара бошлади – ижобий ёндашувлар билан бир қаторда миллий адабиётимиздаги модернизм ҳодисасига танқидий муносабат бўй кўрсата бошлади, бу ҳол сўнгги пайтларда  хийла кескин тус олди, фақат ҳозирги миллий модерн асарларгина эмас, умуман, модернизм, модерн ижодкорларга ёндашувдаги тафовутлар яққол кўзга ташлана бошлади. Деярли бир пайтда икки таниқли адиб, адабиётшунос – фан номзодлари П.Қодировнинг «Маънавият, модернизм ва абсурд» («ЎзАС», 2004 йил 26 март) ва Х.Дўстмуҳаммаднинг «Ҳаракатдан тўхтаган жараён қиссаси» («Ҳуррият», 2004 йил 11 феврал; «Жаҳон адабиёти», 2004 йил феврал) мақолалари масалага икки хил ёндашуви жиҳатидан қизғин  ўй-мушоҳадалар, баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

         Хўш, миллий адабиётимиздаги модернизм ҳодисасининг танқиди, модерн асарларга, уларнинг муаллифларига қўйилаётган айблар нималардан иборат? Модерн адабиётни хушламайдиган танқидчиларнинг фикрича:

         биринчидан, модернизм миллий адабиётимизга ёт нарса, модернизм Ғарб ҳодисаси сифатида ўзбек маънавий муҳитида нашъу намо топа олмайди; чунки у «таназзул маҳсули», унинг «келажаги йўқ»;

         иккинчидан, модернизм «қора ва тушкун» кайфиятни ифодаловчи, нигилизм ва даҳрийликни тарғиб этувчи адабиёт;

         учинчидан, модернистик асарлар моҳияти пуч, маънодорликдан, қолаверса, маънавиятдан махрум; уларда меҳр-оқибат ўрнини дунёга, одамларга нафрат ҳисси эгаллаган.

         Нитше каби модернизмнинг фалсафий асосчиси, Кафка сингари буюк модернист адибларни жоҳилларча нигилистликда, пессимистликда, хасталикда, бемаъниликда айблашлар, таҳқирлашлар шўро даврида оддий ҳол эди. Ҳозирги кунда бу ҳам етмагандек, уларни маънавиятсизликда, «Улисс»дек модернизмнинг бадиий қомусини яратган даҳо адибни халқидан, ватанидан юз ўгириб, хиёнат қилишда, дахрийликда айблашлар бўляпти. Х.Дўстмуҳаммад сўзлари билан айтганда, Нитше фалсафа оламида, Кафка дунё адабиётида ҳақиқатан ҳам энг оғир «бемор»лардан бўлган. Жойс эса дадил, шижоаткор эксперементчи – новатор сифатида танилган. Таассуфки, замонавий фалсафа илмида, адабиётда  ана  шундай  «хасталик» мақомига чиқа оладиган шижоаткор новатор ижодкорлар йўқ. Ахир, қалби оғир, бедаво дард билан оғримаган одамдан чинакам ижодкор чиқадими?! Ҳатто, ҳазрат Алишер Навоий ҳам жони зорини жунун водийсига мойил кўрган эди-ку! Жойсни маънавиятсизликда, «Улисс»ни эса зарарли асар эканликда айблаган мунаққид бу борада нуқул ўзгаларнинг қўли билан иш кўради, бир вақтлар адиб ва унинг романи ҳақида обрўли зотлар томонидан айтилган ҳақоратомуз гапларни келтириб, «Улисс» романи Англия, Франция ва АҚШда таъқиқланганлигини рўкач қилиб, унинг шаънига маломатлар ёғдиради. Унутмайлик, азизлар, бизда ҳам Қодирий, Чўлпон, Фитрат ижоди бир вақтлар таъқиқланган, улар шаъни топталган эди; фақат М.Шевердин, Сотти Ҳусайн сингари бетайин кимсаларгина эмас, замона зайли туфайли Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, А.Қаҳҳордек улуғ зотлар ҳам улар ҳақида кескин танқидий гаплар айтган эди. Бугунги кунда уларни рўкач қилиб Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва уларнинг шоҳ асарларини камситиш мумкинми? ХХ асрнинг фожиаси шундаки, фақат мустабид тузум ҳудудида эмас, ҳатто тараққий этган эркин, демократик  мамлакатларда ҳам фан, адабиёт, санъатдаги ноёб кашфиётларни таҳқирлаш, уларнинг ижодкорлари шаънини топташ ҳоллари бўлган, жумладан, «Улисс» ва унинг муаллифи ана шундай кўргиликларга дучор бўлган... Бугунги кунда «Улисс» ва унинг муаллифига Ватанида ҳам, жаҳонда ҳам муносабат бутунлай ўзгача! Лоақал «Улисс»нинг «Иностранная литература»даги таржимасига ёзилган сўзбошини, сўзбоши  муаллифи академик Д.Лихачевнинг роман ва унинг муаллифига юксак эҳтиромини эслайлик. Ёки яқиндагина юз берган бошқа бир тарихий воқеани хотирлайлик: 2004 йил 16 июнда Дублин шаҳри аҳолиси, қолаверса, бутун ирланд халқи «Улисс»да тасвир этилган айни ўша кун воқеаларининг юз йиллигини улкан миллий байрам сифатида нишонлади, даҳо ёзувчининг доҳиёна асарига чексиз эҳтиромини бутун жаҳон маърифатли кишилари олдида намойиш этди. Бир вақтлар «Одамзодга қарши айтилган ялмоғизларча тухмат» деб қораланган «Улисс» бугун «кейинги юз йилликда инглиз тилида яратилган энг яхши роман», «инсон ва ҳаёт мадҳияси» сифатида ардоқланмоқда.

         Ж.Жойс устидаги кескин танқидий гаплар, табиийки, унинг таъсирида битилган бугунги модерн адабиёт намуналарига, жумладан, «Ўзбек модерн шеърияти» мажмуасидаги айрим шеърларга келиб тақалади. Асар персонажлари ёки лирик қаҳрамон тилидан айтилган муайян ҳолат, кайфиятдан туғилган «қалтис» сўз, борингки, ноўрин жумлаларни матн контекстидан ажратиб олиб «Бу сатрларда тушкунлик руҳи ҳукмрон... Меҳру оқибат йўқ, маънавият йўқ, уларнинг ўрнини абсурд бир нафрат эгаллаган» дея кескин хулосалар чиқарилади. Бу ҳолни модернизмнинг гуноҳи деб баҳолаш, шу тариқа модернист ижодкорларга ғоявий-сиёсий айблар тақаш бугунги кунда ҳам давом этаётганлиги кишини таажжубга солади. Аёнки, бунақа кескин, «қалтис» гапларни деярли барча даврларда яшаб ўтган турли-туман адабий мактаб-оқимларга мансуб ижодкорлар бисотида учратавериш мумкин. Ғаззолийнинг «Ўлимни эслаш китоби»да саҳобалардан бири ўлим олдида «Наҳот бу дунё бизнинг билганимиздан бошқача бўлса?!.. Дунё бизга вафо қилмади, дунё бизга маломат бўлди. Бу дунё уйига «туф!» ва яна «туф!» дейди. Муқимий «Саёҳатнома»сида «Дунё қурилғон дор экан» деб ёзади. Замондош шоиримиз Муҳаммад Юсуф «Ёлғон дунё экан дунёлар», «Муҳаббат йўқ экан дунёда!» деб нола чекади. Бу сатрлар муаллифлари «модернист» эмас-ку, ахир!

         Бир қатор мунаққидлар умуман, ўзбек адабиётида модернизм йўқ, деб чиқаётирлар. Уларнинг фикрига кўра, Ғарб адабиётида модернизм назарий асослари, манифестлари билан бирга майдонга келган, бизда эса бунақа назарий асос, манифестлар яратилмаган эмиш. Жаҳон адабиёти тарихи шундан далолат берадики, ўзга халқлар адабиётидаги бадиий кашфиётларни, эстетик принципларни ўзлаштириш орқали ҳам миллий адабиётда янгича йўналишлар пайдо бўлавериши мумкин. Қолаверса, 20-йилларнинг бошларида бизда ҳам жаҳон янги адабиётига ҳамоҳанг  модернча тамойиллар эндигина шаклланиб келаётган бир пайтда бу жараённинг назарий асосларини тайин этишга уринишлар бўлган. Қодирийнинг «Модомики, биз янги даврга қадам қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз», Чўлпоннинг «Кўнгил янгилик қидирадир» деган сўзлари янги адабиётнинг манифести эди; болалигидаёқ рус тилини эгаллаган, бу тил орқали рус ва жаҳон адабиёти, маданиятидан яхши хабардор бўлган, боз устига Москвада ўқиб, яшаб, ишлаб адабий-бадиий жараёнлардаги янгиликлар билан яқиндан ошно бўлган бу икки улуғ зот санъат, адабиётдаги новаторона кашфиётларга  хайрихоҳлик билдирганлар. Бунинг учун Қодирийнинг жаҳон  адабиётидаги адабий оқимлар, Оврўпанинг «сўнгги приём»и, импрессионизм, Чўлпоннинг Мейерхольд театри хусусидаги қарашларини эслаш кифоя. Фитратнинг «Адабиёт қоидалари», хусусан, Абдураҳмон Саъдийнинг 1923 йили ёзилиб 1924 йили чоп этилган «Амалий ҳамда назарий адабиёт дарслари» китобида модернизм, шунингдек, символизм, футуризм ҳақида батафсил маълумот берилган, йўл-йўлакай декадентлик, сюрреализм истилоҳлари шарҳлаб ўтилган. Олимнинг, хусусан, символизм, модернизм хусусидаги қарашлари, чунончи, бу оқим «шахснинг ички дунёсини тасвир қилишни энг биринчи планга қўйди», модернистлар «воқеий нарсаларнинг ўзларига эмас, балки кишига берган ҳисларига, кишида қолдирған тасаввурларига катта қиймат берадирлар» сингари фикр-мулоҳазалари ҳозирги кунда ҳам қимматини йўқотган эмас. Шуниси характерлики, олим янги адабий оқимлар моҳияти, хусусиятларини батафсил таърифлар экан, ҳодисага холисона муносабатда бўлади, уларни тарафкашлик билан қоралаш йўлидан бормайди. Бу оқимларга мансуб ижодкорлар устида сўз борганда, чунончи, «Янги ўзбек адабиётида декадентлик символистлик чатқисини романтик Чўлпонда кўрамиз» деб ёзганида ҳам бунинг учун шоирни асло койимайди.

         Фитрат, А.Саъдий китобларидан кейин нима бўлгани аён. Бирор адибни модернизмга дахлдор деб аташ уни қора курсига ўтқазиш билан баробар бўлиб қолди. Кейинчалик модернизм мавзуси назарий китоблардан, дарсликлардан бутунлай бадарға этилди, модернизмга оид истилоҳлар фақат қора бўёқларда шарҳланди. Ҳатто И.Султоновдек устоз адабиётшуноснинг «Адабиёт назарияси» китобининг «Ижодий метод ва услуб» боби реализм ва социалистик реализмни таърифу тавсифлаш билан якунланади. Гўё улар билан баробар жаҳон янги адабиётида модернизм номи остида ўнлаб адабий оқим, мактаблар йўқдек...  Бу ҳол социалистик тузумга мансуб миллий адабиётларнинг, қолаверса, адабий-танқидий тафаккурнинг салкам бир асрлик тарихида қанчалар офат, йўқотиш бўлганлигини тасаввурга сиғдириш ҳам қийин.

         Бугунги модерн асарларга, жумладан, «Ўзбек модерн шеърияти» мажмуасига модернизмга оид эски мезонлар, уни фақат декадентлик ва абсурддан иборат деб қараш асосида баҳолаш, талқин этиш асло мумкин эмас. Қатъий қилиб шуни таъкидлаш лозим: декадентлик ва абсурд модерн адабиётнинг доимий белгиси ёки йўлдоши эмас; қолаверса, модернизм бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Гарчи бир асрдан бери модернизм теварагида узлуксиз баҳс-мунозаралар давом этаётган бўлса-да, ҳали унинг барча қабул қилиши мумкин бўлган таърифи йўқ. Модернизм, аввало, янги давр одамининг дунёни, башариятни, энг муҳими, ўзини янгича англаш, тафтиш қилиш эҳтиёжи маҳсулидир; унинг қатъий қоидалари, мезонлари ҳам йўқ, у ҳеч қачон эски издан юрмайди, бетиним янгиланиб боради; у поэтик қонунлардан кўра ижодкор кўнгли майлларига бўйсунади; бинобарин, ҳар бир давр шоири, ҳар бир кўнгил уни янгиртиради. Бир асрдан ошиқроқ давр мобайнида бу улкан адабий йўналиш авангардизм, модернизм, неомодернизм, постмодернизм деб аталган босқичларни босиб ўтди; ҳар бир босқич ўз навбатида ўнлаб бетиним янгиланиб борувчи оқим, ижодий мактаблардан ташкил топган.  Модернизмнинг янгиланиш жараёни давом этяпти.

         Ҳозирги ўзбек модерн адабиётида, жумладан, шеъриятида ўзгача бир ноёб ҳолга дуч келамиз: унда жаҳон адабиётидаги янги адабий оқимларнинг бирортаси ҳам мустақил ҳолда айнан такрорланаётгани йўқ; янги миллий шеъриятимизда жаҳон модерн адабиётининг бир эмас, ўнлаб етакчи оқимларига хос хусусиятлар синтезини кузатиш мумкин. Қолаверса, Шарқда модернизм Ғарбдагидан ўзгачароқ тарзда намоён бўлган. Р.Тагор Япония сафари чоғида шундай деган: «Япония шакли такомиллашган маданиятга ҳаёт бахш этди ва кишиларда шундай кўрабилиш хусусиятини ривожлантирдики, бу нигоҳ  билан улар гўзалликда ҳақиқатни, ҳақиқатда гўзалликни кўра олдилар». Қарангки, мана шу ҳол бугунги ўзбек модерн шеъриятига ҳам хосдир, гўзалликда ҳақиқатни, ҳақиқатда гўзалликни кўриш унинг энг муҳим хусусиятларидандир. Шу билан бирга изтиробда ҳақиқатни, ҳақиқатда изтиробни қидириш унинг яна бир муҳим жиҳатидир. Ёниқ изтироб бу асло пессимизм эмас, қора ва тушкун кайфият эмас, моҳият эътибори билан ғаройиб некбинлик оҳангига йўғрилгандир. Бу тамойил илк бор янги шеърият отаси Чўлпон тароналарида намоён бўлган. Унинг буюк замондоши синчков Қодирий «шоир кўз ёшларидан чечаклар ўстирмоқчи» бўлганини ўз вақтида  пайқаган ва уни қўллаб-қувватлаган. Янги шеъриятмизнинг яна бир яловбaрдори Ойбек ҳам айни шу йўлдан борган. «Ўзбек модерн шеърияти» мажмуасини, бугунги модернчи шоирлар тўпламларини варақлаб кўринг – барчасида айни шу ҳолни кўрасиз.

         Бугунги ўзбек модерн шеърияти ҳосили ғалвирдан ўтказилиб холисона сарҳисоб этилгудек бўлса, унда сиз даҳриёна бирор мисрани тополмайсиз, аксинча, бу йўналишдаги кўпчилик шеърлар илоҳий, тасаввуфона руҳ, румиёна оҳанглар билан йўғрилган. Қолаверса, модерн шоирларимизни исёни шўро адабиётида бўлганидек, «шайтоннинг тангрига исёни» эмас, балки Аллоҳга, илоҳий Ҳақиқатга элтувчи исёндир. Кези келганда айтиб ўтай – ҳозирги модерн шеъриятимизнинг ёрқин намояндалари диний уламоларнинг муносиб зурриётлари ёки  диний, тасаввуф илмидан чуқур хабардор ижодкорлардир. Етук модернчи шоирларимиздан бири мана бундай саволни ўртага ташлайди:

 

Булбул нағмасини басталаган ким

ким ўйлаб топган ялпиз исини

барг титроғини ким қилган ихтиро

ким тушларни созлаб турувчи

 

олислатган ким юлдузларни биздан

тушнинг нарёғида нима бор экан

масхарабозларми жиддий касб бунда

тунданда узунроқ эканку андуҳ

андуҳ юлдуз соясимикан

 

нарвон қасир қусури момоқалдироқ

Одам Ато жаннатдан тушаётганда

шундай шовқин тушган эҳтимол

бир жудаям йилтироқ булут

еттинчи осмонга чиқиб кетган чоғ

 

ёнарқуртни ёндирган қай куч

юракни илк бора тептирган нима

ким экан тушларни созлаб турувчи

ким ўйлаб топган ялпиз исини

 

         Сўнгги ўн йиллар давомида оламнинг сир-синоати, Аллоҳнинг мислсиз яратувчилик қудрати ҳақида бу қадар теран, ўқувчини ўй-мушоҳадалар, cаволлар уммонига ғарқ этадиган бошқа бир шеър ёзилганини билмайман.

         Модерн шеърият муаллифларини «соф санъат», «кўнгил шеърияти» доирасида «қалб қобиғи»га ўралашиб қолиш, шаклбозликка, «сўз ўйинлари»га маҳлиё бўлиб кетиш, заминдан, даврнинг ўткир ижтимоий муаммоларидан четда туришликда, лоқайдликда айблашлар ҳам бўляпти. Тўғри, шу хил камситишлар учун асос берадиган шеърлар ҳам йўқ эмас. Аммо «Ўзбек модерн шеърияти»ни варақлаганда акс ҳолни кўрамиз. Мажмуадаги илк асар Абдували Қутбиддиннинг «Тасаввур манзаралари»ни ўқиб кўринг: кўз олдингизда бугунги дунёнинг бетиним ҳаракатдаги ғоят зиддиятли манзараси гавдаланади. Ташқи дунёнинг ҳар бир жонли-жонсиз мавжудоди қатига жо бўлган ўтмиш, бугун, эртаги куннинг ўзгача маъно, фалсафаси очилади. Чунончи:

Кафтдаги тупроқ...

Бармоқларингни ёз...

Тўкилар малаклар, фотиҳлар, заколар...

Нокаслар, фаҳшлар, салтанатлар...

Тегирмон юргазар бақо...

 

         Мана шу зиддиятларга тўла манзаралардан тўйиб кетган лирик қаҳрамон бор овоз билан ҳайқиради:

Э-э-эййй

Тулпор пайдо бўлса ёнимда...

Дард айтсам...

Мин деса...

Э-э-ййй...

         Аммо у ғурбатга тўла дунёда яшаш, курашлардан четда туришни асло истамайди:

Юз йиллик йўл боссак...

Туш деса...

Тушсам...

Э-э-эййй...

Орқага қайтмасам...

 

         Баҳром Рўзимуҳаммадни эса фан-техника, информатика, глобаллашув даврининг зиддиятлари ўйга толдиради, «тушдан илгарилаб кетди компьютер», «темир терсаклар замони бошланди», «инсон темир терсаклар ила овора бўлиб қолди», «инсон кўп нарсани кўрадиган бўлди ва шу  алфоз инсон оз нарсани ҳис қилиб билар» дея оҳ чекади.

         Муслима Бонунинг мана бу саволи ўқувчини асло бефарқ қолдирмайди:

 

Нега?

Тилсиз яшашим керак,

Руҳ бўғилса, чиркин бу уйда.

Нега тилим тишлашим керак?!

Юрагимни ғажиса итлар

 

         Улуғбек Ҳамдамнинг «Қаҳрамон» сарлавҳали шеърида келтирилган ривоят шаклидаги ҳодисани олайлик. «Кимдир ўтиши керак экан, лекин кўприк йўқлигидан бизни жарликка қулата бошлашди» дея кўнгил розини ёзади лирик қаҳрамон ва сўзида давом этади: «Ниҳоят, кўприк тайёр бўлди – одам кўприк!.. Ўша кимдир дам қўшиқ айтиб, дам ҳуштак чалиб, устимиздан ғарч-ғарч босиб қадам ташлади...»

         Энди лирик қаҳрамоннинг мана бу поэтик хулосаси – аламли саволларига қулоқ тутинг:

 

Мен эса ўйладим:

ётганми қаҳрамон, ўтганми?..

 

         Ҳар бир халқ тарихида ўйлаш, тадқиқ, таҳлил этиш учун асос берадиган кўплаб улкан фожеий ҳодисалар бор бу аламли саволда!

         Азиз Саид қаламига мансуб «Паганинининг сўнгги концерти» шеъри  даврлар, замонлар, башарият драмаси, фожиаси симфониясини кенг кўламда янгича ифода этишнинг ғаройиб намунасидир.

         Беназир илоҳий куй наволари тимсолида шоир азалдан абадга қадар башарият бошидаги тилсимли савдоларни, бу чархи кажрафторнинг ғалати ўйинларини ҳам кўз одингизда, ҳам тасаввурингизда гавдалантиради ва, ниҳоят, мана бундай ўкинч-армонларга тўла исёнкорона саволларни ўртага қўяди:

 

Эй, ўзини Худонинг авлоди билган ровийлар,

Нега йўл бошланса тугар, албатта,

Нега гул ёнида тикан, албатта,

Нега тоғ бағрида ўпқон, албатта,

Нега ҳақ йўлида қопқон, албатта,

Нега... сўзингизни осмонми ютган,

Нега... кўзингизда  қонми, ким тўккан,

Нега... бўйнингизда домми, ким таққан,

Нега сўровимга жавоб бермас ҳеч кимса ахир?

 

         Шеър дидли ўқувчини ана шундай ўткир саволларга жавоб излашга даъват этиши билан қимматли. Шу тариқа ҳозирги модерн шеърият биринчи галда саволлар, аниқроғи жавобли ва жавобсиз саволлар шеъриятидир!

         Кези келганда айтиб ўтай, тўпламда Райнер Мария Гильке, П.П.Пазолини, Улисс, Майлс Девис, Жек Керуак, Паганини, Ясунари Кавабата сингари ўнлаб жаҳонга машҳур номлар учрайди. Бу ҳам ҳозирги шеъриятимизни жаҳон шеърияти билан туташтириб турувчи робиталардан далолатдир.

         «Ижтимоийликдан ҳоли», «соф лирика» намуналари ҳам теран инсоний, умумбашарий фалсафий руҳ билан йўғрилган. Бундай руҳ эса анъанавий шеъриятдагидан фарқли ўлароқ, кўп ҳолларда янгича йўлларда намоён этилган. Фахриёр баҳор ҳақидаги туркум шеърларини «Геометрик баҳор» деб атайди ва «шакл симфонияси» дея изоҳлайди. Баҳор манзаралари ва улар ҳаракатини ҳам сўз, ҳам геометрик шакллар ҳолида шеърхон кўзи олдида гавдалантириб беради. Илк манзара мана бу шаклда намоён бўлади:

 

? (Тўртбурчак ва шип-шийдам) боғларга қайтади баҳор

w (учта бурчаги билан).

 

Боғ аслидаwr (икки баҳор)дан

иборатдир,

w- бири қайтиб келган,

r- бири қор остида қишлаган баҳор.

 

Кейинги шакл-манзара ҳаракати ҳодисага фалсафий тус беради:

 

Бир-биридан чангланган

Икки гул янглиғ

Улар бир-бирига қовушганида(S)

Кўкаради боғ. (g)?

 

Сўнг манзара-ҳаракатлар илоҳий-афсонавий руҳ касб этади:

 

Баҳор боққа майсанинг тили(Ù)

билан кирар билдирмай

 (илон)нинг оғзида жаннатга

кирган шайтон сингари.

        

 

Туркумнинг қолган ўн фасли ҳам шу тариқа турли-туман шакллар-рамзлар симфонияси ва фалсафасидан иборат. Майсанинг игнадай ўткир тили «кўрсатиш чизиғидай фақат олдинга» юради, бинобарин баҳор ҳаракатини тўхтатиб бўлмайди. Шоир талқинича, дунёдаги энг гўзал шакл – гулнинг чиройи; қизиқ «Баҳор бўйи қулдай ишлаган чирой ёзга етмай қариб қолади». «Гулни қоплар алвасти танасидай эгри-бугри чизиқлар –h (ажин)», «Аслида бу ажин гулга эмас, чиройга тушар». Шу тарздаги бири-биридан гўзал, ғаройиб шакллар қиёфасидаги ажиб ҳикматларга тўла манзаралар кўз олингиздан ўта бошлайди. Ниҳоят, шеър шундай хотималанади:

 

Бахтдан сирпаниб кетган юрак

баҳор бўлиб чиқар ҳар бир дарахтга,

ҳар дарахтда гуллайди юрак

мўмиёлаб кўмилган бахтдан фарқли ўлароқ

ва уни теран-теран кўммоқ учун

қайтар заминга.

 

Гуллар юлдузларга қараб учаётган p баҳорни

ерга қайтарар.

 

ßÜàГул ёмғири.

 

Баҳор фаслининг биз миллий шеъриятимизда шу пайтгача учратмаган тамомила ўзгача ифодаси! Бошда ғайритабиий туюлган, қайта-қайта ўқишда эса табиий, ўта ҳаётий, ҳаттоки болакайга ҳам тушунарли – кўринарли тарздаги манзаралар, улар қатига жо этилган ажиб нафосатга тўла теран ўй-мушоҳадалар ўқувчини лол қолдиради. Баҳор ҳақида шунақа йўлда ҳам ёзиш мумкин экан-ку, деган ўйга борасиз.

         Гўзал Бегимнинг баҳорга аталган шеъри «Чучмома нафасин ҳидлаб уйғондим» сатри билан анъанавий тарзда бошланади ва иккинчи мисрадан бошлаб «икки кўзим орасига қўшиқлар тўккан сен ям-яшил туғёнсан баҳор», «Қушлар овозимни талашди тонгда китоб ўқиб берсам сукунатга мен дарахтлар чайқалди қадим оҳангда» тарзида кутилмаган ажиб манзаралар силсиласига дуч келамиз. Баҳорни «икки кўз орасига қўшиқлар тўккан ям-яшил туғён» дея таърифлаш, лирик қаҳрамон сукунатга шеър ўқиб берганида қушлар тонгда шеър овозини талашиши, дарахтлар қадим оҳангда чайқалиши – бунақа ажиб-нафис лирик манзаралар миллий шеъриятимиз учун чиндан-да янгилик!

         Икром Искандар қаламига мансуб мана бу манзара ҳам гўзал ва беназирдир:

 

Ёмғир ёғар

Қулоқларга қочиб киради

шитирлаб, ёмғирда ивиб кетган

бир Товуш.

 

         Ойдиннисонинг ернинг усти ва ости манзаралари хусусидаги мушоҳадаларига қаранг:

 

Ернинг устида саратон,

Ернинг устида изғирин,

ёмғир, шамол, тун ва кун –

энг катта шовқин.

Ернинг ости эса...

Сокин

Со-кин

Сок-ин-н

 

Ана шу чўзиқ «сокин»лардан  сўнг айтилган «Истаганча илдиз отишинг мумкин» дейилган изоҳсиз сатр кишини теран ўй-мушоҳадалар гирдобига ғарқ этади.

         Тўпламда севги ҳақида ўнлаб янгича бадиий-лирик талқинлар бор. Шулардан биттасини – Дилрабо Мингбоеванинг «Сиз» шеърини ҳукмингизга ҳавола этсам:

 

1.Бирма-бир қадам ташлаб

Юрагимдан ўтасиз –

Кўчамдан ўтаётиб...

 

II. Сиз сочларим силайсиз,

Бегим,

Мен дилингизни...

 

III. Юраклар кўпкарисида

Тортқиланар кўнглим

улоқдек

Чавандозим,

Қачон келасиз?

        

Бу сатрларни ўқиб  Одам Ато замонидан қолган қадим севги куйини ёш шоира кўнгли содда, самимий, нафис тарзда янгилаганига иқрор бўласиз.

         Улуғбек Ҳамдам «Санъатнинг юраги» шеърида «санъат ўйин» деган қараш билан баҳсга киришиб: «санъат ўйин дединг фақат ўйинмас кулаётган кишининг кўзёшларию ўлаётган кишининг табассумидай сирлидир санъатнинг юраги билсанг» деган фикрни илгари суради. Биз юқорида кўриб ўтган табиат манзаралари, қисман севги ифодасида ҳам санъаткорона ўйинлар бор, бироқ улар шунчаки «ўйин» эмас, уларда «кулаётган кишининг кўзёшларию ўлаётган кишининг табассумидай» сир-сеҳр бор!

         Шермурод Субҳоннинг «сен кетдинг шеър келди хайр, алвидо!» ёки «кун бўлди: кун бўлди туним кун бўлди: тун бўлди куним...» ёки «менга сенга йўл бўлсин?!» уч, икки, ҳатто бир сатрлик сўз ўйинлари асосига қурилган шеърларида лирик қаҳрамоннинг дарди-ҳасрати, армони мужассам.

 

         Икром Искандарнинг «Ихтиро»си – сўзларни тескари ўқишдан чиқарган маъно-фалсафаси ҳам сўз ўйинига қурилган:

 

Мен «йўқ»дан «қўй» қилдим,

«йўқ» сўзини тескари ўқиб.

 

«Овсар» -«расво» бўлди.

 

«Нодон» эса...

Барибир «нодон»лигича қолди.

 

Ҳозирги миллий модерн шеъриятимизга оид мулоҳазаларимизни илоҳий руҳдаги бир шеър билан бошлаган эдик, уни «Ўзбек модерн шеърияти»дан жой олган яна бир илоҳий-фалсафий шеър билан якунласак:

 

Бир вужуд руҳ бердинг, бир қалб ҳиссиёт,

Тахайюл бердинг сен менга бир шуур,

Бир нафас уҳ бердинг, бир ўлим ҳаёт,

Ва кўзим гулхани – бир қорачиқ нур.

 

Бир забон сўз бердинг, бир қалб ҳиссиёт,

Бир юрак изтироб этдинг иноят.

Бир калом ифода буюрдинг, илло –

Сенинг қаламинг-ла битилган оят.

 

Ва субҳ бердинг сен битта  шафақда

Ва шомни йўлладинг унга ниҳоят.

Бир дўзах азобни этгансан ваъда

Яна бергувчи Сен бир жаннат роҳат.

Бир вужуд руҳ бердинг...

 

         Аслида мазкур мажмуага кирган битиклар ана шу икки илоҳий мавзудаги энг замонавий шеърда айтилган илоҳий қудрат, жумладан, «бир вужуд руҳ»нинг бугунги кундаги иноятларидир. Кўриб, сезиб турибсизки, азиз журналхон, улар ҳар қанча янгича – замонавий бўлмасин шу замин, шу элнинг маънавий, миллий-адабий қадриятлари, анъаналари билан туташдирлар. Биз модерн деб тақдим этаётган сатрларни гоҳо бугунги анъанавий шеъриятимиздан ажратолмай ҳайрон бўлишингиз турган гап. Зотан анъанавий шеъриятнинг ўзи ҳам ўзгариб, янгиланиб, модернлашиб боряпти. Бугунги кунда модерн шеъриятни анъанавий шеъриятга қарама-қарши қўйиш, бирини афзал билиб иккинчисини камситиш жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ҳазрат Навоий сўзлари билан айтганда, шеърият бўстонида гул кўп, чаман кўп, ҳар бир чаманнинг таровати, гулининг атри ўзгача. Модомики, бугунги миллий шеъриятимиз бўстонида модерн номи билан аталаётган чаманзор бўй кўрсатаётган экан, бундан фақат қувониш мумкин. Ҳар қандай чаманзор бегона ўтлардан ҳоли бўлмаганидек, модерн шеърият чаманида ҳам ғунча тугмайдиган, гул очмайдиган алафлар бўлиши табиий. Шу хил алафларни деб чаманни топташ оқил одамнинг иши эмас. Бу чаман миришкор боғбоннинг нозик диди-фаросати, оқилона парваришига муҳтождир.

 

 


 

МИНГ БИРИНЧИ ТЕПАДАГИ ГУРУНГЛАР

 

I

 

         2003 йилнинг апрели. Бир гуруҳ тошентлик адабиётшунос олимлар Ғафур Ғулом туғилган куннинг 100 йиллигига бағишланган илмий анжуманда иштирок этиш учун Андижонга ташриф буюрдик. Салкам бир ҳафта тинимсиз ёққан ёмғир кечагина тиниб, булутлар тарқаб, шаҳар қуёшнинг тиниқ нурига чулғанган, қадим пахса уйларнинг бўғотлари лолақизғалдоқларнинг алвони билан бурканган. Шаҳар четидан ўтадиган Қорадарё шовқин солиб теварак-атрофни силкитиб тўлиб-тошиб оқмоқда. Бутун шаҳар қурилиш майдонига айланган, раҳбарият яқингинада бўладиган талабалар спартакиадаси тараддуди билан банд. ХХ асрнинг энг ардоқли шоирларидан саналмиш Ғафур Ғуломнинг юз йиллиги ана шу жўшқин тараддуд жараёнига асло ҳалақит бермади, балки алоҳида файз, байрамона руҳ бағишлади. Андижон университетининг минг кишилик залини тўлдириб ўтирган жамоага назар ташлайман. Оз бўлса-да Ғафур Ғуломни кўрганлар, суҳбатини олганлар, шоир тириклигида шуҳратига гувоҳ бўлганлар ҳам бор. Лекин залда ўтирганларнинг аксарияти адиб вафотидан кейин туғилиб вояга етган авлод вакиллари. Шахсан ўзим Ғафур Ғулом билан ҳамсуҳбат бўлганман, талабалик йилларида шоир шеъриятининг эстетик принциплари мавзуида тадқиқот олиб борганман, шоирнинг 50, 60 ёшлик тўй-тантаналарида қатнашганман. Хаёлан ўша тантаналарни бугунгиси билан қиёслаб, бу алломанинг эл-юрт орасидаги шуҳрати тириклигидагидан асло кам эмаслигига иқрор бўлиб ич-ичимдан қувонаман. Кунлар, ойлар, йиллар худди Қорадарёдек шитоб билан оқиб ўтаверади, ўзи билан кўп нарсаларни олиб кетади, бироқ энг яхши эзгу хотиралар, чинакам санъат дурдоналари қолаверади. Маърузалар,  асосан, адибнинг «Шум бола», «Менинг ўғригина болам», «Ҳасан Кайфий», «Сен етим эмассан», «Соғиниш» сингари шоҳ асарлари теварагида кетди; мустабид тузум шароитида яшаб қалам тебратган, замона зайли билан ҳисоблашишга мажбур бўлган бу алломанинг ўшандай машъум замонда мангуликка дахлдор шу хил шоҳ санъат дурдоналарини ярата олгани,   шу хил асарлари билан ўз халқи – миллатининг ғурури, шаънини кўкрак кериб ҳимоя қилгани, осмон қадар кўтаргани учун тасаннолар айтилди.

         Андижондаги юбилей анжумани, қолаверса, Ғафур Ғуломнинг мамлакатимиз бўйлаб ўтган юз йиллик тадбирларида кўзга ташланган муҳим бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Қайта қуриш, ошкоралик  даври деб аталган ўтган асрнинг 80-йилларида, истиқлолнинг дастлабки босқичида шўро даврида ижод этган «шўро адиблари» ижодий меросига танқидий муносабат хийла кескин тус олди, Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, бу адиблар бисотидан шафтоли данагини топиб олиб, «мана, кўрдингми, бу киши ҳам шафтоли еганлар...» қабилида иш тутиб, улар шаънига дашномлар ёғдириш авж олди. Ҳаёт йўли ва ижодидаги шўро адабий сиёсати асоратларини рўкач қилиб, бу адиблар ижодий меросидан бутунлай воз кечишга даъватлар ҳам бўлди. Шукурки, бунақа жоҳилона кайфият ортда қолиб кетди. Тўғри, бугунги кунда ҳам ўша кайфиятнинг оқовалари гоҳида учраб қолади. Бироқ эндиликда бу мураккаб ҳодисага ёндашишда оқилона маърифат руҳи ҳукмрон бўлиб бормоқда. Ғафур Ғуломнинг юз йиллик тўйи мана шу маънавий-маърифий руҳнинг буюк  тантанаси бўлди. Ғ.Ғуломга бағишланган анжуманларда сўзланган нутқлар, эълон этилган энг яхши мақолалар, тадқиқотларга эътибор беринг, уларнинг бирортасида ҳам адиб ҳаёти ва ижодий меросидаги шўро даври сиёсати асоратларини четлаб ўтиш йўқ, бироқ буни рўкач қилиб адибга маломатлар ёғдириш ҳам йўқ; адибни тушунган, ижодий бисотини теран англаган ҳолда ардоққа лойиқ жиҳатларини қадрлаш йўлидан борилди. Муҳими шундаки, бу борада ҳеч ким йўл-йўриқ, кўрсатма бергани йўқ. Бутун ижодий зиёлилар ўз-ўзидан табиий равишда шундай йўл тутди. Бу миллат маънавиятидаги қадриятларни қадрлаш бобидаги жиддий ўзгаришлар аломатидир.

 

II

 

         Эртаси ёш ёзувчи Улуғбек Ҳамдам таклифига кўра унинг она юрти Марҳамат тумани - қадим Мингтепага бордик. Биринчи галда тарихда Андижон қўзғалони номи билан юритилган миллий озодлик ҳаракати бошида турган мингтепалик Муҳаммадали – Дукчи эшонга алоқадаор хароба – ёдгорликларни зиёрат қилдик. Сўнг Улуғбек туғилиб ўсган қишлоқ, унинг хонадонига ташриф буюрдик. Улуғбекнинг ота-онаси, оила аъзолари, қариндош-уруғлари билан яқиндан танишдик. Хонадон эгалари Мингтепа шимолидаги сайлгоҳ - қир тепаликлардан бирида меҳмонлар учун зиёфат дастурхони ёзишган экан. Қирлар ошиб, енгил машиналар, мотоциклларнинг зўриқиб тепаликка интилишларидан ўзимиз ҳам зўриқиб, зўр келганида машинадан тушиб, яёв юриб, ниҳоят мўлжалланган манзилга етиб келдик. Теварак-атрофга боқиб бирдан баҳри-дилимиз очилиб, йўл азоби чарчоқлари ҳам унутилди-кетди. Кўз олдимизда баҳор кўрки қулф уриб яшнаб ётган, Жанубий Фарғона канали қоқ иккига бўлиб турган Мингтепа воҳаси. Рўпарада Улуғбекнинг «Мувозанат» романида эҳтиром билан тасвир этилган Улуғ тоғ виқор билан савлат тўкиб турибди. Қадим-қадимлардан яшаб келган эл бу юртни бежиз Мингтепа деб атамаган экан. Теварак-атроф бир-бирига туташиб - қалашиб ётган қир-адир – тепаликлардан иборат. Эҳтимол, қачондир, кимдир тепаликларни санаб чиққандир, уларнинг саноғи роппа-роса мингтадир. Ўзимизча, соҳилнинг нарёғидаги энг баланд тепани Мингинчи тепа ҳисоблаб Дукчи эшон номи билан атадик, замондош шоир Муҳаммад Юсуф туғилиб ўсган қишлоққа туташ ўзимиз ўтирган масканни эса Минг биринчи тепа санаб уни дилбар шоир номи билан юритишга қарор бердик.

         Ўша дақиқаларда хаёлимдан қирқ йил бурун юз берган воқеа тафсилотлари ўта бошлади. Устоз Субутой Долимов шахсий кутубхонасидаги 20-30 –йилларга оид китоб, журналлар билан танишаётиб қўлимга 1927 йили чоп этиган «Дукчи эшон воқеаси» деб номланган китобча тушиб қолди. Ўзлари ниҳоятда саховатли бўлишларига қарамай, бунақа ноёб китобларга келганда ўта «хасис» домла, ўша куни сахийликлари тутиб китобни бир ҳафтага ўқишга бердилар. Ўз даврининг маърифатли кишиси Фозилбек Отабек ўғли қаламига мансуб бу китобни мароқ билан ўқиб чиқдим. Китобдаги бир фотосурат ва унинг шарҳи, айниқса, менга қаттиқ таъсир қилди: Қўзғалон шафқатсизларча бостирилиб, Мингтепа тўпга тутилиб, эли эса қатағон этилгач, тирик қолганлар кўча-кўйда «ҳоким, пристуф ёки тўралар рўбарў келса дарҳол руку қилиб» салом беришга мажбур этилади. Ниҳоят, Туркистон вилоятининг генерал-губернатори «ярим подшоҳ» А.М.Духовский Андижонга ташриф буюради. Шаҳар вокзали майдони аҳоли вакиллари, мактаб болалари билан тўла. Ярим подшоҳ келиб вагондан тушган ҳамон барча, аввал ўргатилгандек, баробар энгашиб ерга қараб турадилар. «Ярим подшоҳ» уезд ҳокимидан: «Нима учун халқ бундай энгашиб турадир» деб сўрайди. Ҳоким: «Жаноб импиратор аъзамга юртимиздан чиққан бир эшон жинни бўлиб, билмасдан осийлиқ қилгани учун бизлар хижолат бўлиб, улуғ ва баланд даражали бош ҳокимимизнинг юзларига қайси бетимиз билан қараймиз, бизларни марҳамат этиб, авф қилиб, подшоҳи аъзамдан гуноҳимизни сўраб олмасалар, муборак бетларига камоли хижолатдан қарай олмаймиз, дейдилар», дея жавоб қайтаради.

         Ана, сизга халқ бошида турган мушфиқ, сотқин ҳокимларнинг халқни тобеликка, мутеликка, итоатга ўргатиш тактикаси, уялмай, Аллоҳдан қўрқмай халқ номидан ёлғонни чин деб айтган  сўзлари. Бунақа машъум тактика – ёлғон бир аср давом этди, бу ҳол миллатни афкор этди! Сўнг нима бўлди денг. Фозилбек ўз китобида ёзади:

«Йикчи эшон қишлоғи бўлган Мингтепа гўристонга айлантирғандан кейин «Ярим подшоҳ» ички Русияга бориб, тўрт юз уйлик мужик талаб қилди ва мужикларга Мингтепа қишлоғини марҳамат қилдиқ деб қишлоқ отини «Марҳамат» қўйди».

         Бу хил тактика ҳам салкам юз йил давом этди, фақат исёнкорлар юрти эмас, ўлкадаги ном бериш мумкин бўлган маскану маконларнинг деярли 90 фойизи мустабидлар хоҳлаган номлар билан аталадиган бўлди.

         Кези келганда айтиб ўтай: «Дукчи эшон воқеаси» 1992 йили янги ёзувга табдил этилиб китоб ҳолида чоп этилди, лекин негадир 1927 йилги нашрида келтирилган қатор ноёб фотосуратлар, жумладан, вокзалдаги «Ярим подшоҳ»ни кутиб олиш маросими акс этган сурат тушириб қолдирилди.

         Аёнки, Андижон қўзғалони халқ мулкини, шаънини топташга қарши исён тарзида бошланган эди. Таъқибу таҳдиду қатағонларга қарамай Дукчи эшондан бошланган халқ қонидаги исёнкорона руҳ асло сўнмади. Орадан чорак аср ўтиб Андижондан Чўлпондек исёнкор шоир етишиб чиқди. Унинг қисмати ҳам қатағон билан якунландию, шоирнинг «бўйин эгмасликка» чақириғи ўнлаб виждони уйғоқ эрксевар адибларнинг пинҳона шиори бўлиб қолаверди. Ниҳоят, аср охирига келиб Дукчи эшон сув ичган қутлуғ юртда яна бир исёнкор эрк куйчиси пайдо бўлди, унга Дукчи эшон, Чўлпонлар орзу қилган кунларни  - юрт мустақиллигини кўриш, истиқлолни тўлиб-тошиб куйлаш насиб этди. Лекин унинг кўнглида бир армон қолди: «Эркли элда эркадир ҳар жони муслим, Ҳар юртнинг ўз эли муслим, жони муслим. Ҳар келгинди келса ўзгармасин исмим, Мингтепани атайлик ўз номи билан» дея кўнгил розларини, аламларини тўкиб солди. Шоирнинг мана бу сатрларини тинглаб кўринг-а:

 

Қандай алам отимизни қўйса ёвлар,

Марғилонлар қаердаю Горчаковлар?..

Бизни азал буколмаган бу синовлар,

Мингтепани атайлик ўз номи билан.

 

Унутми ё бу гўшада оққан қонлар,

Бешигида чирқиллаган болажонлар,

Қўзғалонлар нега бўлди, қўзғалонлар?..

Мингтепани атайлик ўз номи билан.

 

Ҳар ким ўзи қўйсин от ўз неъматига,

Мард ястанмас номардларнинг наматига,

Ҳеч бўлмаса Дукчи эшон ҳурматига

Мингтепани атайлик ўз номи билан.

 

 Муҳаммад  Юсуф номи билан аталган тепаликда Мингтепа жамолига тикилиб ўтириб гурунг қурар эканмиз, шоирнинг бу армони эртадир-кечдир албатта ушалажагига умидвор эдик.  Чунки истиқлол туфайли  истибдод даврида топталган кўплаб миллий қадриятлар қатори қадим мўътабар жой номларини тиклаш жараёни давом этмоқда.

 

III

 

Ўттиз йил муқаддам бир рус адибининг ҳикоясини ўқиб эдим. Унда тасвирланишича, узоқ йиллар шаҳарда ўқиб, сўнг илмий муассасаларда тадқиқот олиб бориб, табиий фаннинг тор бир соҳаси бўйича фан номзоди даражасини эгаллаган ёш олим киндик қони тўкилган қишлоғига келади. Ҳамқишлоқлари ўз юртидан чиққан илк фан номзодини қутлаш, суҳбатини олиш учун йигит хонадонига тўпланадилар. Даврада гурунг бошланади. Олимдан садо чиқавермагач, бекорчиликдан тонгдан ярим тунга қадар радио тинглаб, телевизор томоша қилиб, қўлига тушган газета, журналу китобларни бетиним мутолаа қилиб мулла бўлиб кетган, жаҳон воқеалари, турли соҳалар – фан, санъат, адабиёт янгиликларидан бохабар ҳамқишлоқлар бири бирига гал бермай билганларини ўртага тўкиб соладилар, олим эса миқ этмай «оми» ҳамқишлоқларидан эшитган янгиликлардан лол бўлиб қолади...

Сизни билмайман, азиз ўқувчи, шахсан ўзим ҳаётда гоҳ шунақа вазият – ҳолатларга тушиб қолганман. Минг биринчи тепадаги гурунгда бир мен эмас, Тошкентдан келган ҳамкасбларим ҳам ғаройиб бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдилар. Мингтепалик мезбонлар – Улуғбекнинг яқинлари, айниқса, тоғаси Мусобек менга айни ўша мен ўқиган ҳикоядаги доно ҳамқишлоқларни эслатди. Мусобек Улуғбекка тенгдош. Мактабни бирга битириб ҳар иккови ҳам Миллий университетда, Улуғбек филология, Мусобек эса шарқшунослик факультетида таълим олган. Сўнг Улуғбек шаҳарда қолиб филология фани бўйича тадқиқотлар олиб борди, фан номзоди даражасига эришди, таржима, бадиий ижод билан шуғулланди, мунаққид, шоир, носир бўлиб танилди. Мусобек эса ўз раъйи, ота-оналари хоҳишига кўра қишлоғига қайтади. Илм-фанга чанқоқ бу йигит рус, туркий тиллардан ташқари араб, инглиз тилларини ҳам мукаммал билади. Мактабда, коллеж ва лицейларда араб, инглиз тилларидан дарс беради. Ўзбек тилида чиқадиган барча газета, журналларни кузатиб, янги нашр этилган китобларни ўқиб боради. Ҳафтада бир бор Андижон, Ўш шаҳарларига бориб кутубхоналарда ўтириб хорижий тиллардаги янги нашрлар билан танишиб туради. Радиода хорижий тилларда бериладиган эшиттиришларнинг бирортасини ҳам канда қилмай тинглаб боради. Ҳам дунёвий, ҳам диний фанлардаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор. «Қуръони карим»даги исталган оятни ўз жойидан топиб шарҳлаб бера олади. Ғаззолийнинг Байрутда чоп этилган «Иҳёи улумиддин» асарининг етти жилдлигини деярли ёддан билади. Унинг ҳузурида бирор масаладан гап бошлашнинг ўзи душвор. Қандай мавзуда сўз бошланса, келган жойидан илиб кетаверади. Дарҳол сўзингиздаги ноаниқлика аниқлик киритади... Бир неча дақиқа ўтар-ўтмас у Минг биринчи тепадаги гурунгнинг сардорига айланди, одатда давраларда мана мен деган ҳамсуҳбатларига ҳам сўз бермайдиган  Маҳкам Маҳмудов, Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулла Болтабоев, Абдуғафур Расулов, Дилмурод Қуронов, Раҳматилла Иноғомовлар ҳам сомега айланиб унинг суҳбатларига маҳлиё бўлиб ўтирдилар. Айниқса, Мусобекнинг мустақил равишда олиб бораётган руҳ ҳақидаги тадқиқоти бўйича мулоҳаза, илмий хулосалари ўтирганларни ўй-мушоҳадалар уммонига ғарқ этди... Тўрт ярим соатлик вақт қандай ўтиб кетганлигини сезмай қолибмиз. Улуғбекнинг бошқа яқинлари ҳам Мусобекдан қолишмас, айниқса, бевақт оламдан ўтиб кетган акаси – раҳматли Ойбек Мусобекка устоз саналар экан. Олий маълумотли тарих ўқитувчиси Ойбек ҳам диний, ҳам фалсафий, ҳам Ватан тарихи бўйича ўз қарашига эга ғоят зукко донишманд, ҳам исёнкор шоир бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларидаги алғов-далғовлар шароитида аламли, изтиробли ўй-мушоҳадалар, ўзи билан руҳий алмашувлар жараёнида жунун ҳолига тушиб фожиона ҳалок бўлган. Вафотидан кейин «Ватан» газетаси унинг шеърларидан намуналар эълон этган эди. Улуғбек «Мувозанат» романида Ойбек қаламига мансуб шеърлардан келтирган. Асардаги Амир тимсолида Ойбекдан ўтган талай хусусиятлар бор... Минг биринчи тепадаги гурунгда Ойбек билан боғлиқ хотиралар бир неча бор тилга олинди.

Минг биринчи тепадаги гурунглар менинг Улуғбек Ҳамдам тўғрисидаги тасаввурларимни бутунлай ўзгартириб юборди, гарчи Улуғбекни 1988 йилдан – университетда биринчи курсда ўқиган кезларидаёқ таниган, диплом ишига, сўнг аспирантурада номзодлик диссертациясига раҳбарлик қилган, шеър, ҳикоя, мақолалари қўлёзмаларини ўқиб, маслаҳатлар бериб юрган бўлсам ҳам, у ҳақида кўп нарсани билмас эканман...

 

IV

 

Улуғбек 90-йилларга қадар филолог талабалар орасида деярли мен учратмаган тамомила ўзгача – Европа янги фалсафаси, эстетикаси, руҳшунослиги – Шопенгауэр, Нитше, Фрейд, Фромм, Юнг, Гассет таълимотлари билан яқиндан таниш, жаҳон ва миллий адабиёт тарихи, замонавий адабий жараён масалалари бўйича бутунлай ўзгача фикр юритадиган исёнкор талаба сифатида намоён бўла бошлади. Авваллари ҳам гоҳо «ўзгача»роқ фикрлайдиган талабалар учраб қолар, бироқ ўз вақтида уларнинг кавуши тўғрилаб қўйиларди. Улуғбекнинг бахти, омади шундаки, у мустабид тузумнинг тафаккурдаги исканжалари дарз кетган, ниҳоят одамлар елкасига эрк, озодлик офтоби туша бошлаган йилларда университет аудиторияларида таълим олиш шарафига муяссар бўлди. Бахт, омад кулиб боқса янги-янги омадларни бошлаб келаверар экан, тўртинчи курсда ўқиганида  у энг билимдон талабалар қатори Туркияга ўқишга юборилди. Икки йиллик хориждаги таълим давомида турк тилини мукаммал эгаллади. Олдиндан ўзи мафтун бўлган ҳам Ғарб, ҳам Шарқ фалсафаси, санъат, адабиёти денгизида бамисоли ғаввос бўлиб сузди. Айниқса, Кўня шаҳрида муқим макон тутган Жалолиддин Румий мақбараси унинг маънавий саждагоҳига айланди, бир неча тунларни бу даҳо аллома қабри қошида уйқусиз ўтказди, тасаввуф оламида мутасаввуф бўлиб нафас олди. Ниҳоят, моҳият кашшофи Румийнинг «Фиҳи мо фиҳий» номли жаҳонга машҳур фалсафий асарини туркчадан ўзбекчага ўгирди. Бу асар «Ичингдаги ичиндадир» номи остида бир неча бор қайта нашр этилди. Унинг бошқа таржималари, жумладан, Усмон Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси» фундаментал асари таржимаси ҳам жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. Айни пайтда они тилимиздаги қатор сиёсий, илмий асарларни туркчага ўгирди.

         Туркиядан у янги миллий шеъриятимизни ўзгача мезонлар асосида тадқиқ этиш эҳтиёжини теран ҳис этган ҳолда қайтди, айниқса, испан файласуфи О.Гассетнинг «Дегуманизация искусства» , француз олими Жан- Луис –Жубертнинг туркчага ўгирилган «Шеър недир?» деб номланган асарлари бу соҳада уни янгича илмий изланишларга илҳомлантирди. Шўро даврида шеъриятдан нуқул ижтимоийлик қидирган танқид кўнгил асрори тароналарига ўта нописандлик билан муносабатда бўлгани, ўтган асрнинг 20-30-йилларида яратилган «соф лирика» намуналари, жумладан, Ойбекнинг дилбар лирикаси салбий баҳоланганлиги адабий жамоатчиликка яхши маълум. Улуғбек «соф лирика» муаммоси мавзуидаги номзодлик диссертациясида фанда илк бор Ойбекнинг айни шу йўналишдаги шеърларининг беқиёс нафосатини, асл инсоний моҳиятини очиб берди. Ёш олимнинг «Бадиий тафаккур тадрижи» китоби бошдан-оёқ янги ўзбек шеъриятига шу хилда янгича нигоҳ билан ёндашиш, нозик ва теран таҳлил, талқин этишнинг яхши намунасидир.

         Улуғбекнинг асл дил розлари, оилавий муҳитда, ўзимизда ва хорижда ўқиш-ўрганиш, бетиним изланиш жараёнида кўнглида туғилган беором кечинмалари, ўй-мушоҳадалари аввало лирик шеърларида, ҳикоя, қисса, романларида айниқса ёрқинроқ намоён бўла борди. «Тангрига элтувчи исён» шеърий тўплами, «Ёлғизлик» номи остида чиққан қисса ва ҳикоялари, «Мувозанат» ҳамда «Исён ва итоат» романлари - икки аср оралиғида яратилган мазкур асарлар аввало бадиий тафаккурнинг бутулай янгилиги билан ажралиб туради. Адабий-танқидий ишларида бўлганидек, шеърияти ва насрида сиз яқин ўтмиш тафаккури инерцияси, асоратларини деярли кўрмайсиз, Мавзу ҳам, масала, муаммоларнинг қўйилиши ҳам, уларнинг бадиий таҳлили, талқини ҳам янгича. Улуғбек шоир, носир сифатида шаклланаётган кезлари миллий адабиётимиз ривожи учун хос бўлган анъанавий ва модерн оқим хусусиятлари ҳам Улуғбек ижодида бетакрор тарзда намоён бўлди.

         Улуғбек лирикаси ҳеч қанақа мезонларга тушмайдиган ҳолат, руҳ, туйғу, онг оқимининг ғаройиб манзараларидан иборат. Мана бу ҳолатга бир қаранг:

 

Бир ҳолат...

Ҳолатки, яшашни ўйламайман мен,

Ҳолатки, ўлимлар яшамоққа тенг.

Ҳолатки, сезимлар заминий эмас,

Ҳолатки, мангулик жонингга тегмас.

Ҳолатки, мен сени севмайман, бироқ,

Кўнгил оқ

туйғу оқ,

дунёлар оппоқ...

 

Бунақасини авваллари ўқимагансиз. Аммо, ўз кўнглингизга қулоқ тутиб, ўз руҳингизни бир синаб кўринг, амин бўласизки, Сиз ҳам, ўзингиз сезмаган ҳолда, айни ўшандай зиддиятли ҳолатларга тушгансиз, тушарсиз, албатта.

 

Орзу қилмасликдан қўрқардим бир вақт,

Энди орзулардан қочаман йироқ.

Ишқсиз ҳаёт йўқдир, дердим мен фақат,

Энди ишқнинг ўзи қотилдир кўпроқ...

 

Бунақа фавқулодда зиддиятли кечинмалар ҳам бу кўҳна дунёда инсон қисматида бор гап!

Ҳувиллайди юрагим сенсиз...

Ўртанаман бироқ сен билан...

Нечун йўқсан, тополмадим ман...

Нечун борсан - қийнайсан ҳануз...

 

Инсон зоти шунақа ношукур банда: жудоликдан юрак ҳувиллайди, висол дамларида эса ўртанади, борига ҳам, йўғига ҳам чидолмайди – шу тўрт мисрада қалбнинг шу хил мангу зидияти нақадар чиройли ифода этилган!

Улуғбек қисса ва ҳикояларида инсон руҳияти билан боғлиқ онгли ва онгсиз – онг ости жараёнларини, улар орасидаги зиддиятларни ўзгача йўлларда ифодалаш бобида тажрибалар олиб борди. «Ёлғизлик» қиссаси модерн адабиёт ихлосмандлари томонидан хуш қабул қилинди, ижобий баҳоланди: инсон ҳаёти, қисмати тан, руҳ, ақлдан иборат уч бирликнинг ўзаро уйғунлигида – руҳ Аллоҳга илтижо, ақл – турмуш ташвишлари, жумбоқлари билан кураш, тан эса табиий биологик майллар эҳтиёжи орасидаги зиддиятлар асосида кечиши бетакрор тарзда акс эттирилганлиги таъкидланди. Бироқ ўзи олиб борган бу тажрибалардан Улуғбекнинг кўнгли тўлмади, дилидаги гаплар фақат озчиликкагина англашинарли экани, кўпчиликка етиб бормаётгани уни ташвишга сола бошлади. «Элита» санъати, адабиёти, хос кишиларга мўлжалланган асарлар ҳам яшашга ҳақли эканини асло инкор этмаган ҳолда бугунги кунда янги санъат, модерн ижод соҳиблари ҳаёт ва шахснинг янгича бадиий талқинларини кўпчиликка тушунарли тарзда таъсирчан ифода этиш йўлларини қидираётганлигига  гувоҳ бўлиб турибмиз. ХХ аср поёнида пайдо бўла бошлаган «Ҳайратомуз ақл» («Тафаккур ўйинлари») , «Қиш сонатаси», «Исо Масиҳ изтироблари» фильмлари, Пауло Коэло романларининг жаҳон бўйлаб мислсиз шуҳрат қозонганлиги бунинг ёрқин далилидир. Ҳам элитани, ҳам оддий томошабин – китобхонни бирдек ўзига мафтун эта оладиган, шахс жумбоғи, қалб ҳақиқатининг янги бадиий талқини, кашфиёти билан жаҳон аҳлини ларзага сола оладиган асар яратиш ижодкорнинг бахти, омади! Улуғбекнинг «Мувозанат», «Исён ва итоат» романларида тутган йўли бугунги жаҳон янги санъати, адабиётидаги айни шундай самарали изланишларга ҳамоҳангдир.

Улуғбек романлари сюжети бир қарашда анъанавий-оммавий асарларга хос қизиқарли драматик фабулалар асосига қурилган. Персонажларнинг драмаларга тўла саргузашти ҳар қандай китобхонни ўз ортидан етаклаб кета олади. Бироқ улар одатдаги саргузашт асарлардан кескин фарқ қилади. Синчиклаб разм солинса, саргузаштлар ортидаги шахс жумбоғи, инсон табиати, руҳиятининг сир-синоати бадиий таҳлили ҳамиша муаллифнинг диққат марказида турганлигига амин бўласиз. Энг муҳими, ёш ёзувчи шахс жумбоғига бир хилдаги бадиий-фалсафий мезон эмас, ғоят хилма-хил ақидалар асосида ёндашади. Шахсни ҳам моддиюнча ижтимоий мавжудод тарзида англаш, ҳам илоҳий, шарқона исломий тасаввуф таълимоти асосида тушуниш, ҳам Ғарб фалсафаси – эстетик қарашлари, жумладан экзистенциализм, гоҳо абсурд мезонлари бўйича идрок этиш – шу тариқа анъанавий реализм, натурализм, модернизм мактабларига хос хилма-хил талқинлар уйғунлиги бу романларга ўзига хос жозиба бахш этади.

Республикамизда синергетика таълимотининг илк тарғиботчиларидан файласуф олим Инъомжон Раҳимов Улуғбек романлари билан танишгач, бир суҳбатда: «Шу пайтга қадар мен ўқиган ўзбек романлари моддиюнча диалектик тафаккур асосига қурилган эди, Улуғбек романларида эса мен илк бор ягона чизиқсиз кўптармоқли, кўп вариантли синергетик тафаккур тарзига дуч келдим. Бу жуда муҳим, истиқболи порлоқ янгилик. Буни авайлаб-ардоқлаш, адабий танқид эса билимдонлик билан бу ноёб тафаккур усули моҳиятини оқилона теран таҳлиллар орқали очиб бериши даркор» деди.

Улуғбек бундай тафаккур усулига бирданига келиб қолгани йўқ. Минг биринчи тепадаги гурунгдан аёнки, у ҳозиргача босиб ўтган бутун ҳаёт йўли давомида бунга ҳозирлик кўрди. Улуғбек ҳозирда улуғ йўлнинг бошида турибди. Янги, биз учун юрилмаган, синалмаган қутлуғ йўлдан боришнинг ўзи бўлмайди. Бетиним ҳаракат, изланиш, олға инитилиш орқалигина бу йўлда зафарлар қучиш мумкин. Табиатидаги бир оз «шоирона жунунлик»ни жиловлаб, Аллоҳ берган ўзидаги ноёб истеъдодга нисбатан бепарволик, нописандликни тарк этиб унинг бу қутлуғ йўлда дадил олға интилишини тилаб қоламан. Ёш адибнинг қутлуғ йўлдаги дастлабки қадамлари самараси мустақил ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан эътироф этилиб «Шуҳрат» медали билан тақдирланиши уни ўзи танлаган йўлда собит бўлишга ундайди.

 


 

 

 

ТАФАККУР ЁҒДУСИ

(Зулфия Қуролбой қизига очиқ хат)

 

         Зулфияхон, очиғи, Сизни мен шахсан танимайман. Бироқ ижодингизни, хусусан, матбуотда эълон этилган ҳикояларингизни кузатиб, ўқиб бораман. Ҳаётнинг, айниқса, қишлоқ турмушининг қоқ ўзидан, гирдобидан олинган, чуқур ички бир дард, миллат ғами билан йўғрилган ҳар бир чиқишингиз мени ҳар гал ҳаяжонга солади. Саида опадан кейин асарларида нафис ўзбекона нафосат ва айни пайтда мардона бир шижоат, адолат туйғуси уфуриб турган истеъдодли бир адибанинг кўз олдимизда шаклланиб келаётганлиги миллий насримиз учун қувончли ҳодиса деб биламан.

          «Ёшлик»да чиққан «Тафаккур» номли ҳикоянгиз мени Сизга мактуб йўллашга ундади. Бошқа ҳамкасбларимда  қандай, билмайман, шахсан ўзим ўртача ёки бўш асарни ўқиганимда ҳар доим «танқидчи» ҳолига тушаман, асарларнинг кам-кўстлари, ожиз жиҳатларини, сунъий-ясамалигини баралла кўриб, йўл-йўлакай таҳлил этиб бораман. Ҳақиқий санъат намуналарига дуч келганимда эса мунаққидлик ҳунаримни бутунлай унутиб муайян муддат ўша асар ичида яшайман, асар персонажлари менинг учун тирик одамларга айланади, воқеалар «иштирокчиси» сифатида персонажлар билан мулоқотга киришаман, уларнинг ташвишу қувончлари, оҳу зорлари, ўй-мушоҳадаларига шерик тутинаман. Кейинги йилларда миллий адабиётимизда пайдо бўлган икки асар мутолааси чоғи айни шундай ҳолатга тушдим.  Олдинроқ бир суҳбатда У.Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи мутолааси мени не кўйларга солгани хусусида сўзлаган эдим. Мана энди Сизнинг «Тафаккур»ингиз билан танишиш чоғи кўнглимда кечган армону аламлар, ўй-мушоҳадалар ҳақида гапирсам дейман.

         Асарингизда ҳикоя қилинган бир ноёб истеъдод соҳиби – шаҳмат шайдосининг мусибатларга, ўкинч, армонларга тўла машаққатли умр йўли, фожеий қисмати, аминманки, мен каби ҳар бир миллат фарзандини ларзага солади, маҳзун, аламли ўйларга толдиради. Ҳикоя айни мамлакатимиз ҳаётида қувончли тарихий воқеа содир бўлган, беназир ёш шахмат устаси Рустам Қосимжонов жаҳон чемпионлигини қўлга киритган кезларда дунё юзини кўрди. Бунда қандайдир рамзий маъно бордек. Биламизки, Рустамжон бундай юксак мартабага осонликча эришгани йўқ. Оқ сут бериб вояга етказган волидаи муҳтарамасидан тортиб мамлакат Президентига қадар қанчадан-қанча ҳайрихоҳ одамларнинг эътибори, ҳиммати, ардоғи, қолаверса ўзидаги қатъият, шижоат туфайли Аллоҳ берган ноёб истеъдод ўз куч-қудрати, саҳоватини намоён этди. Минг афсус, ҳаётда акс ҳоллар ҳам бўлиб туради. Ноёб истеъдодга нисбатан лоқайдлик, эътиборсизлик, бугина эмас, сўқирлик, жаҳолат, шафқатсизлик ўша истеъдод эгасининг ўн гулидан бири очилмай туриб хазон этади, уни топтаб ташлайди. Айниқса, турмуш чигалликлари, тирикчилик ташвишлари гирдобига тушиб қолган хонадону ҳудудларда бу ҳол юз бериб туриши табиий ҳол.

         Зулфияхон, Сиз ҳикояда миллатнинг, аниқроғи, миллат одамларининг ана шу фожиаси ҳақида куйиб-ёниб ёзасиз! Биламизки, ўтган асрнинг 60-70-йилларида насрда «шафқатсиз реализм»  деган оқим пайдо бўлган, ҳақгўй, жасур адиблар ўз асарларида ҳаёт машаққатларини, хусусан, қишлоқ кишиларининг аянчли турмушини бутун мураккаблиги, зиддиятлари билан шафқатсизларча ҳалол, ҳаққоний акс эттиришга журъат этган эдилар. Шу руҳдаги асарлар туфайли сўз санъати, сўз усталарининг эл-юрт олдидаги обрў-эътибори, ижтимоий мавқеи бениҳоя юксакликка кўтарилган эди. Табиийки, бу тур асарлар юқори доираларга асло маъқул тушмагани, улар теварагида бетиним фитна, фисқу фасодлар уюштирилганига ўзимиз гувоҳмиз. Кимдир топиб айтган: ҳақ гапга, адолатли танқидга тоқат қилолмайдиган жамиятнинг келажаги йўқ. Тарих буни тўла тасдиқлади. Мангуликка даҳлдор мустақил мамлакатимизда ҳақ сўзнинг қадри баланд, ҳақиқатни айтиш, ёзиш имкони кенг. Бундан илҳомланган навқирон адабий авлод «шафқатсиз реализм» анъаналарини янги шароитда ўзгача тарзда давом эттираётирлар. Бу йўлда айниқса Шоим Бўтаев самарали изланишлар олиб боряпти. Сизнинг ҳикояларингиз, хусусан, «Тафаккур»ни мен айни шу йўналишга мансуб деб биламан.

         Ҳикоя воқеаларини, бош қаҳрамон саргузаштларини Сиз анча олисдан – тарихимизнинг кечаги «қора кунлари»дан бошлайсиз. Мустабид тузум аграр сиёсати туфайли топтаб ташланган, тоғлар орасидаги бир вақтлар шарқираб оққан булоқларнинг кўзи аллақачон бекилиб биёбонга айланган дўппидек хароба қишлоқнинг бири-биридан аянчли манзаралари ифодаси орқали ўқувчини маҳзун бир муҳит қаърига бошлайсиз. Хўжалик раиси Эшбоевнинг фаровон ва шу хўжаликнинг фақиру ҳақир фуқароси - оддий тегирмончи Довулбойнинг ғарибгина хонадони. Мана шу икки хонадон ва улар орасидаги сокин, аммо моҳиятан зиддиятларга тўла муносабатлар ифодаси жараёнида даврнинг, давр одамлари қисматининг ниҳоятда жиддий, ўткир фожиалари намоён бўла боради. Эшбоев сиртдан халқпарвар, фақиру ҳақирларга мурувватли, меҳрибон раҳбар; фаровон ҳаёт ҳақидаги ваъдалари, ширин сўзлари билан одамларни ўзига мафтун эта олади, ҳатто Довулбойнинг янгиликка ҳаваси, қизиқиши катта бўлган боласи Тангриберди раисникида телевизор кўриб катта бўлган, «Шаҳмат деган балони телевизорда кўриб» девонага айланган. Бироқ моҳиятан у ўзгача одам: ўз манфаати, роҳат-фароғатидан бошқасини билмайди. Элга берган ваъдалари оғзида қолиб кетади, йиллар ўтса ҳам қишлоқда фаровонликдан дарак йўқ, қишлоқ аҳли ичи қурбақа тўла зах қудуқ сувини ичишга мажбур. Пихини ёрган бу раҳбар ходим одамларни муҳтожликда, қарамликда ушлаб туриш сиёсатига амал қилади. Агар одамларга эрк берилса, турмуш фаровонлаша борса уларни бошқариш қийин бўлиб қолишини яхши билади. Тоталитар режимга хос бу мудҳиш сиёсат асарда  қаламга олинган мўъжазгина жамоа хўжалиги, кичик бир мустабид раҳбар ва унинг итоаткор қули муносабатлари, бундай «ҳукмдорлик» ва «қуллик»нинг фожеий оқибатлари орқали ўқувчини ларзага соладиган бир тарзда ифода этилган. Сизнинг энг жиддий бадиий кашфиётингиз ана шунда деб биламан.

         Довулбой унчалик анойи кимса эмас, у раиснинг ҳақиқий башарасини, мунофиқлигини озми-кўпми билади, гоҳо унинг кирдикорларини юзига солгиси келади. Бироқ бундай «жасорат»нинг нима билан якунланишини, қариган чоғида ягона тирикчилик манбаи – ота-боболаридан қолган тегирмондан ажралиб қолишини яхши билади; раис субутсизлик қилиб шаънини топтаган кезларда ҳам орани бузмаслик учун ялтоқланиб унинг шаънига «не тўлка мен, бутун халқ сиздан рози» дея мадҳиялар ёғдиради. Қарамлик, муҳтожлик бу кимсани фақат маънавий тубанлик эмас, балки мудҳиш жиноятлар сари етаклайди.

         Қарангки, қарқуноқдан булбул чиққандай, мана шундай кимса хонадонида ғаройиб ўғлон туғилади. Тангриберди ўз номи билан Аллоҳ берган ноёб истеъдод эгаси – шаҳмат фидойиси. Бутун фикр-хаёли шаҳмат билан банд. Илк ўйинлари билан мухлисларини ҳайратда қолдиради, бирин-кетин аввал қишлоқ, сўнгра туман, вилоят миқёсларидаги ўйинларда  ғолиб чиқади. Номи эл оғзига тушади. Қария отанинг фикри ёди эса тегирмонни қўлдан чиқармаслик, уни Тангрибердига топшириш. Тангирберди эса отани ҳарчанд ҳурмат қилмасин, ўз аҳдида қатъий. Икки хил майл, манфаатлар кураши, отанинг қаршиликлари, ўғлонга – унинг эзгу туйғулари, орзу-майлларига нисбатан шафқатсиз тазйиқу таъқиблари, ваҳшиёна ҳамлалари – бири-биридан мудҳиш лавҳаларни ўқир эканмиз, ғалати зиддиятли ҳолатга тушамиз. Айниқса, ўғлоннинг ўйинларда олган нишону гувоҳномаларини, ўзи учун муқаддас шаҳмат тахтасини ота томонидан оловда ёндирилиши лавҳасини ўқиган китобхон алам-ўкинчдан лол бўлиб қолади. Отанинг бу  хил шафқатсизликларини асло кечириш мумкин бўлмаса-да, бироқ уни қисман тушунгандай бўламиз. У ҳаётда кўп муҳтожлик, йўқчилик, очлик кунларини кўрган, ҳатто очликдан тош чайнаган онлари бўлган. Муҳтожлик балосидан бениҳоя  қўрқади. Ўғлининг келажагини ўйлаб нон бермайдиган бекорчи эрмак - шаҳмат тахтасидан камтарона реал даромад ўчоғи - тегирмонга қайтишни афзал кўради. Бу хил ҳаракат ортида эса, юқорида эслатилгандек, одамларни қарамликка, фақат «қорин ғами»га маҳкум этган қудратли куч турибди. Онгли китобхоннинг фикр-хаёли -  ғазаби ўжар, тошбағир, бешафқат қарияга эмас, охир-оқибат ана шу «мудҳиш қудрат – куч»га йўналтирилади.

         Ота олишувда қисман ғолиб чиқди, ўғлон армияда орттирган устози, севгилисидан юз ўгириб қишлоқда қолишга, ота-она раъйига кўра суймаган қишлоқ қизига уйланишга мажбур бўлди, не-не орзу-умидлари топталди. Буюк дейишга лойиқ навқирон йигитнинг ана шу драматик дақиқалардаги тиғиз руҳий ҳолатлари ифодаланган лавҳаларни ўқиш қийин, ниҳоятда қийин! Ўша дақиқаларда дод дегингиз келади. Бу лавҳалар чинакам санъат намунаси. Шуниси муҳимки, ана шундай ўта аламли, мушкул дамларда бирор ўринда бўлсин ўғлон отасига қўл кўтармайди, қўшиқда айтилганидек, ўғлон ўз ҳаддидан нари ўтмайди. Ана шундай ўринларда унинг инсонлик мартабаси кўз олдимизда осмон қадар кўтарилади! Бунинг учун, Зулфияхон, қаламингизга тасанно!

         Ота зуғумлари ҳар қанча оғир, бешафқат  бўлмасин, ўғлон барибир улардан омон чиқади, эҳтимол, у ўз аҳдида собит туриб эзгу орзу-умидларига эришиши мумкин эди. Бироқ унинг қаршисида бундан-да оғирроқ, даҳшатлироқ куч кўндаланг бўлади. Раис ҳузурида – хўжалик идорасида ишлаб унинг жиноий хатти ҳаракатларидан яхши хабардор бўлган ўғлон гўллик қилиб унинг сирини фош этмоқчи бўлади. Шундан кейин Раис унга қарши пинҳона жангга киришади. Югурдак жаллодларини ишга солиб, ваҳшийларча калтаклаб уни ўнгланмайдиган фалаж, майиб-мажруҳ ҳолга солади, ақл-хушидан айиради. Тангрибердининг майиб-мажруҳ ҳолати ифодаси асносида Сиз яна бир қатор бадиий ихтиролар кашф қиласиз. Ўжар, шафқатсиз ота, муштипар она энди ўғлон бошида парвона. Ўғлон нимани истаса, ота-она муҳайё қилишга тайёр. Ҳатто ота ўз раъйига қарши бориб шахмат тахтасини ясаб унинг каровоти ёнига келтириб қўяди. Бироқ ўғлон энди у шахмат тахтасига қиё боқмайди. Буни кўрган қария кўзларида, унинг  ўзи сезмаган ҳолда, беихтиёр ёш қалқийди. Шундан кейин қария ўзига келолмайди. Мана шу ҳолатнинг ўзи бутун бир асарга арзийди. Ана шу сўнгги қария кўзида беихтиёр қалқиган ёшда унинг бутун армонлари, афсус-надоматлари шундоққина намоён бўлган!

         Охирида ҳатто Раис ҳам ўғлонга нисбатан саховат кўрсатади: хўжалик ҳисобидан пенсия тайинлайди, битта аравача инъом этади, яхшилаб даволатишни ўз бўйнига олади. Ўзи майиб-мажруҳга айлантирган одамга бу қадар илтифот, саҳоват кўрсатиш! Бунақа мунофиқлик, гуноҳи азимни Аллоҳ кечирармикин... Бу телба дунёнинг ғалати ўйинини қарангки, Раиснинг ногирон кимсага бу хил муруввати эл оғзига тушади,  телевизорларда намойиш этилади, ана шундай мунофиқона ҳиммат туфайли у катта лавозимга кўтарилиб кетади...

         Хаста ўғлон доғида ота ҳам, муштипар она ҳам оламдан ўтди. Ўғлоннинг турмуш ўртоғи бошқа эр қилиб кетади. Ота, она ўлими тасвири алам-ўкинчларга тўла. Ўзидан кейин ногирон ўғлон не кўйларга тушишини ўйлаб узоқ жон талашган она кўзи очиқ ҳолда фоний дунёни тарк этади. Бақрайиб қолган кўзларини қишлоқ мулласи дуо ўқиб ҳам ёполмайди. Бу лавҳани жўн ўқиш мумкин эмас.

         Бу  қадар оғир кўргиликлар, жудоликлар, ғам-ғуссага тўла лавҳалар охири нима билан тугар экан, дея юрак ҳовучлаб турасиз. Кутилмаганда асар охирида ўқувчининг хуфтон бўлиб кетган кўнглини ёритувчи ғаройиб бир ёғду пайдо бўлади. Йигитнинг аёвсиз жангдан кейин ҳувиллаб қолган қўрғонни эслатадиган шуурида, нақ мурданинг ўзи бўлиб қолган вужудида бирдан жонланиш рўй беради. Ёнгинасида ётган ўзига қуйиб қўйгандай ўхшаш ўғлига боқиб, уни қўлига олгиси, бағрига босиб эркалатгиси келади. Сўнг нигоҳлари беихтиёр шахмат тахтасига қадалади. Қарашларида фавқулодда бир зийраклик ва теран маъно акс этади. Шаҳмат тахтасига кутилмаган жўшқинлик билан шоша-пиша оқ ва қора доналарни теради, кўзлари тафаккур нурлари билан ёлқинланади; телевизорда намойиш этилаётган шаҳмат чемпиони билан шаҳмат чемпионлигига даъвогар ўртасидаги кескин жанг пайтида жаҳон чемпионининг хато юриш қилганини пайқаб бир қалқиб тушади, ҳаяжондан пичирлаб унга энг мақбул йўлни маслаҳат беради...

         Қойил, қизим! Донишманд бир адиб ҳикоя учун мақбул хотима топишнинг ўзи улкан кашфиёт деб тўғри айтган. Ҳикоядаги хотимада бир вақтлар шўро адабиёти учун урф бўлган сунъий «оптимизм»дан асар ҳам йўқ. У табиий, ҳаётий. Улуғ истеъдод эгаларини жисман топташ, мавҳ этиш мумкин, бироқ уларнинг руҳини,  тафаккур ёғдусини сўндириш асло мумкин эмас! Шахсан мен ҳаётда бу  хил ҳайратомуз ҳолатларга бир неча бор дуч келганман. «Тафаккур» ана шу улуғ илоҳий ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

         Сизни, Зулфияхон, ана шундай жиддий муваффақият билан чин дилдан қутлайман.

 

Эҳтиром билан Умарали НОРМАТОВ


 

ТАНҚИД, МУНАҚҚИД ВА ҲОЗИРГИ АДАБИЙ ЖАРАЁН

(Эргаш Очилов билан суҳбат)

 

Эргаш ОЧИЛОВ:-Истиқлол берган имкониятлар туфайли кейинги йилларда мумтоз сўз санъатини, исломий-тасаввуфий адабиётни, жадидчилик ҳаракати намояндалари асарларини, илгари таъқиқланган ёки қораланган шоиру ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш кенг қулоч ёзди. Албатта, ўзбек адабиёти тарихининг турли сабаблар билан бир пайтлар очиқ қолган ёки нотўғри талқинлар билан тўлдирилган саҳифалари қайта ёзилиши, унинг тараққиётига у ёки бу даражада ҳисса қўшган ҳар бир ижодкорнинг Ватан адабиёти ривожида тутган ўрни тайин этилиши керак. Лекин ўтмиши ҳар қанча шонли воқеалар, ибратли қаҳрамонликлар, маданият ва санъат дурдоналарига бой бўлмасин, ҳар қандай халқ ёруғ келажакка кўз тиккан ҳолда, бугунги кун қувончу ташвишлари билан яшаши маълум. Бинобарин, буюк аждодларимиз асрлар давомида яратган бадиий юксак асарларга маҳлиё бўлиб, ҳозирги адабий жараённи унутишимиз тўғри эмас. Масалани бу тарзда кескин қилиб қўйишимизнинг сабаби истиқлол даври адабиётининг ютуқ ва камчиликлари, муаммолари адабиётшунос ва мунаққидларимиз назаридан бир қадар чеккага сурилиб қолаётганидадир. Ҳолбуки, ҳар қандай даврда ҳам замонавий адабиёт тадқиқи етакчи ўрин тутиши сир эмас. Эҳтимол, замондош ижодкорлар асарлари бизни қониқтирмас. Шундай бўлса, танқидни кучайтириш зарур. Адабиётшунослик, танқидчиликнинг бирламчи вазифаси бугунги адабий жараённи таҳлил қилиш, унга таъсир кўрсатиш бўлиши лозим. Чунки улар ҳам шоир ва ёзувчилар каби замонавий адабиёт тақдири учун бирдай масъулдирлар. Бизда эса адабиёт ва адабиётшунослик алоҳида-алоҳида – ҳар бири ўз ҳолича ривожланаётганга ўхшайди.

Француз мутафаккири Ларофшуко: «Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафанинг устидан тантана қилади», - деб ёзган эди. Шунга ўхшаб бугунги адабиёт ҳам ўзининг ютуқлари, камчиликлари, аллақачон ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларини адабиёт ва танқидчилар олидга кўндаланг қўйиб жавоб талаб қиляптики, бу масалаларни ҳадеб четлаб ўтавериш мумкин эмас.

Бир неча йиллар муқаддам машҳур адибимиз Шукур Холмирзаев «Адабиёт ўладими?» деб бонг уриб чиққан эди. Адабиёт-ку мустақиллик йилларида ҳам бир ерда тўхтаб қолгани йўқ. Лекин танқидчиликнинг овози етарли даражада эштилмай қолгани аниқ. Куни кеча «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномаси бош муҳаррири Мурод Абдуллаев билан қилган суҳбатида Ш.Холмирзаев ўзбек танқидчилигининг таниқли намояндалари тўғрисида, мана, нима дейди: «... Озод ака Шарафиддинов батамом публицист бўлиб олдилар. Домла Қўшжонов анчайин ҳаваскор ёзувчининг ҳам бошини силаяптилар, холос. Умарали ака шоирона эҳтиросларга бериладиган бўп қолдилар. Норбой ака, умуман сафдан чиқиб кетди. Иброҳим Ғафуров бошқа йўлда ижод қиляпти. Қозоқвой Йўлдошев зўр-у, баъзан унинг шахсий «мен»и «шунос»лигини босиб кетади...». Бинобарин, ҳозирги адабий жараён, истиқлол даври адабиётининг ютуқ ва камчиликлари, муаммолари, турли шаклий-услубий изланиш ва тажрибалар, анъана ва новаторликнинг ўзаро муносабати, бу борадаги меъёр ва мезонлар, танқидчиликнинг мавжуд аҳволи, уни жонлантириш йўллари хусусида суҳбатлашсак.

Бугунги адабий жараён тўғрисида қандай фикрдасиз? Наср, назм, адабий танқиднинг ҳозирги даражаси сизни қониқтирадими? Адабиёт қандайдир вакуумга тушиб қолган бугунги кунда адабий танқид етакчиликни ўз қўлига олиши, шоиру ёзувчиларни жаҳон адабий-эстетик фикри билан таништириши, уларни уйғотиши, илҳомлантириши керак эмасми? ХIХ аср рус адабиётида Белинский билан Добролюбов шундай бир вазифани ўз зиммаларига олганларини биламиз. Нега бизда шундай кенг билимли, ҳассос ва жасоратли мунаққидлар йўқ? Айтайлик, мустақиллик даври адабиёти ҳақида кўп гапириляпти-ю, лекин унинг асосий белгилари, етакчи тамойиллари, ўзига хос хусусиятлари, ютуқ ва камчиликлари рўй-рост очиб берилганича йўқ.

Умарали НОРМАТОВ: - Эргашжон! Бирданига мени саволлар уммонига ғарқ қилиб юбордингиз. Дарҳақиқат, бугунги адабий жараён, унинг танқидчиликдаги таҳлили, талқини, баҳоси билан боғлиқ масалалар беҳад кўп. Адабий жамоатчилик орасида танқидчиликнинг ҳозирги ҳолатидан, мунаққидлар фаолиятидан қониқмаслик кайфияти хийла кучли. Мана, Сиз ҳам масалани «Адабий танқид борми ўзи?» тарзида кескин қилиб қўяётирсиз. Бу хусусда менинг фикрим ўзгачароқ. Уч йил бурун «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»да эълон этилган «Сукутда эмас, ҳаракатда» деб номланган мақоламда шу хусусдаги ўй-мулоҳазаларимни айтган эдим. Мен аминманки, жамики кам-кўстларига қарамай ҳозирги адабий-танқидий ҳаракатчилик  бундан ўн-ўн беш йил бурунгига қараганда солиштириб бўлмас даражада ўзгариб, илгарилаб кетди. Биз узоқ йиллар адабий танқид йўлида тушов бўлиб келган мафкуравий-сиёсий тазйиқлар, ягона ҳукмрон марксча-ленинча методологик йўл-йўриқ, синфий-партиявий ёндашиш андозаларидан халос бўлдик; адабий ҳодисаларни умумбашарий бадиий-эстетик мезонлар асосида хилма-хил талқин этиш имкониятлари пайдо бўлди.

         Гапингизда жон бор: истиқлол йилларида миллий адабиёт тарихи тадқиқи олдинги ўринга ўтди. Ўтган асрнинг 90-йиллари давомида фаол фидойи мунаққидларимиз учун жорий адабий жараёндан кўра янги ўзбек адабиётининг мустабид адабий сиёсат туфайли топталган тарихини тиклаш, қайта баҳолаш, қатағон қилинган адиблар меросини халққа қайтариш муҳимроқ ва зарурийроқ бўлиб қолди. Чунончи, Чўлпон шеърияти, насри, ҳаёти, Фитрат драматургияси, адабий-танқидий мероси, Қодирийнинг ҳаёт ва ижод йўли бўйича салмоқдор тадқиқиотлар яратилди. Эътибор берилса, қизғин баҳс-мунозаралар янги замонавий асарлар устида эмас, кўпроқ «Бой ила хизматчи», «Қутлуғ қон», «Зайнаб ва Омон», «Муқанна», «Кўкан», «Сароб», «Ўғри», «Синчалак», «Алишер Навоий», «Мирзо Улуғбек» каби мумтоз асарлар, Қодирий, Ҳамза, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, Ҳ.Олимжон ҳаёти, ижодий мероси талқини устида кетди. Қизғин тортишувлар асносида қатор муаммоларга ойдинлик киритилди. Бу йўналишдаги баҳс-мунозаралар ҳамон давом этяпти. 1990 йили чиққан «Ўзбек совет адабиёти тарихи» билан 1999 йили чоп этилган «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи» дарслигини солиштириб қаранг-а, салкам ўн йил ичида бир асрлик янги миллий адабиёт тарихи тадқиқи, талқинида қандай ўзгаришлар содир бўлганлигини яққол кўрасиз! Тил ва Адабиёт институтида амалга оширилаётган кўп жилдли тубдан янгича ёритилган ўзбек адабиёти тарихининг ХХ аср ўзбек адабиёти тадқиқига бағишланган китоблари устидаги илмий-ижодий изланишлар поёнига етай деб қолди. Қисқаси, мунаққидларимиз қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Ўн йил давомида олиб борилган бу хил ишлар ҳар қанча эъзоз, таҳсинга лойиқ.

         Эргаш ОЧИЛОВ: - Айни шундай жараён адабиётнинг ўзида ҳам юз берди. Шўро даври, хусусан, инқилобий ўзгаришлар, фуқаролик уруши воқеалари 90-йилларда яратилган асарларда бутунлай бошқача талқин этиладиган бўлди.

         Умарали НОРМАТОВ: - Балли. Қайта қуриш, ошкоралик йиллари, хусусан, истиқлол даврига келиб тарихий-инқилобий, фуқаролар уруши мавзуларида ҳукмрон мафкура руҳида ёзилган деярли барча асарларнинг чуви чиқиб қолди; бир вақтлар «янги совет кишиси» тимсоли – ибрат намунаси деб кўкларга кўтарилган «ижобий қаҳрамонлар» ҳам бирданига «қаҳрамон»лигини, «ибрат» кучини йўқотди. Айни ўша ХХ аср 80-йилларининг ўрталарида пайдо бўла бошлаган «Лолазор» романида, «Қора камар» драмасида, «Маймун етаклаган одам» сингари ҳикояларда шўро даври тарихининг, яқин кечмишнинг тубдан янгича талқини бошланди, «коммунистик идеаллар» йўлига жонини тиккан фидоий шахсларнинг киноявий-фожиявий образлари яратилди. 90-йилларга ўтиб «Тушда кечган умрлар» (Ў. Хошимов), «Олабўжи» (Ш. Холмирзаев), «Отамдан қолган далалар» (Тоғай Мурод), «Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам», «Тепаликдаги хароба» (О. Мухтор), «Истило», «Тобут», «Қора китоб» (Н. Эшонқул) каби ҳикоя, қисса, романларда эса «ёрқин келажак» йўлида беҳуда, маънисиз ўтган умрлар, адашган одамлар қисмати бутун кескинлиги, фожиалари билан очиб берилди. Уларда ҳатто ХХ аср жаҳон модерн адабиётидаги муҳим бир оқим – модерн адабиётига хос абсурд туйғуси, ғояси кўзга ташланди.

         Эргаш ОЧИЛОВ: - Бу хил асарларнинг танқидчиликдаги талқини сизни қаноатлантирадими?

         Умарали НОРМАТОВ: Афсуски, мутлақо қаноатлантирмайди. Бу хил асарлар ҳақида ёзилмади эмас, ёзилди, ёзилмоқда. Ҳатто махсус илмий тадқиқотлар олиб борилди, диссертациялар ҳимоя қилинди. Бироқ уларда бу асарларнинг чинакам бадиияти, янгилиги жаҳон адабиёти контекстида етарли илмий кашф этиб берилгани йўқ. Бу йўлдаги баъзи уринишлар, чунончи миллий насримиздаги жаҳон модерн, жумладан, абсурд адабиёти билан айрим муштаракликлар борлиги хусусидаги мулоҳазалар баъзи ҳамкасбларимизнинг кескин эътирозига учради. Чунончи, мунаққид А.Расулов «биз ўз адабиётимиз намуналарини осонгина ғарб абсурд адабиёти хирмонига қўшиб қўймаяпмизми?» дея ажабланади ва буни «хавфли бир ҳолат» деб атайди. Профессор Б.Саримсоқов эса ўзбек адабиётида абсурд туйғуси, ғоясини ифодалайдиган асар яратилмаганини айтиш билан кифояланмай, умуман абсурд адабиёти шаънига жиддий айбномалар тақайди. Унингча, «абсурд асар маънавий-ахлоқий концепциясиз, муайян ғоя ташимайдиган, ҳаётга лоқайд ва маънисиз муносабатни ифодалайди».

         Яхшиямки, замон ўзгача. Шўро даврида бунақа «хавфли ҳолат»га мойиллик билдирган мунаққидгина эмас, абсурд йўлида «маънавий-ахлоқий концепциясиз» асар яратган ёзувчининг ҳам шўри қуриган, қуритилган бўларди. Холис илмий таҳлил, баҳо ўрнига шу тарздаги ваҳима, дағдағалар қилишдан қачон қутилар эканмиз?! Миллий адабиётимизда «ғарб абсурд адабиёти хирмонига» қўшишга лойиқ, аниқроғи, ғарб адабиёти билан муштарак жиҳатлари бор асарлар яратилаётган бўлса, бунинг нимаси хавфли!

         Эргаш ОЧИЛОВ: -Асрлардан қолиб келаётган ҳақиқат шуки, ҳақиқий адабиёт халқни ўз ортидан эргаштириши, унинг савиясини кўтариши керак, наинки омманинг дидига мослашиши! Бизда эса ҳозир тескари жараён кетяпти: кўпчилик шоир ва ёзувчиларимиз ўқувчилар даражасига тушиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз ва бўш асарлар яратмоқдалар. Ўтиш даврининг қийинчиликлари туфайли бизда кейинги йилларда китобхонлик даражаси бир қадар сусайиб, шунга мувофиқ равишда ўқувчиларнинг савияси тушиб, диди ўтмаслашиб қолгани сир эмас. Қолаверса, чинакам адабиёт учун ҳеч қачон омма талаби ва диди мезон бўлган эмас. Омманинг маиший мавзудаги, саргузашт характеридаги енгил-елпи асарларга мойиллигидан келиб чиқиб, китоб бозорини шу хилдаги асарлар билан тўлдириш эмас, балки унинг эътиборини жиддий адабиёт томон йўналтириш чора-тадбирларини кўриш керак. Шундай қилинганида, енгил-елпи асарлар бунчалик болалаб кетмас эди. Ачинарлиси шундаки, адабиётимиз қиёфасини белгилаб турган баъзи забардаст ижодкорларимиз ҳам бундай ҳолга бефарқ қарамоқдалар.

Умарали НОРМАТОВ: - «Халқни ўз ортидан эргаштирадиган», унинг савиясини кўтарадиган ноёб санъат дурдоналари ҳамма даврларда нисбатан оз яратилган. Савияси паст, заиф асарлар ҳамма даврларда, ҳатто миллий адабиёт ривожининг «олтин» ва «кумуш» босқичларида ҳам мўл-кўл бўлган. Сиз айтгандай, бугун «енгил-елпи асарлар» бунчалик болалаб кетаётгани рост. Айни пайтда Зулфиянинг «Хотирам синиқлари», Саид Аҳмаднинг «Қоракўз мажнун», «Офтоб ойим», О.Ёқубовнинг «Қайдасан, Морико», Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар», Ш.Холмирзаевнинг «Динозавр», «Озодлик», Эркин Аъзамнинг «Шоирнинг тўйи», Н.Эшонқулнинг «Шамолни тутиб бўлмайди», Х.Дўстмуҳаммаднинг «Бозор», Ш.Бўтаевнинг «Қўрғонланган ой», «Ҳисомиддин ал-Ёғий», У.Ҳамдамнинг «Мувозанат», «Исён ва итоат», Саломат Вафонинг «Тилсим салтанати» сингари бадиий етук, чин санъат намунаси дейишга лойиқ асарларининг дунё юзини кўргани ҳам ҳақиқат! Бу рўйхатни яна давом эттиравериш мумкин. Айниқса бугунги янгиланган, янгиланаётган миллий шеъриятимиз, дадил айтиш мумкинки, замонавий жаҳон поэтик тафаккури билан бемалол бўйлаша оладиган шеъриятдир.

Эргаш ОЧИЛОВ: - Бир пайтлар деярли ҳар бир босилиб чиққан китобга тақриз ёзилиб, унга тегишли баҳо бериларди, газета-журналларда адабий баҳс-мунозаралар авжида эди. Кейинги йилларда эса «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномаси бошлаган ва бирмунча суст кечаётган ҳозирги романчилик ҳақидаги баҳсдан бошқасини эслолмаяпман. Тақриз ёзиш анъанаси-ку айтарли йўқолиб боряпти – пайдо бўлаётган аксарият асарлар ўз баҳосини олмаяпти (Ўз ҳисобидан ёки ҳомийлар ёрдамида китоб чиқараётган муаллифларнинг асарлари бундан мустасно, чунки китобни нашр этишни уддалаган бундай «адабий тадбиркорлар» ўз асарларига тақриз уюштиришни ҳам унутишмаяпти).

Мустақиллик даврида адабиётимизда кўтарилиш бўлмаяпти, воқеа бўладиган асарлар яратилмаяпти, деган эътирозларни кўп эшитамиз. Айни пайтда, эълон қилинаётган яхши асарлар тўғрисида танқидчилик сукут сақламоқда. Айтайлик, истеъододли ёш адиб Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи – истиқлол даври ўзбек адабиётининг ютуқларидан бири эканлиги шубҳасиз. Ҳолбуки, айрим мўъжаз тақризларни ҳисобга олмаганда, танқидчилигимиз шу асарни ҳам ҳар томонлама таҳлил қилиб, холис баҳосини бермади. Бу орада ёзувчи ўзининг иккинчи романини эълон қилиб улгурди...        

         Умарали НОРМАТОВ: - Укажон, босилиб чиққан ҳар бир асарга тақриз ёзиб баҳо бериш шартимикан? Мунаққидлик истеъдоди ҳам шоирлик, ёзувчилик истеъдодидай гап: ҳақиқий танқидчи ё ўзини бадиий кашфиёти билан ҳайратга солган ёки бадиий ночорлиги билан ҳафсаласини пир қилган асар ҳақидагина ёзади. Дуч келган заиф асарларнинг ҳар бирини бирма-бир савалайвериш ўз қадрини билган мунаққиднинг иши эмас. Озод Шарафиддинов кейинги  ўн-ўн беш йил давомида биргина «Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч» сарлавҳали кескин танқидий руҳдаги мақола билан чиқди. Бу мақола фақат Б.Бойқобилов китоби ҳақидагина бўлиб қолмай, ундаги танқидий гаплар шу йилларда эълон этилган ўнлаб, балким юзлаб ночор асарларга ҳам тегишлидир. Мана, Сизга мунаққид истеъдоди ва жасоратининг ёрқин намунаси! Танқидчиликда у нарса етишмайди, бу иш қилинмаяпти деб нолиймизу, лекин энг асосий нарса – мунаққид истеъдоди ва жасорати хусусида кам бош қотирамиз. «Мувозанат» ҳақида ёзилмади эмас, ёзилди, матбуотда ўнга яқин чиқиш бўлди. Бироқ асарнинг бўй-бастига муносиб салмоқдор иш ҳозирча яратилмади. Начора, жаҳон танқидчилиги, адабиётшунослигида ҳам нодир асарлар камдан-кам ҳолларда ўз вақтида муносиб баҳосини олган, ўн, эллик, ҳатто юзлаб йиллардан кейин у илмий кашф этилган. Ноёб бадиий истеъдод намунаси билан ноёб мунаққид нигоҳи туташадиган дақиқалар бадиият дунёсидаги энг бахтли, юлдузли онлардир. Устоз О.Шарафиддиновнинг «Нутқ» эссесининг яратилиш жараёни ана шундай бахтли онлардан деб биламан. Бунақа мақола асло буюртма, шунчаки хоҳиш-истак орқали яратилмайди. У бетакрор истеъдод, илҳом маҳсули! Ўзингиз биласиз, Достоевский романлари тўғрисида юзлаб тадқиқотлар қилинган, лекин ҳеч бир адабиётшунос бу ноёб асарлар бисоти, моҳиятини М.Бахтинчалик теран очиб беролгани йўқ. Эҳтимол, яна юз йиллар ўтар, яна бир ёрқин истеъдодли мунаққид – адабиётшунос чиқар, у буюк адиб романларидаги Бахтин кўрмаган, пайқамаган янги жиҳатларни ихтиро этар. Аминманки, эртадир, кечдир истеъдод билан ёзилган асарнинг, албатта, истеъдодли тадқиқотчиси чиқади. У кунларни кутиш керак. Бошқа чора йўқ. Истеъдод шундай ноёб илоҳий туҳфаки, юзлаб, балким минглаб мундоқроқ бандаи ожиз адо этолмаган жумбоқни ана шундай туҳфа эгаси битта ўзи ечади-қўяди! Бунақа бахтли-юлдузли онларни кутиб ўтирмай адабий танқид ҳар ҳолда ўз имконияти, иқтидори даражасида ўз ишини қиляпти. «Мувозанат» ва бошқа юқорида тилга олинган, олинмаган етук асарлар теварагида ижобий гаплар айтилаётганлигининг ўзи катта гап!

Адабий баҳсларнинг кўнгилдагидек жиддий ва изчил эмаслиги хусусидаги фикларингизга тўла қўшиламан. Баҳсларнинг юксак савияда ўтиши кўп жиҳатдан газета, журнал ходимларининг ташаббускорлиги, журъати ва журналистик маҳорати, санъатига боғлиқ.

Эргаш ОЧИЛОВ:-Бизда ҳозир шаклий-услубий изланишлар кўпайди. Янги тажрибалар қилаётган шоир ва ёзувчилар кўкка кўтариб мақталяпти, улар анъана қобиғини ёриб чиққанликда улуғланаяпти. Лекин масаланинг моҳиятига етиш керак: бу урунишлар чиндан ҳам янгиликми ёки тақлидми? Достоевский таъбири билан айтганда, шакл ўзгаргани билан хўроз ўзгармай қолиши мумкин-ку? Айтайлик, Омон Мухтор мини-романлар ёза бошлади-ю, машҳур бўлиб кетди. Шакл ўз йўлига, муҳими, у ўзбек насрини мазмун жиҳатдан янгиладими, бойитдими? Ёки Баҳром Рўзимуҳаммадни ўзбек модерн шоири деб улуғлашмоқда. Хўш, у Навоий, Бобур, Огаҳий, Чўлпон, Абдулла Ориповлар қалам сурган шеърият майдонида салафларига муносиб сўз айта оляптими-йўқми? Масалани шу тарзда қўйса, ҳаммаси равшанлашади.

Кейинги пайтларда Ғарб адабиётининг илғор оқимлари ўзбек адабиётига ҳам кенг кириб келмоқда. Албатта, Ғарб адабиётидан ўрганиш керак, лекин тақлид эмас, балки синтез йўли билан. Ғарбона тафаккур тарзи, адабий шакллар, ифода усулларини шарқона руҳ ва мазмун билан омухта қилиш керак. Миллий заминдан узилган адабиёт намунаси ҳеч қачон чинакамига муваффақият қозонмаган. У муаллақ бир нарсага ўхшайди: осмонга парвоз қилишга қаноти, заминда муқим туришга илдизи йўқ.

Аслида адабиёт битта: уни Шарқ ва Ғарбга бўлиш адабиётни қашшоқлаштиради, камситади. Ёзувчи қўлига қалам олар экан, ўзини қайсидир бир миллат адиби деб эмас, балки жаҳон сўз санъатининг бир вакили деб ҳис қилиши ва шу масъулият билан асар битиши, ёзган асарлари ана шу буюк адабиётнинг ҳеч бўлмаса бир  зарраси бўлишига интилиши керак. Ана шундагина адабиёт ўсади, юксалади.   

Умарали НОРМАТОВ: - Сезиб турибман, бугунги адабиётимиздаги энг нозик ва қалтис масала – модернизм ҳодисаси  хусусидаги фикримни билмоқчисиз. Аминманки, барча заиф, зиддиятли жиҳатларига қарамай мустақиллик йилларида модернизм бизда муайян адабий ҳодиса тусини олди. Насрда Омон Мухтор, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Саломат Вафо, шеъриятда Абдуавали Қутбиддин, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад, Гўзал Бегим сингари бу ҳаракатнинг етук намояндалари ва уларнинг ўнлаб истеъдодли сафдошлари, издошлари бор. 2003 йили 24 муаллиф - шоирларни ўз ичига олган «Ўзбек модерн шеърияти» баёзи чоп этилди. Бу тўпламга кирмай қолган яна ўнлаб «модерн»чи шоирлар бор.

Эҳтимол, ҳозирги ўзбек модерн шеъриятида ҳам, насрида ҳам Ғарб ёки Шарқ «модерн»чиларига қандайдир тақлидлар учрар. Бироқ яхлит олганда ҳозирги ўзбек модерн адабиёти миллий заминда, бугунги глобаллашув ва информатика даври тафаккури маҳсули сифатида дунёни янгича кўриш, англаш эҳтиёжи сифатида туғилган, туғилаётган табиий адабий ҳодисадир.

Ўз-ўзидан равшанки, бу жараён осонликча, силлиқ кечаётгани йўқ. Ҳар қандай адабий ҳаракатда бўлгани каби бу жараёнда ҳам самарасиз эксперементлар, заиф, юзаки асарларга дуч келяпмиз. Шуларни рўкач қилиб, бу адабий ҳодисани ёмонотлиқ қилишга, йўлини тўсишга уриниш, модернизм Ғарб ҳодисаси, у бизга тўғри келмайди, деб оёқ тираб олиш илмий одобдан эмас. Бундай ишларни адабиёт илмида чаласавод кимсалар қилса индамай ўтиш мумкин. Жаҳон адабиётидаги жараёнлардан хабардор, сўнгги йилларда «Ўткан кунлар», «Шум бола», «Менинг ўғригина болам» ҳақида ажойиб мақолалар эълон этган Сувон Мелидек истеъдодли мунаққид оғзидан шунақа эътирозларни эшитиш кишини таажжубга солади. У «модернизм ғарб ҳодисаси сифатида ўзбек маъанавий муҳитида нашъу намо топа олмайди» деган қарашида қатъий турибди. Унингча, «Модернизм – таназзул маҳсули», «Ёш ижодкор авлод бу йўлнинг келажаги йўқлигини англаши лозим», модернизм «қора ва тушкун кайфият»ни ифодаловчи, даҳрийликни тарғиб этувчи адабиёт; «Уни кўз-кўз қилиш, бундай усулда ёзилган асарларга маҳлиё бўлиш жиддий илмга ёт». Бошқа мунаққидлар ҳам Сувон Мелига жўровоз бўлиб «Ҳозир айрим адабиётшунос ва танқидчилар «модерн шеърият» атамасини қўллаб, шеърхонларга кундек равшан поэтик мазмунни, лирик кечинма моҳиятини сирлилаштиришга, шу орқали кўпгина шоирлар ижодидаги умумшеърият майдонида арзимас фикр-туйғуларни бетакрорлик (оригиналлик) ниқоби билан ҳаспўстлашга интилмоқдалар» (Б.Саримсоқов) демоқдалар. Бугина эмас, «модерн шеърият», «модернизм» терминининг тилимизга кириб келишига ҳам қарши чиқмоқдалар, уларнинг қарашича, «модерн терминини қўллаш поэтик моҳияти пуч шеърларни етук шеър даражасига кўтариш» бўлармиш.

Мен адабиётимиздаги модерн ҳодисасининг келажаги хусусида башорат қилишдан ожизман. Адабий жараён келажаги ҳақида башорат қилиш учун ҳатто даҳолик ҳам камлик қилади, бунинг учун камида пайғамбар бўлиш керак. Аслида бу ёлғиз Аллоҳгагина  аён.

Шуниси ачинарлики, ҳозирги модерн ҳодисаси хусусида билдирилган кескин танқидий даъволарнинг бирортаси аниқ далиллар, теран малакали илмий таҳлиллар орқали исботлаб берилгани йўқ. Юқорида санаб ўтилган модерн асарларни кўз олдингизга келтиринг, уларда қанақа танззул аломатлари бор? «Изоҳсиз луғат», «Аёлғу», «Кундуз сарҳадлари»даги сон-саноқсиз янгича ноёб бадиий топилмалар, қалбнинг ғаройиб сирли-сеҳрли жумбоқлари изҳори наҳотки «арзимас фикр-туйғулар», «поэтик моҳияти пуч» шеърлар бўлса?! Улардаги ўйчан,ғамгин оҳангларни бадбинлик, «қора ва тушкун» кайфиятга йўйиш тўғри эмас. Уларда мен бирорта ҳам илоҳий ҳақиқатга шак келтирувчи даҳриёна фикрни учратганим йўқ. Аксинча, бу йўналишдаги кўпчилик асарлар тасаввуфона руҳ, румиёна оҳанглар билан йўғрилган. «Кундуз сарҳадлари» китобида ҳатто «Қуръонга татаббуъ» туркуми бор. Тўғри, модернчи ижодкорлар бисотида «қора ва тушкун» кайфият ифодаланган лавҳа, мисралар, борингки асаралар топилади. Лекин улар ижодини яхлит ҳолда олиб қарасангиз, бутунлай зулмат қаърида қолиб кетиш йўқ, ҳатто «Қорли кунларга аталган шеърлар»да (Гўзал Бегим) ҳам охир-оқибат зулматни ёритувчи нур барқ этиб турганини кўрасиз. Улар ажиб бир нафосат туйғуси билан йўғрилган.

Модернчи шоирларимиз «Навоий, Бобур, Огаҳий, Чўлпон, Абдулла Ориповлар қалам сурган шеърият майдонида салафларига муносиб сўз айта олаяптими-йўқми?» деб савол қўяётирсиз. Эндигина оёққа туриб келаётган янги шеъриятдан бунақа катта мўъжизалар кутиш ўринли бўлармикан... Лекин синчиклаб қаралса, билимдонлик, нозик дид билан  теран таҳлил этилса модерн шеърларимизнинг энг сара намуналарида, масалан, Абдували Қутбиддиннинг «Тасаввур лаҳзалари», «Барокко», Фахриёрнинг «Геометрик баҳор», «Куз ёмғири» туркумларида, Гўзал Бегимнинг «Сукунат жаранги», «Учаётган япроқ сояси» китобларида инсон руҳий оламининг, қалб гавҳарининг анъанавий шеърият қўли етмаган сарҳадлари бадиий инкишоф этилганлигига амин бўласиз.

Шуниси ҳам борки, модерн шеърият, умуман модернистик асар бисотини анъанавий мезонлар орқали очиш асло мумкин эмас. Бунинг учун мутлақо ўзгача ёндашишлар, ундан ҳам муҳими, ўзгача дид-фаросат, нигоҳ, қалб туйғуси, янгича тадқиқотчилик иқтидори зарур. Қувонарлиси шундаки, айни шундай ноёб иқтидорли ёш мунаққидлар етишиб чиқяпти. Яқин орада уларнинг жиддий ишлари, тадқиқотлари билан танишиш бахтига муяссар бўламиз. Аллоҳга шукур, бу жабҳа ҳимоясиз хилқат эмас, модерн ижодкорлар орасида ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад, Баҳром Рўзимуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Шермурод Субҳон сингари бу соҳанинг етук билимдонлари, назариячилари, ҳимоячилари бор.

Эргаш ОЧИЛОВ: - Кейинги йилларда ўзбек насрида бир кўтарилиш кузатилмоқда. Лекин шеъриятимиз ҳали-ҳануз майда мавзулар атрофида ўралашиб қолаётгандай. Кўнгил шеърияти баҳонасида шеърият ўта интимлашиб кетмаяптими? Ёшларнинг аксарият шеърлари биргина ташбеҳ, деталь ёки фикр асосига қурилади. Ҳолбуки, айтайлик, Навоий ёки Фузулий ғазалларининг ҳар бир мисраси образлилик асосига қурилган, уларнинг ҳар бир фикри бадиий санъатлар билан безалган. Айни жиҳатдан, Абдулла Орипов: «Навоий ғазалларининг ҳар бир мисрасидаги образ бизнинг бутун бир шеъриятимиздаги хулосадан бир неча маротаба баланд туради», - деганда ҳақли эди. Шу билан бирга, баъзи шоирларимизда кўрилаётгани каби шеърни нуқул чиройли сўз ва ташбеҳлардан иборат қилиб қўймаслик керак. Хуллас, бугунги шеъриятдан кишининг кўнгли тўлмайди: нимадир етмайди, нимадир ортиқчами-ей...       

Умарали НОРМАТОВ: - Бугунги шеъриятимизни аввалги босқичлар шеърияти билан қиёслаганда ўзгачароқ манзарага дуч келасиз. «Кишан кийма, бўйин эгма, ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!» - Чўлпоннинг бу нидоси ХХ аср 20-йиллари миллий шеъриятимизнинг бош шиори бўлган. «Курашади икки тўлқин, қараб турайми? Йўқ» - Ойбекнинг бу қарори 20- йиллар охири, 30-йиллар шеъриятидаги ҳолат ҳақида муайян тасаввур беради. «Қўлингга қурол ол!» -Ҳамид Олимжоннинг бу даъвати иккинчи жаҳон уруши бошланиш кунларининг бош гапи эди. Ғ.Ғуломнинг «Сен етим эмассан» деган дил сўзлари фашизм келтирган мусибатларга жавобан янгараган ўзбекнинг, ўзбек шеъриятининг юксак инсонпарварлик нидоси бўлди. «Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!» - мустабид тузум инқирози йилларида маънавий хасталиклар гирдобида қолган оломонга қарата Шавкат Раҳмон қалбидан отилиб чиққан бу дардли хитоблар ўша давр шеъриятининг асосий пафосини белгилайди.

Ҳозирги шеърият ниҳоятда хилма-хил, кўпқиррали. Бир-икки сатр эмас, бир улкан шоир, ҳаттоки, бир шеърий мактаб, оқим ҳам унинг қиёфаси, манзараси ҳақида тасаввур беролмайди. Бир вақтлар О.Шарафиддинов ёки И.Ғафуров мақолаларини ўқиб, ўша давр шеъриятидаги жараёнларни кўз олдимизга келтира олар эдик. Бугун энг иқтидорли шеършунос мунаққид ҳам бундай ишни уддалашга қодир эмас. Демак, миллий шеъриятимиз қиёс қилиб бўлмас даражасида илгарилаб, хилма-хиллашиб кетди. Ҳар бир мактаб, оқимнинг ўз мухлислари бор. Мана энди уларнинг ўз тадқиқотчилари ҳам етишиб чиқяпти. Укажон, Сизга маъқул бўлмаган шеърлар бошқа бир шеърхонга, шеършуносга маъқул тушар. Буни табиий ҳол деб қарашга кўникишимиз даркор.

Эргаш ОЧИЛОВ: -Қалам аҳли билан суҳбатлашганда уларнинг адабиётшунос ва мунаққидлардан бир қадар норозилигини пайқаш қийин эмас. Шоир-ёзувчиларимиз танқидчиларни ўз асарларининг мазмун-моҳиятини етарли даражада тушунмасликда айблайдилар. Бунинг сабаби баъзи танқидчиларимизнинг билим савияси ва адабиётни англаш даражаси  ўзи тақриз бераётган муаллифникига қараганда пастлигидир. Тўғриси, замонавий жаҳон адабиёти мутолааси, Ғарбдаги илғор оқимлардан хабардорлик борасида адабиётшуносларимиз шоир-ёзувчиларимиздан бирмунча орқада қолишяпти. Хусусан, янгича йўналишда қалам тебратаётган, турли  шаклий-услубий тажрибалар қилаётган ёшлар ижодини баҳолаётган мунаққидларимизнинг мутолааси муаллиф даражасида эмаслиги билиниб қолмоқда. Ўз асарига ёзилган тақриз, берилган баҳодан қониқмаган ижодкорнинг танқидчидан ҳафсаласи пир бўлади. Энг ёмони, «Ҳа, энди, танқидчиликнинг савияси шу-да!» – деган нотўғри хулосага келади. Шу тариқа, думбул танқидчилар бир бутун танқидчилик тўғрисида нотўғри тасаввур туғдирадилар, унинг обрўсини тўкадилар.

Умарали НОРМАТОВ: - Бу хусусда Сиздан ошириб бирор нарса дея олмайман.

Эргаш ОЧИЛОВ: -Шоир-ёзувчиларнинг адабий жараёнда фаол иштирок этиши, янги асарларга тақриз ёзиши, адабиётимиз ҳақида фикр-мулоҳазалар билан чиқишлар қилиши, суҳбат-мулоқотлари ҳақида нима дейсиз? Менимча, улар ўз чиқишларида чўзиб ўтирмай, гапнинг индаллосини айтишади: у ёки бу асар тўғрисисда бир оғизда баҳо беришади, адабий жараённинг аҳволи хусусида ҳам қисқа сатрларда ҳамма нарсани айтишади. А.Қаҳҳор, А.Орипов, Ш.Холмирзаевларнинг адабий жараён билан боғлиқ мақолалари, интервьюлари ҳамиша қизиқиш билан ўқилиши бежиз эмас.

Умарали НОРМАТОВ: - Мен ёзувчи-шоирларнинг адабий жараёнда фаол иштирок этишлари тарфдориман. Шахсан ўзимга таниш, кўп йиллар мулоқатда бўлган Абулла Қаҳҳорнинг бу борадаги жонбозликлари адабий жараёнга қанчалар кучли таъсир кўрсатганлигига гувоҳман. Ёдингизда бўлса, кейинги ўттиз йил давомида камина адибларимиз рағабатини шу соҳага тортиш ниятида улар билан 50 га яқин суҳбатлар уюштирганман. Шукур Холмирзаев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдамларнинг кейинги суҳбат ва жиддий чиқишларини танқидчилигимизда муҳим ҳодиса деб атагим келади. Бу ўринда мен Шукур Холмирзаевнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ёзувчи»даги суҳбатларини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Озод изтироб қувончлари» китоби ва «Жараён» романи таржимаси муносабати билан «Ҳуррият»да эълон қилинган мақоласини, Улуғбек Ҳамдамнинг «Бадиий тафаккур тадрижи» рисоласи ва «Жаҳон адабиёти»даги модерн шеърият хусусидаги суҳбатини назарда тутяпаман.

Кези келганда бу хусусда бир танқидий мулоҳазани айтмай ўтолмайман. Менинг Шукур Холмирзаевга ҳурмат ва эҳтиромим ниҳоятда баланд экани, унинг танқид майдонидаги ҳар бир чиқиши, суҳбатлари мени бениҳоя мамнун этиши адибнинг ўзига ҳам аён. Насрий ижодида тасвирнинг майда-чуйдасигача аниқ ва тиниқ бўлишига қатъий амал қиладиган бу ноёб истеъдод эгаси хотира, суҳбатларида ҳодиса, фактлар аниқлигига унча эътибор бермайди. Натижада ҳамма нарса чалкашиб айқаш-уйқаш бўлиб кетади. Биргина мисол. «Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим» сарлавҳали суҳбатида (ЎзАС; 2003 йил 15 август) ёзувчи Қодирий ва Чўлпон муносабатлари ҳақида сўз очиб «Ҳатто Қодирий Чўлпоннинг «Тонг куйлари» шеърий тўпламига сўзбоши ёзган» дейди. Чўлпон тўпламининг номи «Тонг куйлари» эмас, «Тонг  сирлари». Суҳбатда «Ўткан кунлар»дан сўз очилганида «Қодирий роман мавзуини ҳам «олис, қора ўтмиш»дан олади»  дейилади. Аслида мавзу «олис, қора ўтмиш»дан эмас, аксинча, ёзувчининг ўзи айтганидай, «яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлган кейинги «хон замонлари»дан» олинган. Сотти Ҳусайн билан баҳсда Қодирийнинг «сўнгги приём» ва «эски приём» хусусидаги аниқ-равшан гаплари шу қадар ўзгартирилиб, чалкаштирилиб юбориладики, калаванинг учини тополмай гангиб қоласиз...

Суҳбатда айтилишича, Абдулла Қаҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» китобига Турсуной аянинг «шундай воқеалар ўтган эдики, сизларга эртак бўлиб туюлади» сўзлари эпиграф қилиб олинган эмиш. Биламизки, «Ўтмишдан эртаклар»га Абдулла Ориповнинг машҳур «Муножот»ни тинглаб» шеъридан парча эпиграф қилиб келтирилган. Шукур назарда тутган сўзлар «Даҳшат» ҳикоясининг эпиграфидир. Унинг асл матни бундай: «Хотин-қизларнинг бурун замонда кўрган кунини билмайсизлар, қизларим, айтган билан ишонмайсизлар!..» Бу сўзларни айтган одам Турсуной ая эмас, машҳур жамоатчи аёл Тўрахон ойи. Суҳбат муаллифи «Минг бир жон» ҳикояси қаҳрамони Мастурани «Синчалак» қаҳрамони билан алмаштириб Саида деб атайди: «Саида касалхонада оғир ётибди. Ўликранг... Кеч куз. Деразадан булутли осмон кўриниб туради. Қуёш баъзан булутлар ортида кўринмай кетади...». Ҳолбуки, ҳикоядаги воқеа кузда эмас, баҳорда юз беради. Асар мана бу сўзлар билан бошланади: «Мартнинг охирги кунлари. Кўк юзида сузиб юрган булут парчалари офтобни бир зумда юз кўйга соляпти...»

Суҳбатда олим ва драматург Иззат Султон билан боғлиқ воқеа эслатилади; «бундан неча йил ҳам муқаддам Ёзувчилар боғида менга бир китобча тутқаздилар. «Яссавий тариқати ҳақида. Қирқ йил ўйлаганман, ана шунинг ҳосили. Бир ўқиб кўр-чи», дедилар» дейилади унда. Сўнг бу хусусдаги мулоҳаза давом эттирилади. Устоз Иззат Султоннинг 1994 йили «Фан» нашриётида чоп этилган «Баҳовуддин Нақшбанд абадияти» китобчаси – Нақшбандия тариқатининг замонавий аҳамияти ҳақидаги жажжи тадқиқоти борлигини биламиз, ўқиганмиз. Устоз бу китобчасини менга ҳам дастхат ёзиб туҳфа қилганлар. Аммо Яссавий тариқати тўғрисида китобчаси борлигини Шукурдан бошқа ҳеч ким кўрган, ўқиган эмас... Бунақа мисолларни яна давом эттиравериш мумкин.

Азизим Шукуржон, Сиз билан биз шундай ёшга етдикки, эндиликда хотирага кўпам ишониб бўлмайди. Ўзгалар, айниқса ёшлар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолмаслик учун қоғозга туширилган мақола, суҳбатларни таҳририятга тақдим этишдан олдин улардаги ном ва маълумотларни ёнгинамизда турган китоб жавонларидаги манбаларга бир қур солиштириб олсак зарар қилмас, деган фикрдаман.

Эргаш ОЧИЛОВ: --Адабиётшуносликнинг ўрганиш объекти биринчи навбатда адабий асарнинг бадиияти эканлиги сир эмас. Лекин совет даврида мавзунинг долзарблигию асарнинг ғоявийлиги бирламчи омил ҳисоблангани маълум. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш тамойил устунлик қилмаяптими, яъни илгари улуғланган қадриятлар, ғоялар, мавзуларни қоралаш майли етакчилик қилиб, бадиият масалалари аввалгидай бугун ҳам кун тартибидан тушиб қолмаяптими?

Умарали НОРМАТОВ: - Сиз айтган иллатга мубтало адабиётшунос, мунаққидлар бор, албатта. Танқидчиликнинг умумий даражаси шундайки, етакчи адабиётшунослар учун мазмун-шакл, ғоя-бадиият ажралмас ялакат мағиздир.

Эргаш ОЧИЛОВ: -  Адабиёт ва сиёсат масаласи ҳамиша баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади – бир гуруҳ адабиёт сиёсатга хизмат қилиши керак, деган нуқтаи назарни ҳимоя қилса, иккинчиси, аксинча, сиёсатнинг адабиётга аралашмаслиги тарафдори. Жамиятда яшаб туриб, ундан ташқарида туриб бўлмаганидек, ҳар бир даврнинг сиёсати, мафкураси жамият ҳаётининг барча соҳалари каби адабиётга ҳам таъсир ўтказиши, ўз навбатида, барча бошқа соҳалар сингари адбиёт ҳам қандайдир маънода сиёсатга хизмат қилмаслиги мумкин эмас. Бинобарин, адабиёт ва сиёсат, адабиёт ва жамият муносабати борасидаги фикрларингизни ҳам эшитиш қизиқарли.

Умарали НОРМАТОВ: - Чинакам санъат намунаси шундай бир ноёб  ёмбики, унда ёруғ дунёнинг барча ранглари, товланишлари мужассам. «Ўткан кунлар»ни эсланг – унда ишқий, интим кечинмалар, оилавий можаролар, тўй, аза, дала сайри, давралардаги жўнгина гурунглардан тортиб бутун бир юрт, миллат қайғуси, ижтимоий-сиёсий масалалар – барча-барчаси бор. Буларнинг ҳаммаси юксак санъат даражасига кўтариб тасвирланган, бадиий таҳлил этилган. Чўлпон эса улкан ижтимоий-сиёсий масалаларни ўзининг шахсий дарди тарзида юксак санъат мулкига айлантира олган. Бу анъанани муносиб давом эттираётган шоиру носирларимиз кўп. Афсус, бу ишни эплолмаётганлар ҳам бор. Ҳаммаси истеъдодга, маҳоратга боғлиқ.

Эргаш ОЧИЛОВ: Маълумки, адабиётнинг таъсир кучини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Абдулла Қаҳҳор бежиз: «Адабиёт атомдан кучли...», - демаган. Адабиёт ҳамиша кишиларни улуғвор ишларга руҳлантириб, мақсад йўлида, керак бўлса, ҳатто жон беришга даъват қилиб келган. Чунки ана шундай қаҳрамонларсиз, фидойиларсиз жамият олға силжимайди. Янги давр адабиёти, хусусан, кўнгил шеърияти, қалб кечинмаларини тадқиқ этишга йўналтирилган асарлар кишиларни буюк ишлар сари руҳлантириш ўрнига, ўз ички оламига чекиниб яшашага даъват қилмаяптимикан? Шубҳасиз, инсоннинг қалб кечинмалари, руҳий эврилишларини тасвирлаб берадиган асарлар керак. Айни пайтда, адабиётнинг ижтимоий вазифасини ҳам унутмаслигимиз керакка ўхшайди.

Адабиёт ҳамиша ўз даврининг етилган муаммоларини дадил кўтариб чиқиб, уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатишга интилган. Айтайлик, Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида Шарқ халқлари учун азалдан муҳим муаммо бўлган сув масаласи бежиз қўйилмаган. Ёки «Сабъаи сайёр» достонидаги Баҳром образини олайлик: унинг илгариги шавкатию кейинги таназзулини кўрсатиш орқали буюк шоир Ҳусайн Бойқарога таъсир ўтказмоқчи, унинг кўзини очмоқчи бўлган. Ҳа, адабиёт бирор-бир замонда давр муаммоларидан четда туролмайди. Ҳар бир даврнинг эса ўз муаммолари, ўз қаҳрамонлари бўлади. Мустақиллик даври ҳам бундан мустасно эмас. Лекин бу тарихий давр ўзининг бутун мураккабликлари билан адабиётда ўз аксини топаётгани йўқ. Замонамиз қаҳрамонини яратиш тўғрисидаги фикрлар беҳуда пайдо бўлмаяпти. Чунки жамиятда ёшларни улуғвор ишлар, бунёдкорликлар сари руҳлантирадиган асарларга эҳтиёж катта. Тузумлар алмашиши билан ҳаёт тубдан ўзгаради, ёшлар кимдан ибрат олишни, кимга эргашишни билмай қоладилар. Шунинг учун улар ўзларига тўғри йўл танлашга ёрдам берадиган қаҳрамонларга муҳтож. Ёзувчиларимизда эса «халқимизни шу замоннинг «Тоҳир Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод ва Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан таништириш» мажбурияти (А.Қодирий)ни ҳис қилиш суст кечаяпти. Бу талабни мафкуравий қолипда ёки ура-урачилик руҳидаги асарлар яратишга ундаш эмас, балки оддий ҳаётий эҳтиёж сифатида тушунишингизни таъкидлаб ўтмоқчи эдим.

Инсон ҳаётининг маъноси моддий эмас, балки маънавий бойликлар билан ўлчанишини ҳаёт ҳақиқати асосида бадиий образлар воситасида кишилар онгига сингдириш керак. Бунга тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам мисоллар кўп. Эл-юрт учун жонини фидо қиладиган, халқнинг оғирини елкасига оладиган фидойи қаҳрамонлар образи бугунги кунда яратилмаяпти ҳисоб, яратилганлари эса ғоявий-бадиий жиҳатдан юқори савияда эмас. Ҳозир «айни вақтида яратилган» асарлар, «замонамиз қаҳрамони» образи етишмаяпти. Бизга бугунги кунда кишиларга ибрат бўладиган, одамларни ўз ортидан эргаштирадиган қаҳрамонлар жуда-жуда зарур. Нуқул «мозийга қайтиб» иш кўраётган (А.Қодирий), тарих билан ўралашиб қолган адабиётимиз ҳозирги кун ва келажакни унутгандай ва бу нарса ўқувчиларда акс таъсир кўрсатаяпти.

Умарали НОРМАТОВ: - «Кўнгил шеърияти, қалб кечинмаларини тадқиқ этишга йўналтирилган асарлар кишиларни буюк ишлар сари руҳлантириш ўрнига, ўз ички оламига чекиниб яшашга даъват қилмаяптимикан?» деб ҳавотир олаётирсиз. Йўқ, кўнгил шеърияти, менимча, кўнгилни поклайдиган, ўзликни, шунингдек ўзгани, ўзгалар дилини, дардини, қолаверса, оламни нафосат туйғусига чулғанган ҳолда нозик ва теран англашга, ҳис этишга йўналтирилган шеъриятдир. Кўнгилни покламай, ўзликни англамай, оламнинг сир-синоатини идрок этмай туриб буюк ишлар сари чинакам рағбат бўлишига асло ишонмайман. 

«Эл-юрт учун жонини фидо қиладиган, халқнинг оғирини елкасига оладиган фидойи қаҳрамонлар образи бугунги кунда яратилмаяпти», «Бизга бугунги кунда кишиларга ибрат бўладиган, одамларни ўз ортидан эргаштирадиган қаҳрамонлар жуда-жуда зарур» дейсиз. Бу қутлуғ йўлда ҳам муайян ютуқлар борлигини эътироф этишимиз даркор. «Хотирам синиқлари» достони қаҳрамони – ўзининг узоқ йиллик мураккаб ҳаёт йўлини шафқатсизларча тафтиш этиб, Аллоҳ олдида асл дил розларини тўкиб солган, истиқлол ғояларига содиқ, ўзи поку дили пок фидойи мардона шахс замондошларимиз учун ибрат эмасми?! «Бозор» романидаги Фозилбек, Қадрия, «Мувозанат»даги Юсуф, «Исён ва итоат»даги Табиб қисмати ва руҳиятидаги жамики ожиз, зиддиятли жиҳатларга қарамай, айни эл-юрт манфаати учун жонини тиккан, халқнинг оғирини елкасига оладиган фидойилар-ку ахир!..

Эҳтимол, бу тур адабий қаҳрамонлар ҳозирча ҳар жиҳатдан баркамол, одамларни ўз ортидан эргаштириб кетадиган даражасида эмасдир. Бироқ шу хил фидойи гўзал шахслар образининг бугунги адабиётимизда пайдо бўлаётганлигининг ўзи қувончли ҳодиса. Асқад ака айтганларидай, «Каттасини куту кичигидан қолма, Кичик мўъжизалар ҳар куни керак».

 

 

 

 

 

 


 

 

МЕҲР, ҲАЙРАТ ВА ҲАЯЖОН

(Сўнггисўз ўрнида)

 

Адабиёт-туйғулар олами. Бадиий асарни тушуниш, ҳис этиш учун унга меҳр-муҳаббат лозим. Ҳис этилган чинакам бадиият мўъжизаларидан ҳайратланиш ва ҳаяжонга тушиш ҳам қалб-кўнгил ишидир. Адабиётшунос олимда муайян назарий илмлар билан бир қаторда айни сифатларнинг мужассам топиши нур устига нур.

Адабиётимиз жонкуяри, Миллий университетимиз, факультетимиз фахри профессор Умарали Норматовни ўйлаганимда, энг аввало, меҳр, ҳайрат ва ҳаяжон сўзлари-тушунчаларининг моҳияти хаёлга келади. Инсон зоти борлиққа, турмушга, оилага, фарзандга, шогирдга ва шу жумладан, ўз касбига меҳр туйғуси орқали мустаҳкам боғланган бўлади. Энг яхши асарлар меҳр-муҳаббат маҳсули; энг яхши шогирдлар меҳрибонлик меваси; энг яхши мураббий, талабаларга заррача ёмонлик соғинмайдиган меҳрли муаллимдир. Мен ўн йиллардан бери яқиндан таниб билганим, бир жамоада ёнма-ён ишлаётаним-фахр билан айтиш мумкинки, республикада мунаққид сифатида ном қозонган Умарали Норматов энг меҳрли мураббий, меҳрибон устоз ва беғубор бир инсондир. Домланинг ўз шогирдлари билан худди ота-боладек дилдан суҳбатлашаётганига, бўлажак филолог мутахассис, бўлажак олим тақдирига куйиниб маслаҳатлар бераётганига, кўнглига жуда яқин шогирдларининг матбуотдаги қандайдир мақоласини ёки диссертацияси ҳимояларини кўриб, ёш боладек ич-ичидан суюнганига жуда кўп гувоҳ бўлганман.

Умарали Норматов адабиётчи учун муҳим энг муҳим фазилат – бадиий сўз таъсиридан ҳаяжонланишдек улуғ неъматдан умр бўйи баҳра олиш бахтига муяссар бўлган олимдир. Домлада қандайдир янги, яхши асар таъсиридаги ҳайратни ҳаяжон билан ифодалаш, унинг жозибасини, сеҳрини бошқалар қалбига ҳам кўчириш маҳорати бор. Энг муҳими, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бу ҳайрат ва ҳаяжон неъмати, шукрким, домламизда ҳали ҳам сўнган эмас.

Китоб ўқиш-машаққатли иш. Кунлик газеталарда, ойлик журналларда пайдар-пай, ўнг-сўлига қарамай босилиб турган “бадиий асар” намуналарини ўқиш ва улар хусусида икки оғиз эътиборли, жўяли бир фикр айтиш янада қийин, янада машаққатлироқдир. Зотан, Умарали Норматов ва у киши мансуб авлод мунаққидлари бир неча ўн йил мобайнида бу заҳматли ишнинг уддасидан чиқди. Адабий танқид адабий жараённинг жуда фаол соҳасига айланди. Бу авлод олимларидан баъзилари ҳозирда адабий жараёндаги мураккабликлар туфайлими ёки шахсий-табиий имкониятлари боисми бир оз сукутга толдилар. Аммо Умарали Норматов ҳали шу кунга қадар катта-кичик ижодкорларнинг асарларини ўқиб, давр билан ҳамқадам адабиётимизда зуҳур этган янгича тамойиллар, эскирган қарашларни янгилаш борасида баҳоли қудрат ўзининг холис фикрларини айтмоқда. Менинг назаримда, бу ҳам олимнинг адабиётга меҳри, сўз қудратидан ҳайратланиш, ҳаяжонга тўлиқ борлиғини билдиришга бўлган эҳтиёж ҳосиласидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ХХ аср талотўплар, ур-сурлар, шовқин-суронлар, турғунлик ва сокинатлар билан тўла бўлди. Ҳар соҳада. Адабиётдаги бу жараёнларга ҳамқадам бўлган олимларимиз “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” китобини таълиф этдилар. Муаллифлар орасида Умарали Норматов ҳам бор. Шунингдек, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон сингари кўпгина ижодкорларга холис илмий муносабат бошланган бир даврда Умарали Норматов уларнинг замондоши, маслакдоши, улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг маънавияти бўстонида кезинди ва “Қодирий боғи” деган яхши бир китобини ёзди. Олимнинг табиатидаги, асарлари моҳиятидаги ҳайрат китоб сарлавҳасига ҳам қалқиб чиқди. “Ўткан кунлар” ҳайрати” майдонга келди.

У.Норматов доимий изланишлардан, тафаккур қилишдан,  фикрлашдан ва айниқса, ёзишдан ҳаловат топадиган, янгича қарашларга эҳтиром билан қарайдиган ва айни чоқда, ўз қарашларини қатъиятлик билан ҳимоя қиладиган бир инсондир. Устознинг “Тафаккур ёғдуси” номли навбатдаги янги китобида ҳам ўша ўзига хослик, шунингдек, воқеликка холис бир муносабат, адабиётимизнинг эртаси учун қайғуриш каби хусусиятлар яққол кўзга ташланиб туради.

Албатта, минг бир истиҳола билан ёзаётган мазкур мўъжаз сўнггисўзда Умарали Норматовнинг ижодий фаолиятига, инсоний фазилатларига оид барча хусусиятларни қамраб олишга имкон йўқ...

Муҳими, сермаҳсул олимимиз Умарали Норматов янгидан-янги асарлар ёзиб, адабиёт муҳибларининг ҳукмига ҳавола қилмоқда. Ушбу “Тафаккур ёғдуси”дан баҳрамандлик  сиз азизларга муборак бўлсин!

 

 

Баҳодир КАРИМОВ, Филология фанлари доктори

 

 

 

 

 

 

 

МУНДАРИЖА

 

 

Янгиланиш анъанаси

Қодирий ҳақида қайдлар

Қалб драмаси ва нафосати

Ўзбек ойим ва унинг адабиётдаги издошлари

Жаҳон янги шеъриятига ҳамоҳанг тароналар

Ҳақ сўзнинг кучи

Шоира ҳаётидан уч лавҳа

Сокин кўнгил розлари

Ижод ва шижоат

«Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп»

Минг биринчи тепадаги гурунглар

Тафаккур ёғдуси

Танқид, мунаққид ва ҳозирги адабий жараён

Б.Каримов. Меҳр, ҳайрат ва ҳаяжон (Сўнггисўз ўрнида)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


 

· Озод Шарафиддинов. Абдулла +ащщор. Т. 1988, 194-195-бетлар.

·· Ызбек совет адабиёти тарихи. III том, 1-китоб, Т., Фан, 1972, 84-бет.

· Озод Шарафиддинов. Абдулла +ащщор. Т., 1988, 193-бет.

· Саид Ащмад. Киприкда =олган тонг. Т., «Шар=», 2003, 311-бет.

· Ызбек модерн шеърияти. - Т., «Янги аср авлоди», 2003.

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz